Бактериал касалликларнинг зарари
Ер қуррасида учрайдиган 1600 турдаги бактерияларнинг 400 дан ортиқ тури ўсимликларни касаллантиради. Қишлоқ хўжалик экинларида кенг тарқалган бактериал касалликларга карамнинг поясини бактериози, бодринг баргининг бурчакли доғланиш, картошканинг қора сон, ғўзанинг гоммоз касаллиги, мевали дарахтларнинг куйиши кабилар ҳосил сифати ва миқдорини кескин камайтиради. Масалан, бодринг кўчатларининг Pseudomonas lachrymans бактерияси билан зарарланиши натижасида ҳосилдорлик 23% камайиб кетади. Сабзи илдизмевасини ҳўл чириши, картошка туганаги, карам бошчалари чиришини келтириб чиқарувчи - Pectobacter carotovorum бактериясининг салбий таъсири натижасида ҳосилдорлик 40-100 % пасаяди. Ғўза поясининг гоммоз касаллиги туфайли -Xanthomanus malvacarum бактерияси ҳосилдорликни 4% га пасайтиради. Ps. solanaceatum бактериясининг итузумдошлар оиласи вакилларида сўлиш касаллигини келтириб чиқариши натижасида ҳосилдорлик- 15-96% пасаяди. Бактериялар билан касаллланган соянинг донидаги протеин миқдори 30% га, ёғ 34% га, азот 27% га, фосфор 25% га, калий 28% га камаяди.
Бу касалликлар доғланиш, сўлиш, чириш, шишлар ҳосил бўлишга сабаб бўлади. Буғдойнинг қора бактериоз касаллиги 44-90 %, карам поясининг ўтказувчи найлар бактериози 40-100 % ҳосилни нобуд қилади.
Бу зарарнинг миқдорини камайтиришда, аҳолига экологик соф озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда касалликларни келтириб чиқарган микроорганизмлар турлар таркибини билиш, уларнинг биологик хусусиятларини ўрганиш, касалликларга қарши тўғри кураш чораларини ишлаб чиқиш муҳим илмий ва амалий аҳамиятга эга.
Фитопатоген бактериялар ўсимликларга нафақат вегетация даврида, балки уларнинг маҳсулотларини сақлаш даврида картошка, сабзи, карам ва донларнинг чиришига сабаб бўлади. Бактериялар касалланган ўсимликларнинг нафақат ҳосилдорлиги камаяди, балки ўсимликларнинг физиологик хусусиятларига, фотосинтез интенсивлигига, ўсиш тезлигига салбий таъсир қилиб, улар ҳосил қилган заҳар моддалари маҳсулотларнинг заҳарли бўлишига сабаб бўлади. Натижада кўпчилик бактериялар ўсимлик, инсон, ҳайвон ва ҳашаротларнинг касалликларига сабаб бўлади.
Бактериоз касалликлари туфайли қишлоқ хўжалик экинларининг нобуд бўлиши ёки касалланиши, ҳосилни камайтириб, ўсимликларни фақат вегетация даврида зарарлаб қолмасдан, сақлаш давомида ҳам чиришига, сифатининг ёмонлашишига сабаб бўлади.
Фитопатоген бактериялар орасида фақат битта тур ёки туркумдаги ўсимликларни касаллантирувчи турлари ҳам мавжуд. Масалан, X. campestris Dows. Кресгулдошлар оиласи вакилларига мослашган бўлса , Pseudomonas tumefaciens Stew тури 41 та оилага мансуб ўсимликларни касаллантиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |