1-МАВЗУ: АСОСИЙ ВОСИТАЛАР ҲИСОБГА ОЛИШ БЎЙИЧА БЎШЛАНҒИЧ ҲУЖЖАТЛАР
АВ-1. Асосий воситаларни қабул қилиш-топшириш далолатномаси.
Асосий воситаларни қабул қилиш-топшириш далолатномаси имзоланган пайтидан бошлаб асосий восита объектининг сотиб олинганлик (берувчи томони учун эса чиқарилиш) ва ишга туширилиш фактини акс эттирадиган ҳужжат.
Далолатнома қуйидаги йўллар билан кирим қилинган алоҳида объектларни ҳисобга олиш учун қўлланилади:
пул ўтказиш йўли билан сотиб олиш;
пудрат ёки хўжалик усули билан қуриш;
таъсисчилар томонидан улуш сифатида устав капиталига қўйиш;
хўжалик юритиш ёки тезкор бошқарувга олиш;
лизингга олиш;
текинга олиш;
ҳамкорликдаги фаолият ва ишончли бошқарувга олиниши.
Далолатнома икки нусхада тузилиб, биринчиси берувчида иккинчиси қабул қилувчи томонида қолади.
Далолатнома, агар берувчи ва олувчи томон ҳар хил корхона бўлса, ҳар иккаласининг муҳри билан тасдиқланади. Агар олувчи ва берувчи битта юридик шахснинг бўлинмалари бўлса, муҳр босиш талаб қилинмайди. Далолатнома корхона раҳбари томонидан тасдиқланади.
Агар берувчи томон асосий воситани ўрнатиш, созлаш, йиғиш, монтажлаш ва бошқа жараёнларида, яъни асосий восита объектини ишга тушириш жараёнида иштирок этмаса (масалан, асосий воситаларни пул ўтказиш йўли билан бошқа ташкилотлардан сотиб олишда), бу ҳолда қабул қилиш-топшириш далолатномаси ички ҳужжат сифатида бир нусхада тузилади. Унда объектнинг ишга туширилиши (масалан, омбордан ёки етказиб берган шахсдан объектни ишга тушириш учун цех, бўлинма ёки участкага қабул қилиш) акс эттирилади.
Далолатномага асосан асосий воситаларни ҳисобга олиш инвентар карточкасида ушбу муомала тўғрисида, яъни асосий воситани ишга тушириш тўғрисида ёзилади.
Далолатнома раҳбар томонидан тайинланган комиссия томонидан тузилади. Одатда, комиссия таркибига асосий воситалар ҳолатини баҳолай оладиган бухгалтерия ходимлари ва техник мутахассислар киритилади.
Асосий воситаларни қабул қилишни расмийлаштириш чоғида ҳар бир объект учун алоҳида далолатнома тузиш тавсия этилади.
Бир хил типдаги ва қиймати бир хил ҳамда бир ой давомида қабул қилинган асосий воситаларни ҳисобга олишда умумий далолатнома тузилади.
Далолатноманинг 6-графасида асосий воситанинг дастлабки қиймати кўрсатилади. Бу сумма асосий воситани барпо этиш бўйича (қуриш ва қўшимча қуриш) ҳақиқий харажатлар сотиб олишда ташиб келтириш, монтажлаш, ўрнатиш, ишга тушириш ва ишлайдиган ҳолатга келтириш билан боғлиқ бошқа харажатларни ҳамда тўланган ва қопланадиган солиқлар(йиғимлар)ни ҳам қўшган ҳолда дастлабки қиймати кўрсатилади.
7-графада тугатиш қиймати акс эттирилади. Бу қиймат асосий воситанинг хизмат муддати охирида уни ҳисобдан чиқаришга доир харажатлар чегириб ташланган тахминий суммадан иборат. Тугатиш қиймати асосий воситаларни сотиб олиш санаси ёки тугатишдан олдинги баҳолаш санасига аниқланади. Агар тугатиш қийматини ишончли баҳолаш имкони бўлмаса, уни ҳисобга олмаслик мумкин.
8-графада асосий воситанинг фойдали хизмат муддати кўрсатилади. Бу муддат мазкур объектнинг корхонада ишлатиладиган ёки наф келтирадиган муддати (масалан, маҳсулот ҳажми, тонна/км ва ҳ.к.) муддат ҳисобланади.
9-графада амортизация ҳисоблаш усули ва йиллик амортизация нормаси кўрсатилади.
Далолатнома расмийлаштирилганидан сўнг илова қилинган техник ҳужжатлар билан бирга бухгалтерияга топширилади. Шунингдек, агар сотувчида объектнинг техник ҳужжатлари йўқолган бўлса, бундай далолатномани тузиш зарур.
Шу тартибда расмийлаштирилган далолатнома бухгалтерияда ишга туширилган асосий восита объекти бўйича амортизация ҳисоблаш ва уни харажатларга олиб бориш учун асос бўлади (амортизация ажратмалари объект ишга туширилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб ҳисобланади).
Топшириқ:
“Ксерокс” МЧЖ Hewlett Packard 340/S серверини (паспорт №53872017, завод рақами 6596-84, ишлаб чиқарилган йили-2001 йил 25 май, инвентар рақами-000106) сотиб олди. Кузатув ҳужжатларида сервернинг қисқача тавсифи берилган: P-II/400/64/ SCSI 9, 16 GB/ CD-ROM/клавиатура/сичқонча. Сервер №3 омборга кирим қилинган, сўнгра Файз МЧЖ бухгалтериясига фойдаланиш учун топширилган. Сервернинг қиймати – 205000 сўм, фойдаланиш муддати-5 йил.
Серверга илова қилинган ҳужжатлар: техник паспорт ва фойдаланиш ҳақида йўриқнома.
Юқоридаги маълумотлар асосида асосий воситаларни қабул қилиш далолатномасини тузинг.
Do'stlaringiz bilan baham: |