Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида аниқланадиган ўғрилик инссенировкасининг аломатлари. Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида, ўғрилик инссенировкасининг қуйидаги аломатлари аниқланиши мумкин:
А) бузиш ичкаридан содир этилган (жиноятчи олдиндан ичкарига кириб, сўнг бузишни ички томондан амалга оширган бўлиши ҳам мумкинлигини эътиборга олиш керак);
Б) бино ичига кириш усулида қолиши керак бўлган изнинг мавжуд эмаслиги (масалан, эшикда иккита қулф бўлган, уларнинг бири бус-бутун ва соз ҳолда);
В) ички томондан бузиш содир этилганини тасдиқловчи изларнинг
мавжудлиги;
Г) ўмарилган буюмлар ҳажмининг катталиги олиб чиқиб кетиш
тешигининг катталигига мос келмаслиги;
Д) бино ичидаги буюмларнинг ҳаддан ташқари тартибсизлиги жиноят ҳодисасининг характерига мос келмаслиги.
Бинони бузиш билан содир этилган ўғрилик жиноятлари кўпинча, фуқароларнинг яшаш уйларида, дала ҳовлиларда, хонадонларда, гаражларда ва шунга ўхшаш жойларда содир этилади. Бундай жойларни кўздан кечиришда терговчи ўзининг ҳаракатларини, жабрланувчи томонидан берилаётган маълумотларни эътиборга олган ҳолда мослаштиради. Айрим буюм ва нарсаларни зарурият туғилса, тадқиқот учун олишнинг муҳимлигини жабрланувчига тушунтиради. Бундан ташқари, айрим изларнинг жиноят ҳодисасига тегишлилигини аниқлашда ҳам жабрланувчининг ёрдамидан фойдаланилади (масалан, полда нарсалар уй эгаси томонидан ёйилганми ёки жиноятчи ёйиб ташлаганми). Агар бирор моддий бойликларни олишга ҳуқуқ берадиган ҳужжатлар ўғирланган бўлса (масалан, омонат дафтарчаси), зудлик билан ушбу ҳужжатларнинг жиноятчилар томонидан ишлатилишини рад этувчи чора-тадбирлар белгиланиши керак. Кўздан кечириш жараёнида ўғирланган буюмларнинг паспортлари олинади. Ушбу буюмларнинг хусусиятларини белгиловчи бошқа предмет ва нарсаларни ҳам олиш (масалан, ўғирланган буюмнинг расми, газлама намунаси ва бошқалар) тавсия этилади. Қулфларни эксперт тадқиқоти учун олишга алоҳида аҳамият берилади. Эшикнинг қулфи жиноятчининг фақат бино ичига эшик орқали эмас, балки бошқа жойдан кирганлиги аниқ бўлсагина олинмайди, қолган барча ҳолларда эксперт тадқиқоти учун олиниши керак. Терговчи ҳодиса жойини кўздан кечириш натижаларини таҳлил этишда, турли сабабларга кўра уюштирилиши мумкин бўлган ўғрилик инссенировкаси тўғрисидаги тусмолни текшириб кўриши керак.
Ўғирлик содир этилган хона ичидан изларни қидириш учун жиноятчининг кирган ва чиқиб кетган жойлари аниқланади, жиноятчининг хона ичидаги ҳаракатлари хаёлан моделлаштирилади. Бунда хона ичидаги буюмлар, нарсаларнинг жойлашуви ва ҳолатни қуйидаги ҳудудларга бўлиш мумкин.
1– жиноятчининг хонага кириш жойи;
2– жиноятчи ўтириши мумкин бўлган жойлар;
3– бузиш қуроли;
4– қадоқланган ва боғланган нарсалар;
5– жиноятчига тегишли бўлган нарсалар;
6 –тупроқ, қум ва бошқалар;
7 – қимматбаҳо нарсалар турган жой.
Do'stlaringiz bilan baham: |