Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Диссертациянинг асосий илмий ва амалий натижалари 2 та халқаро ва 4 та республика илмий-амалий анжуманларида маъруза қилинган ва муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 15 та илмий иш, шу жумладан, 1 та илмий монография, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертациялари асосий илмий натижаларини чоп этишга тавсия этилган илмий нашрларда 10 та мақола, жумладан, 8 таси республика ва 2 таси хорижий илмий журналларда чоп этилган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация таркиби кириш, учта боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат бўлиб, ўз ичига 31 та жадвал, 28 та расмни олган. Умумий ҳажми 187 бетни ташкил этади.
1.БОБ. МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИК КЛАСТЕРЛАРИНИ БОШҚАРИШНИНГ ИЛМИЙ-НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ
1.1-§. Мева-сабзавотчилик кластерларини ривожлантиришнинг илмий-назарий асослари
Жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида иқтисодиётни барча соҳалари ва тармоқлари таъсирида юксалтириш жадал суръатлар билан амалга оширилмоқда. Бу ўзгаришлар турли вақтларда турлича йўллар билан амалга оширилган. Ҳозирги даврнинг ўзига хос хусусиятларидан бири – турли тармоқлар ва соҳаларнинг биргаликда тизимли фаолиятни йўлга қўйиши натижасида аҳоли эҳтиёжлари учун рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилганлигидир. Иқтисодиёт ривожининг ҳозирги даврига мос келадиган қатор масалалар ичида аҳолининг эҳтиёжларини ўрганиш ва уни ҳар томонлама тўлароқ қондириб бориш масаласи турибди. Аҳолининг эҳтиёжлари эса, миқдор жиҳатидан ҳам, сифат жиҳатидан ҳам ортиб бормоқда. Бу эҳтиёжларни қондириш аҳолининг соғлигига путур етказмасдан ва узоқ вақт меҳнат қилиш қобилиятини сақлаган ҳолда амалга оширилишини талаб этилмоқда. Ушбу мураккаб бўлган масалаларнинг ечими турли соҳаларда инновацион фаолиятни жадаллаштириш, янги тузилмалар яратиш, бошқарувни такомилаштириш ва улар воситасида ҳаётий эҳтиёжларни қондиришга олиб борувчи йўналишларни ишлаб чиқишни талаб этмоқда. Аҳолининг соғлом турмуш тарзини ташкил этиш учун органик соф қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ҳажмини ошириш зарур бўлади. Шунинг учун ҳам аҳолининг мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини мавсумий даврда эмас, доимий қондириб бориш зарур бўлади. Бу масаланинг ечими эса, ҳудудларда бир бутун тизим сифатида фаолият юритувчи янги турдаги бирлашмаларни - агрокластерларни ташкил этиш ва улар фаолиятини самарали бошқаришни талаб қилади.
Шу боис, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад аҳолининг фаровонлигини ошириш, турмуш даражасини юксалтиришдан иборатдир. Буни Президентимиз Ш.Мирзиёев ўзининг Ўзекистон Республикасининг Олий Мажлисига мурожаатномасида алоҳида таъкидлаб ўтди: “Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлардан мақсад – иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир. Буни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур”.1 Қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирги вақтга қадар қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва уни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш алохида-алохида хўжалик фаолиятларига бўлиниб келган. Бу тартибда етиштириб, қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатбардошлилик даражаси паст бўлиб, соҳада фаолият юритаётган субъектларнинг моддий манфаатдорлик даражаси юқори бўлмаган. Эндиликда турли соҳаларда, жумладан қишлоқ хўжалигида хомашёдан тортиб тайёр маҳсулотга қадар етказиб беришни йўлга қўйиш мақсадида соҳада кластерларни ташкил этиш жадал суръатларда ортиб бормоқда. Кластерларни ташкил этиш ва бошқариш масаланинг бир томони бўлса, бу фаолият билан шуғулланувчи субъектларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш ва улар томонидан етказиб берилаётган маҳсулотлар рақобатбардошли бўлишига эришиш ўта муҳим масалардан бири ҳисобланади, сабаби етиштирилган маҳсулотларимизни жаҳон бозорида экспорт қилишда унинг сифати энг мухим аҳамият касб этади. Дунё мамлакатлари аграр иқтисодиётида турли таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Таркибий ўзгаришлар иқтисодиётни модернизация қилишда, стратегик муҳим роль ўйнайдиган инновацион лойиҳаларни амалга ошириб, ишлаб чиқариш инфратузилмасини шакллантириш, қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, хусусан унинг самарадорлик даражаси бўйича етакчи мамлакатлар қаторида бўлиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатдошлилик даражасини ошириш орқали экспортбоп маҳсулотлар етиштириш бугунги кундаги долзарб вазифалардан биридир.
Умуман олганда кластер умумий тушунча сифатида қаралиб қишлоқ хўжалигида кластерлар агрокластер деб юритилиши ҳам мумкин. Агрокластерлар маҳсулот етиштиришнинг янги шакли бўлиб, аҳолини якуний қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлашга йўналтирилган бирлашмадир. Агрокластер – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш жараёнларини ягона бир занжирга бирлаштирувчи, юқори инновацион технологиялардан фойдаланиш билан бир қаторда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ ҳудудларида инфратузилма мажмуини шакллантириш ва ривожлантириш фаолият юритадиган хўжалик юритиш субъектларидан таркиб топиши мумкин. Агрокластерлар қишлоқ хўжалигида маҳсулотлар етиштириш, қайта ишлаш ва сотишни шунчаки қўшиб олиб боришнигина назарда тутмайди. Балки, агрокластерлар бу ишларни амалга оширишда мутлақо янги турдаги тизим бўлиб, уларда юқори инновацион технологиялардан фойдаланиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш ҳамда ушбу маҳсулотлар етиштириладиган ва қайта ишланадиган ҳудудларда ижтимоий ва экологик муҳитни яхшилашга эришилади. Агрокластерларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш жараёнларида уларнинг сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Пировардида агрокластерларнинг маҳсулотни ишлаб чиқариш ва муомала соҳасининг турли босқичларида бевосита ва билвосита 70 дан ортиқ турли соҳалар ва тармоқлар иштирок этиши мумкин. Агрокластерлар таркибига технологик ва иқтисодий жиҳатдан ўзаро боғлиқ ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан тортиб то охирги истеъмолчига етказиб беришгача бўлган жараёнда бевосита иштирок этувчи тармоқлар киради. Ушбу жараёнда иштирокчилар ўртасидаги нисбат агрокластерларнинг тармоқ таркибини ташкил этади.
Ҳозирги кенг кўламли модернизациялашув ва глобаллашув шароитида ҳар қандай мамлакатнинг ўрни ундаги инсон салоҳияти, билим даражаси ҳамда иқтисодиётда, қишлоқ хўжалиги соҳасида фан ва технологияларни қўллаш даражаси билан аниқланади. Кўп йиллар давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланувчи субъектлар мустақил равишда ривожланиб келди. Ҳозирги даврнинг ўзига хос хусусияти – турли тармоқлар ва соҳаларни биргаликда, комплекс равишда ривожлантириш ҳисобланмоқда. Шу нуқтаи назардан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва маҳсулот етиштиришда кластер усулидан фойдаланиш орқали амалга оширилиши ҳозирги даврнинг талабидир.
Агрокластер тушунчасига кўплаб олимлар ва тадқиқотчилар таърифлар берган. Россиялик олимлар Е.Б. Фалькович, Д.А.Котляровлар агрокластерга шундай таъриф берадилар:
“Агрокластер – рақобатбардошлиликни таъминлаш ва ҳудуднинг озиқ-овқат соҳасида унумдорликни оширишни мақсад қилиб олган саноат ва қишлоқ хўжаликлари ишлаб чиқаришлари асосида ташкил этилган мутаносибликга инновацион тарзда йўналтирилган ҳудудий чегараланган структурадир”1
Ушбу таъриф қисман ўринли бўлиш мумкин. Аммо, агрокластерлар бир ҳудуд доирасидан чиқиб кенгайиб бораётгани бу таърифда ўз аксини топмаган. Шу билан бир қаторда мева-сабзавотчилик кластери нима деган савол туғилиши мумкин.
Бизнинг фикримизча, Мева-сабзавотчилик кластери – қишлоқ хўжалигида органик, сифатли мева-сабзавот етиштирувчи инновацион боғлам яъни, маҳсулот етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, экспорт қилиш ва аграр сектор корхоналари билан саноатлашган маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида ҳамкорлик асосида фаолият юритувчи субъектлар бирлашувидир.1
Кластер сиёсати ва уни бошқариш масалалари билан кўплаб олимлар шуғулланиб келмоқдалар. Булардан А.А.Мигранян, Т.В.Цихан, А.С Хухрин ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. А.А.Мигранян кластерни энг самарали ва бир-бири билан боғлиқ бўлган иқтисодий фаолият турларининг бирлашуви, яъни самарали тарзда рақобатлашаётган фирмалар, гуруҳларнинг тўпламидир деб тавсифлайди. Т.В.Цихан кластерларни қуйидагича тавсифлайди:
агросаноат кластерлари - юқори даражада мувофиқлашган соҳаларнинг бирлашувидан иборатдир;
кластерлар - илмий тадқиқот муассасалари билан муносабатларга киришган бир-бири билан боғлиқ бўлган соҳалар иқтисодий фаолиятининг ҳудудий чекланган шаклидир;
ишлаб чиқариш занжирининг вертикали бўйича ташкил этилган кетма-кет босқичларидаги ишлаб чиқариш жараёнлари кластернинг таянч марказини ташкил этади.2
А.С.Хухрин эса кластерларни ўз-ўзини ташкил этиш натижасида юзага келадиган ўзига хос бўлган интеграциялашган тузилма деб тавсифлайди.3 Ҳар қандай интеграциялашган тузилма ҳам кластер бўла олмайди. Кластер бўлиши учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни тайёрлаш жараёнлари кетма-кет жойлашган ишлаб чиқаришлар бўлиши лозим.
“Кластер” тушунчаси инглиз тилида (1) панжа, бир шингил; (2) тўпланиш, концентрация; (3) гуруҳ сўзларини англатади. Ушбу сўз иқтисодиётдан олдин математика ва бошқа табиий фанларда қўлланилган. 1970 йилларда бу тушунчани россиялик иқтисодчи географлар А.Горкин ва Л.Смирягинлар, швед иқтисодчилари К.Фредрикссон, Л.Линдмарклар чекланган ҳудудда корхоналарни тўпланиши сифатида тушунчалар бериб ўтган.
Кластер тушунчаси биринчи марта М.Портер томонидан киритилган бўлиб, кластерни соҳа ва компанияларга нисбатан унинг “миллий рақобатли устунликлар ромби” моҳияти билан киритган. Кластерни ифодаловчи бир қатор таниш тушунчалар билан, яъни “…географик қўшни бир бирига алоқадор компаниялар ва улар билан боғлиқ ташкилотлар, бир соҳада ва умумий фаолиятли ва бир-бирини тўлдирувчи гуруҳлар” билан бирга қуйидаги тушунчалар келтирилади 1.
Вертикал ишлаб чиқариш занжири ва унга нисбатан қисқа секторлар. Бу категорияга асосий фирмалар атрофида шаклланадиган тармоқлар киради.
Юқори даражада бир-бири билан боғлиқ саноат тармоқлари (масалан, кимё саноати) ёки бир-бири билан янада юқори даражада боғлиқ бўлган ишлаб чиқаришлар мажмуаси (масалан, агросаноат кластери).
Келтирилган тушунчаларда кластерларга хос бўлган тамойиллар мавжуд бўлади:
а) инновацион “ўсиш нуқталари”;
б) ҳамкорлик;
в) ихтисослашув ва марказлашув.
Экспертлар томонидан кластерларнинг еттита асосий тавсифлари келтирилади:
Do'stlaringiz bilan baham: |