Курс ишининг предмети. Мактабгача катта ёш гуруҳ фан ва табиат ривожлантириш марказида болаларни жонсиз табиат билан таништириш жараёнининг имкониятлари ва йўллари.
Курс ишининг мақсади. Ушбу тадқиқот ишининг мақсади, мактабгача катта ёш гуруҳ фан ва табиат ривожлантириш марказида болаларни жонсиз табиат билан таништириш назарий ва амалий жиҳатдан ўрганишдан иборат.
Курс ишининг вазифалари.
Мактабгача катта ёш гуруҳ “фан ва табиат” ривожлантириш марказида болаларни жонсиз табиат билан таништириш назарий ва амалий асосларини таҳлил қилиш.
Мактабгача катта ёш гуруҳ “фан ва табиат” ривожлантириш марказида болаларни жонсиз табиат билан таништириш усуллари , воситалари, шаклларини таҳлил қилиш.
Мактабгача катта ёш гуруҳ “фан ва табиат” ривожлантириш марказида болаларни жонсиз табиат билан таништиришга ёрдам берадиган ташкилий-педагогик шароитларни ўрганиш.
Мактабгача катта ёш гуруҳ “фан ва табиат” ривожлантириш марказида болаларни жонсиз табиат билан таништириш технологиясини такомиллаштириш.
I БОБ. РИВОЖЛАНТИРУВЧИ МУҲИТНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИНГ НАЗАРИЙ ВА АМАЛИЙ АСОСЛАРИ
1.1.Мактабгача таълим ташкилотида ривожлантирувчи педагогик муҳитнинг маълум тамойиллари
Мактабгача таълим ташкилотида ривожлантирувчи педагогик муҳит маълум тамойиллар асосида ташкил этилади. Улар жумласига қуйидагилар киритилади:
Танлаш эркинлиги. Таълим ташкилотларида болаларнинг мустақил фаолиятлари режалаштирилмайди, у боланинг иродасига, қизиқишига ва кайфиятига боғлиқ бўлади. Ташкил этилган фаоллик марказларида болалар эркин ҳолда ўзи хоҳлаган марказда фаолият юритиши, шу марказда ўзи хоҳлаганича ишлаши мумкин.
Универсаллик, ўзгарувчанлик. Фаоллик марказларининг лойиҳа асосида ташкил этилиши бир марказдаги жиҳоздан бошқа марказларда ҳам фойдаланишга имкон яратади. Бу эса ривожлантирувчи педагогик муҳитнинг универсаллигини таъминлайди. Бундан ташқари тарбиячи марказларни болаларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда индивидуаллаштириши, вақти-вақти билан ундаги жиҳозларни алмаштириб туриши зарур.
Тизимлилик, мувофиқлик. Мактабгача таълим ташкилотида ривожлантирувчи педагогик муҳит маълум тизим асосида, тарбияланувчининг умумий тараққиётига, ижодий тафаккурига, мустақиллигига таъсир кўрсатувчи шарт-шароитларга мувофиқ тарзда шакллантирилади.
Қизиқарлилиги. Ривожлантирувчи педагогик муҳитнинг энг муҳим жиҳати фаоллик марказларида жойлаштирилган жиҳозлар ва уларда олиб бориладиган фаолиятларнинг болалар учун қизиқарлилигидир. Қизиқарли ва мақсадга мувофиқ равишда тўғри ташкил этилган ривожлантирувчи педагогик муҳит бола шахсининг ҳар томонлама етук бўлишига ёрдам бериш билан бирга, уларда мустақиллик, мақсадга интилувчанлик, ишни тўғри режалаштира олиш қобилиятларини ривожлантиради. Мактабгача таълим ташкилотси болалар учун қувонч, шодлик тарақатувчи маскан бўлиши лозим. Кичкинтойлар бу ерга ҳатто дам олиш кунлари ҳам келишга интилиши лозим. М.Монтессори педагогикаси асосида яратилган муҳит бунга мисол бўла олади. Яхши яратилга бундай психологик муҳитда бола ўзини ўз уйидек тутади., мустақиллик ва барча муаммолардан ҳоли бўлади. Ташкилотда жазога йўл қўйиш мумкин эмас. Бу ерда асосий нарса- бу болаларнинг ўз ютуқларидир. МТМда болалар яратилган қулайлик натижасида болалар соғлом фаолият юритадилар. Имкон қадар ҳар бир гуруҳда М.Монтессори педагогикаси асосида болалар учун ижодий ривожлантирувчи муҳит яратилиши лозим. Бундай муҳитда кундалик иш фаолияти давомида болалар ўзларини эркин тутишлари, бир-бирига нисбатан ҳурмат, муҳаббат, ўзаро ёрдам бериш каби инсонпарварлик туйғуларини шакллантирувчи фикрлар воситасида ҳаётий фаолликка эришадилар ва ўз қизиқишлари асосида тараққий этиб борадилар. Иш фаолияти давомида турли тажрибадан ўтказилган муаллифлик услубларини ва технологияларни қўллаш мумкин. Болаларни тараққий этишига ёрдам берадиган, уларни ўйлашга, ижод қилишга ёрдам берадиган барча ноёб нарсалардан фойдаланилади. Раҳбарларнинг асосий вазифаси-болалар учун қулай шароит яратиб беришдир. Гуруҳларда турли ёшдаги болалар болалар тарбияланишади. Бу болаларнинг имкониятлари турлича, мижозлари турлича, уларнинг орасида «алоҳида болалар» ҳам бўлиши мумкин. Катталар ва болалар ўртасидаги ўзаро муносабатлар оиладаги муносабатларга ўхшаши: катталар кичикларга ёрдам бериши, тажриба алмашиши, кичиклар катталардан ўрганиши лозим. Нима билан шуғулланишни эса муҳитнинг ўзи ёрдам беради. Бу муҳит болаларда у ёки бу мустақил фаолият билан шуғулланишни, турли-туман таълимий ўйинлар ва М.Монтессори жиҳозларини танлаш имкониятини яратади. Бола ўзини ўраб турган атроф- оламни таҳлил қилади ва унинг атрофида уларни ўрганиш учун: мунчоқлар, банкачалар, жадваллар, хумчалар ва патнислар каби турли туман нарсалардан фойдаланади.
Ҳар бир бола эркин ҳолда кўнгли хоҳлаган нарсаларни танлаши, улар билан хоҳлаганича ишлаши мумкин. М. Монтессори услубига кўра ижодий ривожлантирувчи муҳит: махсус жиҳозланган хона, шаклланган болалар гуруҳи, ривожлантирувчи жиҳозлар, малакали тарбиячидан иборат. Ҳар бир бурчак-мини- муҳитни жиҳозлашда унинг ҳар бир майда- чуйдаси ҳам ўйлаб чиқилиши ва у боланинг ҳар тарафлама тараққий этишига таъсир кўрсатиши лозим.
Ҳар бир хонанинг майдони шартли равишда қуйидаги мини-муҳитга ажратиш мумкин. Улар:
- амалиётда тажриба ўтказиш мини-муҳити;
- сенсор ривожланиш мини-муҳити;
- нутқ ўстириш, савод ва ўқишга тайёрлаш ва ўргатиш мини- муҳити;
- математика мини-муҳити;
- саҳналаштириш мини-муҳити;
- ўйнаш мини-муҳити;
- ижодий устахона мини-муҳити ва бошқалар.
Ҳамма жиҳозлар боланинг ёшига мос ва олишига қулай ва очиқ жойда, патнисларда жойлашган бўлиши, бола уни осонликча кўра олиш ва унда қизиқиш уйғотган нарсани танлаб олиш имкониятига эга бўлиши лозим. Агар у бирорта нарсани биринчи марта олаётган бўлса, бу нарса билан тажриба ўтказиб кўриши ёки катталарга ёрдам сўраб мурожаат қилиши, бу нима ва қандай қилиб бу нарса ёки жиҳоз билан нималар қилиш мумкинлигини билиб олиши имкониятига эга бўлсин. Стол ва стуллар ҳар бир боланинг ёшига мос танланади.
Шуни таъкидлаш лозимки, болаларнинг ўзлари ташкилий ишларнинг қатнашчилари бўлиши ва хонани жиҳозлашлари мумкин. Улар хатто мебелларнинг ўз хоҳишларича жойини ўзгартиришлари мумкин. Бугун столлар «юлдузча» шаклида жойлаштирилган бўлса, эртасига айлана шаклида жойлаштириш мумкин. Киришдаги деворлар болаларнинг ўзларининг ишлари билан жиҳозланиши- имкон қадар болалар ўзларининг ишларини ўзлари қилишлари лозим. Мебелларнинг жойлаштирилиши болага алоҳида ўйнашга ва мустақил ишлаши учун қулай бўлиши лозим. Ҳар бир боланинг ўзининг алоҳида гиламчаси мавжуд бўлиб (шахсий масофа модели) ва унга боланинг рухсати билангина бошқа бола жойлашиши мумкин. М.Монтессори педагогикаси ижодий фикрнинг жамланишини тезлаштиради ва маънавий чарчоқ даврида унга ёрдам беради. Биз томондан яратилган ривожлантирувчи муҳитнинг ажралиб турадиган томони-бу унинг эстетик жиҳатидан талабга жавоб беришидир. Биз имкон қадар болалар учун мўлжалланган жиҳозлар ёрқин, табиий рангларда бўлиши, бу жиҳозлар ёшликдан болада чиройли нарсаларга муҳаббат уйғотиши, бадиий дидларини тараққий эттириб бориши лозим. Чирой кўркамликда эмас, балки ранг ва тасвирларнинг уйғунлигида, тартибликда ва тўғри жойлаштира билишдадир. Атрофимизда яратилган барча шарт- шароит – хонани жиҳозлашдан тортиб то тарбиячининг ташқи кўринишигача – болани тарбиялайди.
Амалиётда тажриба ўтказиш мини-муҳитида мебелларни ювиш учун лозим бўладиган жиҳозлар: идиш- товоқлар, ўсимликлар, гуллар тўплами ва бошқа жиҳозлар мавжуд бўлиши лозим. Бу муҳитда бола ўзи тўғрисида, атрофидаги одамлар тўғрисида, ўзи яшаётган, ўйнаётган нарсалар тўғрисида ўйлашга ўрганади. Тажриба шуни кўрсатадики, бу тажрибалар болаларга қувонч бағишлабгина қолмасдан, балки уларнинг малака ва қобилиятларини тараққий эттиради-шунингдек математик тасаввурларни кенгайтиради, изланувчанлик ва нутқий малакаларини ҳам оширади. Сув билан, шунингдек бошқа жиҳозлар билан ўйнар экан болалар ҳажм, саноқ, сон ва бошқа тушунчалар билан танишади. Мустақилликка, тартиблиликка, катталарга ёнбосмасликка, нарсаларга эҳтиётлилик билан муносабатда бўлишга, бу нарсалар билан ўзи турган жойни жиҳозлашга ўрганади. Бу мини муҳит учун бир қатор машқларни ўйлаб топиш, шунинг билан болага ўз- ўзига хизмат қилиш даврида чаққон бўлишга ва келгусида ёзувга, саводга, математика машғулотига тайёр бўлишга имкон яратади. Бу ерга тиниқ ва тиниқ бўлмаган турли кўринишдаги идишлар ва ҳажмли нарсалар, ўлчаш учун қошиқлар, тўрлар ва воронкалар, яримта совундонлар, ях тайёрлаш учун шакллар, учлари айлана пипеткалар, тослар, трубкачалар, кўпиртиргичлар, чўткалар ва бошқа нарсаларни қўйиш мумкин. Болалар қирғич билан ишлашни: масалан совунни қирғичда ўтказишни ўрганадилар. Улар шампунни кўпиртиришлари, ва ундан кўпик ҳосил қилишлари мумкин, бунда қўлларининг айланма ҳаракатларини шакллантирадилар.
Боланинг тараққиёти жараёни фақат ўйин орқали олиб борилмай, балки қўллар ҳаракати орқали олиб бориш мумкин. Бунга биз алоҳида аҳамият берамиз.М.Монтессори педагогикасининг асосий тамойилларидан бири-«Бармоқлар учининг ҳаракати инсон интеллектининг тараққиёт қуролидир». Шу тамойил асосида болалар турли нарсаларнинг хусусиятларини: масалан сувда шакарни, тузни, мелни, унни солиб, бу нарсаларни эриб кетишини билиб оладилар. Улар оёқ кийимларини крем билан тозалайдилар, уни ялтирагунча артадилар, пластмасса пинцетдан фойдаланишни ўрганадилар, пахтани рулондан ажратиб олиш орқали бармоқларини ҳаракатга келтирадилар ва машқ қилдирадилар, хамир билан ишлашни, сабзавотларни кесиш, маҳсулотлар хусусиятларини ва сифатларини тўғри айтишга ўрганадилар. Тўрлар ёрдамида бола ёрмани гурунчдан ажрата олишни ўрганади ва уни бошқа идишларга жойлаштиради.Бу жараёнлар асосида бола кўз билан чамалашини, диққатини жамлашни, иродасини тараққий эттиришга ёрдам беради. Агар бола ниманидир тўкиб юборса ёки сочиб юборса, шу ернинг ўзида боланинг ўзи латтани олиб, хокондозга солишни билиши лозим.
Сенсор ривожланиш мини-муҳитида М.Монтессори тавсия этган жиҳозлардан бошқа таълимий жиҳозлар: Б. Никитинннинг
(«Нақш яса»), « Уникуб», «қирқма квадрат» каби жиҳозлар ва турли туман ўйинларни таклиф этиш мумкин. Бу ерга муаллифлик жиҳозларини жойлаштириш мумкин. Масалан: Кўришни тараққий эттириш учун турли ранглардан ташкил топган спектрлар, рангли тиниқ пластик жадваллар, бўёқларни аралаштириш учун жиҳозлар ва бошқалардан фойдаланиш мумкин..Бу муҳитда болалар рангли «йўлкачаларни» ясайдилар, яъни энг тўқ рангдан энг оч рангга томон йўналиб борадилар.
Эшитиш сезгисини тараққий эттириш учун «Жаранглайдиган коробкачалар»дан фойдаланишлари (коробкачалар ичига тошлар, металл шарчалар солинади), мусиқа асбобида ўйнашлари мумкин.
Ҳаракат сезгисини тараққий эттириш учун шундай жиҳозларни жойлаштириш лозимки, улар бармоқларнинг майда қўл моторикасини шакллантиришга ёрдам бериши мумкин (қисқичлар, турли-туман мозаикалар, турли ҳажмдаги қуриш- ясаш жиҳозлари);
Сезги органларини тараққий эттириш учун юзаси ҳар хил карточкалар ва матолар, «Ҳис этиш қопчаси», ғадир-будир ҳарфлар, рақамлардан фойдаланиш мумкин. Хоҳлашса болалар кўзларини юмиб ишлашлари, махсус кўзойнаклар таққан ҳолда нотекис юзаликни қўл билан ҳис қилишлари, нимадан ясалганини аниқлашлари ва тартиб билан жойлаштиришлари мумкин.
Таъм ва ҳид билишни ажратиш учун алоҳида жиҳозлар мавжуд бўлиши мумкин.
Нутқ ўстириш ва ҳуснихат ва саводга ўргатиш мини -муҳитида М.Монтессори, Н.А. Зайцев, В.А.Илюхина ва бошқаларнинг турли услубларини қўйиш мумкин. Ҳозир кўпчилик мактабгача ёшдаги болалар ўқишга ўргатиш тўғрисида мунозара ўтказишаяпти. Амалиёт шуни кўрсатадики, тарбиячи услубий жиҳатидан ишни тўғри ташкил этиши лозим. Тўғри ташкил этилган ўйин фаолияти орқали болалар ҳарфлар билан ўйнашади, ўқишга ва ёзишга ўрганишади, сўзлар ёзилган турли туман карточкалардан, ребуслардан, йирик босма шрифтлар чиройли расмлардан фойдаланишлари мумкин.
Математика мини-муҳитида болалар М.Монтессори жиҳозлари билан ишлашлари, Н.А. Зайцевнинг «100 гача санаш» жиҳози, шунингдек узунликни, ҳажмни аниқловчи машқлардан фойдаланишлари мумкин. Масалан: ялтироқ мунчоқлар болага саноқ тўғрисида тасаввур бериши мумкин.
Болаларнинг мустақил фаолияти режалаштирилмайди, у боланинг иродасига, қизиқишига ва кайфиятига боғлиқ . Кимдир нўхотни хумчага тўкса, бошқа бола 100гача сонни санайди, ўз хоҳиши бўйича ижод қилади. Ҳаёт фаолияти болаларни фаоллаштиради. Шуни назарда тутиш лозимки, ҳар бир жиҳоз бир нусҳадан бўлади. Болалар чидам билан кутишга ўрганади. Биттаси ишни тугатгунча бошқаси кутиб туради, шундагина бошқа бола худди шу нарсани ёки жиҳозни олиб ўйнаши мумкин: ҳамма биргаликда ўйнайди, уришмайди. Ривожлантирувчи жиҳоз орқали бола ўз хатоларини назорат қилиб бориш имкониятига эга. Масалан кичкинтой «ҳидли банкани» ҳидлайди ва жуфтини топади. Сўнгра банкачани тўнкариб белгиларини мос келиш келмаслигини текширади. Агар бола ўзи хоҳлаган ишни топган бўлса, у билан қанча хоҳласа шунча шуғулланиши мумкин, фақат ишни тугатиб бўлиб жиҳозни жойига қўйиб қўйиши лозим. Бунда бола маълум эркинликларга эга (ўзи жиҳозни танлаши, иш жойини танлаши,уларнинг жойини ўзгартириши мумкин) ва ҳақ-ҳуқуққа эга (дам олиши, хато қилиши мумкин) Онгли равишда бу нарсалардан лаззатланиш уни аҳлоқий жиҳатдан такомиллашишига ёрдам беради. Ҳар бир бола ўзининг шахсий режаси асосида шаклланади, иш фаолияти давомида қўрқув, ишончсизлик ҳиссини сезмайди.
Бундай муҳитда тарбиячи нима қилади? М.Монтессорининг шиори – «Мен ўзимга бажаришимга ёрдам бер, мен ўзим бажараман». Тарбиячи доим меҳрибон бўлиши, сабр-тоқатли, болани тўғри йўлга йўналтириши, ўзининг шахсий намунаси билан нима қилиш ва қандай қилиш лозимлигини кўрсатиши лозим. У бу ерда устоз эмас, балки воқеаларнинг қатнашчиси сифатида иштирок этади: фақат болаларни қизиқтира олиши лозим. Ўзаро бир- бирини тушуниш, англаш ва муҳаббат туйғуси асосида мулоқот олиб борилади. Табассум, имо-ишора билан кичкинтойни қўллаб қувватлаб туради, кўпроқ уни мақтайди. Тарбиячининг ички дунёси билан кичкинтойнинг ички туйғуси ўртасида мустаҳкам ўзаро боғлиқлик мавжуд, тарбиячининг маданият даражаси қанчалик юқори бўлса, боланинг маданият даражаси шунчалик юқори бўлади. Бундай жараён даврида тарбиячи ҳам, бола ҳам шаклланади, бу эса ҳамма учун ҳисий қулайлик яратади, шунингдек ота-оналарни ҳам ижод қилишга рағбатлантиради. Ижодий-ривожлантирувчи муҳитнинг самараси кичкинтойнинг умумий тараққиётига, ижодий тафаккурига, мустақиллигига таъсир кўрсатувчи шарт-шароитгагина боғлиқ эмас, балки тарбиячининг бола билан бўладиган мулоқотига, вазиятга, бериладиган топшириқларга, уларни бериш усулларига ҳам боғлиқ. Болаларга таълим- тарбия бериш бир тартибда ўтмайди. Тарбиячи болаларнинг тараққий этиш динамкасини кузатиб бориши, лозим бўлса ёрдам кўрсатиши, аммо бунда боланинг психикасига нисбатан ютуқлари даражасини дастур талаблари билан солиштирилмайди. Бизнинг тажриба шуни кўрсатадики, юқорида кўрсатилган шарт-шароитларда психикаси соғлом бола сезиларли даражада анъанавий давлат таълим стандартларидан ўзиб кетади, ривожланишида нуқсони бўлган болалар эса ўз ёшларига мос етарлича билим ва малакалар оладилар. Юқори даражада олинадиган билимлар даражаси ҳар боланинг индивидуал имкониятларига боғлиқ. Ижодий–ривожлантирувчи муҳитни тўғри ташкил этиш-бола шахсининг ҳар томонлама етук бўлишига: мустақил, мақсадга интилувчан, ишни тўғри режалаштира олиш қобилиятини такомиллаштиради. Бундай вазиятда болани тўғри англаб ҳаракат қилишга ўргатади. Тарбиячилар болаларнинг ўхшамайдиган ҳислатларини қадрлашлари, ўзига хос индивидуал бўлишларини ҳурмат қилиши лозим Тарбиячилар! Болани мажбурламанг, боланинг эркин фаолият юритиши учун имконият яратиб беринг. Энг асосийси ҳамма нарса бола учун қизиқарли бўлиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |