15-мавзу: «Пазандалик»
Болаларни ота-онасига ошхона ишларига ёрдам беришга одатлантириш. Ўзи қилган ишнинг бошқаларга фойдаси борлигини билишга, бошлаган ишини охирига етказиб, ҳаммага ёқадиган бўлишга ундаш. Меҳнатнинг натижасини кўрганда қувонишни тушунтириш, меҳнатга тўғри муносабатни тарбиялаш.Болаларнинг таомлар тайёрлашдан лаззат олганлари ва ўз имкониятларини рўёбга чиқарганлари ҳолда озиқ–овқат маҳсулотлари билан танишишларига ёрдам берадиган муҳитни яратиш. Болалар учун овқат тайёрлаш ёқимли, енгил машғулот бўлишига эришиш. Болаларда мустақиллик туйғусини тарбиялаш. Ошхона асбобларидан эҳтиёткорона фойдаланишга ўргатиш.
16-мавзу: «Дангасалик ёмон одат»
Болаларга дангаса одам доим ҳар нарсага мухтож бўлиши, дангасани ҳеч ким ёқтирмаслигини тушунтириш. Болаларга ёшликдан ўз-ўзини эплашга, уй-рўзғор ишларида ота-оналарига ёрдам беришга қизиқтириш, уларнинг ёрдами ота-оналарга севинч олиб келишини тушунтириш. Катталар ишини енгиллаштириш ёқимли иш эканини айтиш. Дангасаликнинг охири «вой» эканлиги ҳақида эртак айтиб бериш.
17- мавзу: «Тежамкорлик- яхши одат»
Болаларга тежаш — бу нарсаларни исроф қилмаслик, уни қадрлаш, ҳар бир буюмни ўз меъёрида ишлата билиш эканлиги. Давлатимиз, оиламиз бой бўлиши учун ҳар бир нарсадан исроф қилмай фойдаланишга одатланиш. Исрофгарчилик — ёмон иллат экани, исроф — пул, мол ва неъматларни хор, нобуд қилиш, ўринсиз ва ортиқча сарфлаш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, режалилик ҳар бир оилага қут-барака, бахт-саодат олиб келиши, исрофгарчиликнинг охири ночорлик, хор-зорликка олиб келишлишини ривоят, ҳикоялар орқали тушунтириш.
Нонни увол қилмаслик ҳақида тушунча бериш: инсоният учун барча ноз-неъматлардан улуғи нон эканлиги, унинг инсон ҳаёти учун сув ва ҳаводек зарурлиги, ноннинг увоғи хам нон эканлиги, ўзбек халқи қадим-қадимдан нонни улуғлаб кўзга суртиши, нон дастурхон кўрки, оила фаровонлигининг белгиси эканлиги, уни ҳеч қачон увол қилмаслик лозимлигини тушунтириш.
18- мавзу: «Сув муқаддасдир»
Болаларга сув оби- ҳаёт эканлиги, сув бўлмаса ҳаёт бўлмаслиги, инсонларнинг ундан ичиш, ювиниш, деҳқончилик, чорвачилик, қурилиш ва ҳоказоларда фойдаланиши ҳақида тушунча бериш. Болаларга сувни асраш, оқар ариқларни тоза сақлаш, ахлат ташламаслик, сувни исроф қилмаслик ҳар биримизнинг бурчимиз эканини тушунтириш. Сувнинг инсон ҳаёти учун зарурлиги, инсонга ҳузур, табиатга гўзаллик бағишлаши, энг бебаҳо бойлик эканлиги ҳақида тушунча бериш. Сувни исроф қилмаслик, уни асрашга оид мақол, ҳикоялар айтиб бериш, расмлар орқали тушунтириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |