Пириоплазмидозларнинг эпизоотологияси.
Бу касалликлар кўпинча жанубий районларда, камроқ эса шимолий қисмларда тарқалган. Эпизоотологик хусусиятларига кўра бу касалликлар энзоотик касалликлар группасига киради, яъни улар учун маълум чегарада кенг тарқалиш хусусияти хосдир, аммо уларнинг тарқалишида юқумли касалликларга хос динамик суръатлар бўлмайди.
Айрим протозоалар ўзларининг ривожланиши даврларида 2 ёки 3 хўжайин организмига мослашган бўладилар. Одатда бу хўжайинлардан бири умуртқали ҳайвонлар бошқалари эса умуртқасиз ҳайвонлар бўлади. Протозоаларнинг бир хўжайин организмидан иккинчисига ўтиши ҳайвонларда қон сўриш учун ҳужум қиладиган ҳашорат ва каналар томонидан ёки паразитларни озиқа ҳамда сув билан хўжайин организмига тушганида содир бўлади.
Пироплазмидозларнинг пайдо бўлишида ва ривожланишида 3 та асосий занжир бор, яъни:
1.Касалланган ҳайвон организмида касаллик қўзғатувчисини мавжудлиги;
2.Пироплазмидийларни ташувчи яйлов каналарнинг борлиги;
3.Касалликка мойил ҳайвонларнинг мавжудлиги.
Мана шу эпизоотологик занжирнинг бирор бўғини етишмаса унда ҳайвонларнинг пироплазмидоз касалликлари содир бўлмайди.
Ҳар йили пироплазмидоз касалликлари учраб турадиган хўжаликларда бу касаллик қўзғатувчилари ҳар доимо учраб туради.
Пироплазмидоз билан касалланган ҳайвонлар каналарни зарарланиши учун асосий манба ҳисобланади ва улар ўз навбатида касалликни унга мойил ҳайвонларга юқтиради. Эпизоотологик занжирдаги бўғинларнинг ўзаро муносабатига кўра пироплазмидоз манбалари қуйидагиларга бўлинади:
Латент зона.
Пироплазмидоз касалликларини тарқатувчи яйлов каналари ва пироплазмидийларни организмида ташувчи ҳайвонлар бўлган минтақалар яширин зона ҳисобланади. Бу жойлардаги ҳайвонлар ҳар йили зарарланган каналар ҳужумидан пироплазмидоз касалликларига доимо чалиниб турадилар, натижада бундай ҳайвонларда орттирилган нисбий иммунитет бўлади. Шунинг учун бундай яшириш зоналарда катта ёшдаги маҳаллий қорамоллар пироплазмидозлар билан касалланмайди.
Бузоқлар эса енгил касалланиб вояга етгунча орттирилган нисбий иммунитетга эга бўлади.
Яширин зона шароити четдан келтириладиган касалликка мойил, айниқса зотли ҳайвонлар учун хавфлидир, чунки уларда нисбий орттирилган иммунитет бўлмайди, натижада улар пироплазмидоз билан оғир касалланади ва кўплаб нобуд бўлади.
Эпизоотик зона.
Бундай зонада касалликни тарқатувчи каналарни организмида касаллик қўзғатувчиси бўлган ҳайвонлар ва иммунитети кучсизланган, четдан келтирилган мойил ҳайвоннинг бўлиши бу эпизоотик занжирдаги ўчоққа таркибий қисмларни мавжудлиги билан характерланади. Бу зонадаги ҳайвонлар ҳар йили айрим сабабларга кўра масалан, ҳаво қуруқ келган йиллари яйлов каналарнинг сони, тури камайиб кетиши туфайли ҳайвонлар пироплазмидоз қўзғатувчиларига нисбатан иммунитетини йуқотади. Келгусида яйлов каналарининг ривожланиши учун қулай шарт-шароит пайдо бўлиши билан улар тезда ривожланиб кўпая бошлайди. Ва ҳайвонларга пироплазмидийларни юқтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |