1.4. Инвестицияларни классификациялаш
Инвестициялар турли шаклларда амалга оширилади ва уларни таҳлил қилиш, режалаштириш учун алоҳида хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда гуруҳлаштирилади.
Биринчидан, қўйилиш объектига қараб инвестициялар реал ва молиявий шаклларга ажратилади.
Реал инвестициялар (капитал қўйилмалар) – пул маблағларини корхонанинг моддий ва номоддий активларига сарфланишидан иборат.
Моддий инвестициялар асосий капиталнинг элементларини сотиб олиш билан боғлиқ бўлиб, кўпчилик ҳолларда инвестицион лойиҳалар доирасида амалга оширилади. Шунинг учун шахсий маблағлар билан бирга қарзга олинган маблағлар ҳам фойдаланилиши мумкин. қарзга маблағ олинган ҳолда инвестор ролини аниқ лойиҳаларга кредит маблағлари ажратаётган банк бажаради. Номоддий (потенциал) инвестициялар номоддий бойликлар яратилаётганда амалга оширилиб, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини (НИОКР) амалга ошириш, янги маҳсулотларнинг намуналарини яратишга сарфларни мужассамлаштиради.
Фан-техника тараққиётини тезлашуви билан интеллектуал салоҳият ишлаб чиқаришни энг кучли омилига айланди, унинг жиддий унсури бўлиб қолди. XX аср бошларида фан ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш учун сарфланадиган қўйилмалар ошиб боради. Шунинг учун ҳам жаҳонда реал инвестициялар таркибида илмий изланишлар, фан, таълим, кадрлар тайёрлаш учун сарфланадиган харажатлар ўсиб бормоқда. Масалан, АқШ, Япония ва бошқа ривожланган мамлакатларда фан ва илмий изланишга сарфланадиган қўйилмалар ўсиш суръатлари асосий фондларга сарфланадиган инвестициялардан устундир. Жаҳон бозорига кириб бориш, кенг кўламда маркетингни ривожлантириш, батафсил ахборотга эга бўлиш, юқори даражадаги компьютер тизимларини ташкил этишни, юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва мазкур соҳада дунёдаги ривожланган давлатлар даражасига эришишни талаб этади. Шунинг учун ҳам жадал суръатлар билан ривожланиш реал инвестициялар таркибида фан, техника, таълим, кадрларни қайта тайёрлаш учун сарфланадиган реал инвестициялар асосий ўринлардан бирини эгаллаши зарур.
Асосий фондларга сарфланган реал инвестициялар мақсади сарфланиш йўналишлари ва бошқа кўрсаткичларга кўра ҳудудлараро, тармоқлараро, технологик, қайта ишлаб чиқариш таркибларига эга. Асосий фондларга сарфланган инвестицияларни, уларнинг актив (машиналар, асбоб-ускуналар) ва пассив (бино, иншоотлар) қисмларини ташкил этиш учун сарфланган умумий ҳаракат йиғиндисидаги улуши инвестицияларнинг технологик таркибини ташкил этади. қайта ишлаб чиқариш таркиби инвестицияларнинг қандай мақсадларга йўналтирилганлиги; янги қурилишга, ишлаб турган корхоналарни кенгайтиришга, реконструкцияга ва янги техника билан қайта қуроллантиришга жалб қилинган харажатларни умумий харажатлардаги ҳар бирининг нисбий жиҳатдан улушини кўрсатади. Инвестицияларнинг ҳудудлараро ва тармақлараро таркиби эса уларнинг нисбий жиҳатдан ҳудудлар ва тармоқлар бўйича тақсимотини билдиради.
Ривожланган мамлакатларда реал инвестицияларнинг асосий қисмини шахсий инвестициялар ташкил этади.
Давлат секторида реал инвестициялар сарфи муҳим аҳамиятга эга. Иқтисодий мувофиқлаштириш сиёсати асосида кредитлар, субсидиялар ажратилади, давлат капитал қўйилмалари мувозанатлаштирилади ва реал инвестициялар ўзлаштирилади.
Давлат томонидан ўзлаштириладиган инвестициялар. Дастлабки бозор инфратаркибини ва у билан боғлиқ бўлган тармоқларни ривожлантиришга сарфланади. Инвестициялар самарадорлигини ошириш асосий капиталнинг актив элементларини вужудга келтириш ва ўстириш ҳисобига амалга оширилади.
Реал инвестицияларни тавсифномалаш уларни ҳажми ва даромад меъёрлари асосида олиб борилади. Инвестициялар ҳажми ўзлаштириладиган қўйилмалар қийматини ифодалайди, инвестициялар миқдори эса уларнинг ҳажмини ЯММга ёки ЯИМга бўлган нисбатини ифодалайди. Инфляция юқори ва чуқурлашган даврда эса айтилган кўрсаткичларга унинг таъсири тўғридан-тўғри бўлади. Инвестиция меъёри ишлаб чиқарилган ЯИМ ёки ЯММ қанчалик капитал сиғимкорлигини, яъни қай даражада капитал харажатларини талаб қилинишини билдиради. Жамғариш самараси капитал сиғимкорлигини ўсиши коэффицентлари асосида аниқланади.
Молиявий инвестициялар капитални, тўлов ва молиявий мажбуриятларнинг барча турларини ўзида мужассамлаштирувчи, молиявий активларга жойлаштирилишини англатади. Ушбу молиявий воситаларнинг энг муҳимлари қимматли қоғозлардир: улушли (акциялар) ва қарз (облигациялар). Реал инвестициялардан фарқли ўлароқ молиявий инвестицияларни кўпроқ портфель инвестициялар деб аташади, чунки бу ҳолда инвесторнинг асосий мақсади бўлиб молиявий активларнинг мукаммал йиғмасини (инвестициялар портфелини) шакллантириш ва қимматбаҳо қоғозлар билан амалга ошириладиган турли операцияларни бошқариш ҳисобланади.
Молиявий инвестициялар шахсий компаниялар ва давлат идоралари томонидан муомалага чиқарилган акцияларга, облигацияларга ва бошқа қимматли қоғозларга ва банк депозитларига, узоқ муддатга жалб қилинадиган қўйилмалардир. Молиявий инвестицияларнинг асосий қисми, капитални ноишлаб чиқариш соҳасига сарфланишини билдиради. Молиявий инвестициялар аксарият ҳолатларда реал инвестицияларнинг манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Молиявий инвестициялар эркин бозор инфратаркиби ривожланган мамлакатларда, қимматли қоғозлар бозори орқали капитални соҳалар бўйича тақсимланишида муҳим аҳамиятга бўлган давлатларда кўпроқ тарқалган. Ривожланган мамлакатларнинг молиявий инвестицияларининг таркибида асосий ўринни шахсий инвестициялар ташкил қилади.
Шахсий инвестициялар, тадбиркорлар, хусусий фирмалар, концернлар ва акционер ташкилотлар томонидан тақиқланмаган фаолиятларга сарфланадиган мулкдорлик ва интеллектуал бойликларни англатади. Етук қимматли қоғозлар бозори мавжуд бўлган мамлакатларда шахсий инвестицияларни кўпгина қисми махсус инвестиция фондлари томонидан сарфланади. Хорижий инвестицияларнинг молиявий шакли (портфель инвестициялар) миллий иқтисодиётда истиқболли корхоналарни аниқлаш ва кенг миқёсда инвестициялашни амалга оширишга асос бўла олади.
Иккинчидан, инвестициялар қатнашиш характерига кўра бевосита ва портфель инвестициялар фарқланади. Бевосита инвестициялар инвесторни ўз молиявий маблағлағларни жойлаштириш объектини тиклаш имкониятини беради. Портфель инвестициялар тижорат банклари, инвестицион компаниялар, фондлар ва бошқалар ёрдамида амалга оширилади. Молиявий воситачилар тўпланган маблағларни самарали, даромад келтирадиган қилиб жойлаштирадилар. Портфель инвестициялар бошқа эмитентларнинг андерраттинг ёрдамида қимматли қоғозларга жойлаштириш шаклида намоён бўлади.
Учинчидан, инвестициялаш муддатига қараб инвестициялар қисқа муддатли (бир йилгача бўлган муддатга берилади), ўрта муддатли (бир йилдан беш йилга қадар муддатга берилади) ва узоқ муддатли (беш йилдан ортиқ муддатга берилади) бўлади. Масалан, оддий акциялар умуман бирор – бир муддат билан чекланмайди. Масалан, депозит сертификати олти ой муддатга берилади – бу қисқа муддатли қўйилмалар воситасидир, облигациялар 20 йилда қайтариш муддати билан узоқ муддатли қўйилмалар воситасидир. Лекин, узоқ муддатли қимматли қоғозларни сотиб олиш ва қисқа муддатдан, масалан олти ой ўтгандан сўнг, инвестор узоқ муддатли қуролни қисқа муддатли мақсадлар учун фойдаланиш мумкин. Кўпинча инвесторлар ана шундай қуролларни танлайдилар ва ўз пулларини қисқа муддатларга қўйишни ҳоҳлайдилар. Масалан, яқин олти ой мобайнида инвесторга керак бўлмайдиган суммага, у олти ойлик муддатга эга бўлган депозит сертификати сотиб олиши мумкин: қирқ ёшга тўлган инвестор пенсияга чиққунча пул йиғиш учун бирон-бир компанияни облигациясини 20 йилга сотиб олиш мумкин. Одатда узоқ муддатли инвестициялар капитал қўйилмалар шаклида намоён бўлади.
Тўртинчидан, мулк шаклларидан келиб чиқиб инвестициялар хусусий, давлат, қўшма ва хорижий шаклларга ажратилади. Хусусий инвестициялар нодавлат юридик шахсларининг ва фуқароларнинг маблағларини тадбиркорлик фаолияти объектларига қўйилишини англатади. Давлат инвестициялари давлат бюджети ва давлат корхоналарининг маблағларини жойлаштириш орқали намоён бўлади.
Бешинчидан, ҳудудий жойлаштирилиш бўйича инвестициялар ички ва ташқи инвестицияларга бўлинади.
Олтинчидан, инвестициялар таваккаллик даражаси бўйича юқори таваккалли ва паст таваккалли инвестицияларга ажратилади. Молия соҳасида таваккаллик деганда инвестицияларга мутлоқ ёхуд нисбий миқдордаги фойда кутилганидан анча кам бўлади, бошқача айтганда «таваккаллик» атамаси кутилмаган натижа олиш имкониятини англатади. қўйилма маблағларига фойдани мутлақ ёҳуд нисбий миқдорларини ёйилиши қанчалик кенг бўлса таваккаллик шунчалик катта бўлади ва аксинча. Якка инвестор энг кам таваккаллчиликка эга бўлган давлат қимматли қоғозлардан тортиб энг юқори таваккалли товарларгача бўлган қуролларни кенг танлаш имкониятига эга. Капитални жойлаштиришни ҳар бир типи тавакални таърифидир, аммо ҳар бир муайян ҳолатда таваккаллик ўша воситанинг аниқ хусусиятлари билан белгиланади. Масалан, облигацияларга қараганда акцияларга қўйилмалар юқори таваккалик билан боғлиқ эканлиги маълум, шу билан бирга йирик компаниялар акцияларига қўйилмалар киритилишига қараганда юқори таваккаллик облигацияларни топиш ҳам қийин эмас. Албатта, таваккаллик кўп ҳолларда эмитентнинг, воситачининг ёки муайян молиявий воситаларни сотувчисини софдиллигига боғлиқ. Паст таваккаллик инвестициялар муайян даромад олишни хавфсиз воситаси ҳисобланади. Аксинча, юқори таваккалли инвестициялар чайқовчилик ҳисобланади. Инвестициялаш ва чайқовчилик атамалари инвестициялашга икки турлича ёндашувни англатади. Айтиб ўтилгандек, инвестициялаш деганда қиймати барқарор турадиган ва нафақат даромадни ижобий миқдорини олиш, балки олдиндан даромадни айтиш мумкин бўлган қимматли қоғозлар ва бошқа активларни сотиб олиш жараёни тушинилади. Чайқовчилик шундай активлар билан операцияларни амалга оширишдан иборат бўлиб, фақат уларни бўлажак қиймати ва кутилаётган даромад даражаси ишончли бўлмаган ҳолатдир. Албатта, таваккалчиликни юқори даражасида чайқовчиликдан юқори даромад олиш мумкин.
Инвестиция фаолиятини амалга оширувчилар қуйидаги белгилари бўйича таснифланади.
жорий фаолиятнинг йўналишлари бўйича институционал ва индивидуал инвесторлар. Институционал инвесторлар ролида саноат, савдо, транспорт, алоқа ва бошқа соҳалардаги акционер жамиятлар намоён булсалар, индивидуал инвесторлар ролида эса фуқаролар намоён бўлади. инвестициялаш мақсадлари бўйича стратегик ва бевосита инвесторлар ўз олдига компанияларни бошқариш ҳуқуқини олишни мақсад қилиб қўядилар. Буни улар бошқа компаниялар акцияларининг контроль пакетини сотиб олиш ёки уларнинг устав капиталининн катта қисмини эгаллаш орқали амалга оширадилар. Улар яна компанияларнинг қўшилиб ва банкрот бўлиб кетишларини амалга оширадилар. Портфель инвесторлар дивиденд ва фоиз шаклида даромад олиш мақсадида ўз капиталини турли молиявий воситаларга жойлаштирадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |