8.5. Давлатнинг иқтисодий фаолияти ва инвестиция лойиҳалари Лойиҳа таҳлилининг турли бўлимлари доирасидаги тадқиқотлар лойиҳанинг ўзаро келишиб олинган вазифаларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилиши лозим. Кўпинча бу вазифалар, ҳудуддаги маҳаллий шароитлар лойиҳани амалга оширишга кўрсатадиган таъсирни ҳисобга олган ҳолда алоҳида секторларни ривожлантириш дастурларини акс эттиради. Бундан ташқари бу вазифалар характерига турли тадбирларни ўтказишни кимга (давлат ёки хусусий секторга) топшириш тўғрисида жамиятнинг хоҳиш-иродаси ва давлат лойиҳалари олдига қўйилган мақсадлар бўйича ижтимоий гуруҳларнинг ўзаро келишувга эришишига ёрдам берувчи жараёнлар ҳам таъсир кўрсатади.
Тўпланган тажриба шуни кўрсатадики, давлатнинг фаоллилиги кўламларини қисқартириш ҳамда давлат дастурларини хусусий иқтисодий фаолият учун қулай сиёсий шароитлар яратишга йўналтириш фойдалироқ бўлар экан. Бозор иқтисодиётига эга давлатларда ҳам ушбу ҳолатни кузатиш мумкин. Шунингдек, МДҲ давлатларда ҳам сиёсатчилар ва иқтисодчилар давлатнинг нафақат бевосита давлат корхоналари фаолиятидаги ролига, шу билан бирга давлат анъанавий иштирок этиб келган инфратузилма ва ижтимоий хизматлар соҳасидаги ролига ҳам иккиланиш (шубҳа) билан қарашади.
Хусусий секторнинг бу соҳаларда иштирок этиш учун интилишига бош сабаб менежерлар шахсан жавобгар бўлган шароитда объектлар фаолияти самарадорлигини ошириш имконияти мавжудлиги ҳисобланади. Хусусий инвесторлар маиший хизматларга муваффақиятли жалб қилинган ҳолларда молиявий ресурсларга эга бўлиш имкониятлари кенгайишидан ҳам маълум маънода манфаатдорлик келиб чиқади.
Пухта ўйланган макроиқтисодий сиёсат юритаётган мамлакатларда инвестицияланган капиталлардан келадиган даромад анча юқори. Иқтисодиётдаги хатоликлар нисбатан катта бўлмаган мамлакатларда инвестициялардан келадиган самара 10 фоиздан анча ортиқ ва 20 фоизгача ҳамда ундан ҳам кўпроққа етади. Нотўғри макроиқтисодий сиёсат юритаётган мамлакатларда инвестициялардан келадиган самара бор-йўғи 10 фоизга етади ва кўпинча ундан ҳам паст бўлади.
Макроиқтисодий сиёсатни тўғри ва нотўғри олиб бораётган ҳар иккала гуруҳ давлатларида ҳам хусусий, ҳам давлат инвестицияларидан олинадиган фойда жами инвестицияларнинг миллий ҳажмидаги давлат инвестициялари улушига мутаносиб тарзда ўзгаради. Давлат инвестициялари улуши паст бўлган шароитда инвестиция самараси юқори бўлиши, бу улуш 40 фоизгача ва ундан юқори бўлса кескин пасайиб кетиши кузатилади.
Кузатилган бу икки қонуният ҳам давлат фаолиятини ўзгартириш яъни макроиқтисодий хатоликларни қисқартириш ва иқтисодий фаолиятда давлат ролини пасайтириш мақсадга мувофиқ эканлигини кўрсатади. Бир вақтнинг ўзида хусусий секторнинг макроиқтисодий сиёсат мақсадларини белгилашда ҳамда лойиҳаларда иштироки кенгайтирилгандагина бундай ўзгаришлардан ютуққа эришиш мумкин.
Давлат лойиҳаларини танлашда ҳал қилувчи овозга эга бўлган тақдирда ҳам, хусусий инвестицияларни автоматик тарзда сиқиб чиқармаслиги лозим.
Хусусий капитал иштироки учун шароитларни яхшилаш зарурати лойиҳаларни ким амалга ошириши кераклиги ҳамда хусусий капитал иштироки кўзда тутилган лойиҳаларни ким ишлаб чиқиши кераклиги тўғрисида сўров ўтказишни, шунингдек, мавжуд давлат тузилмалари ва сиёсати иқтисодиётнинг янги секторларга хусусий капитални киритишга қай даражада ёрдам бериши ёки тўсқинлик қилишини кўриб чиқиш зарур.
Лойиҳа мақсади, таҳлил чизмаси ва режалаштириш барча манфаатдор томонларнинг ҳамкорлиги жараёнида мунтазам мувофиқлаштириб борилсагина, давлат ихтиёрида қолган лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилиши мумкин. Бу манфаатдор томонлар жумласига лойиҳа туфайли зарар кўрувчилар ҳам, фойда олувчилар ҳам, лойиҳани амалга ошириш ва эксплуатация қилиш учун масъул бўлган ташкилот ходимлари ҳам, шунингдек, давлат бошқарув идоралари, сиёсатчилар ҳамда молиячилар ҳам киради.
Лойиҳа вазифалари ва кўламини белгилаш учун ҳамда лойиҳани тайёрлашда, бошқаришда, ишлаб чиқариш графигини ўрнатишда турли гуруҳларнинг ролини ва масъулиятини аниқлаш учун бу гуруҳлар иштирокида (ҳамкорлигида) режалар ишлаб чиқиш жараёнидан тобора кўп фойдаланилмоқда. Лойиҳа таҳлилининг етти бўлими лойиҳанинг барча жиҳатларини ҳар томонлама баҳолаш имконини беради. Бунга, шубҳасиз, лойиҳа таҳлили жараёнида ҳамкорлик қилаётган гуруҳлар таркиби ҳам таъсир кўрсатади.
Лойиҳаларни режалаштиришга бундай ёндашув икки томонлама устунликка эга. Биринчидан, лойиҳаларни ҳамкорликда режалаштириш ўзаро келишувга эришишга ёрдам беради ҳамда иштирокчиларни лойиҳа мақсадлари ва вазифаларига тарафдорликларини таъминлайди. Тажриба шуни кўрсатадики, бундай режалаштирилган лойиҳа муваффақиятли ва яшовчан бўлади.
Иккинчидан, турлича манфаатларга эга бўлган иштирокчиларнинг жалб қилиниши экспертлар гуруҳлари ўртасида лойиҳа харажатлари ва натижаларининг нисбий қиймати тўғрисидаги тортишувларга нисбатан самаралироқдир.
Иқтисодиётни ривожлантиришнинг турли лойиҳалари шундай натижаларга олиб келадики, уларни объектив баҳолаб бўлмайди. Агар режалаштириш жараёнига манфаатдор томонлар, керак бўлса, маҳаллий аҳоли ва халқаро жамият жалб этилса, илгари ечилиши гумон бўлган муаммоларни ечиш учун ҳам имкон топилиши мумкин.