Хаёл кучи.
Хаёл кучли ва кучсиз бўлиши мумкин. Биз хаёл кучига хаёлда яратилаётган образлар воқеликни идрок қилишдан ҳосил бўлган образларга қанчалик яқинлашганлигига қараб баҳо берамиз. Баъзан хаёл шунчалик кучли суръатда ишлайдики, биз хаёл объектларини худди кўзимиз билан кўриб тургандек, қулоғимиз билан эшитиб тургандек ёки қўлимиз билан ушлаб сезаётгандек бўламиз. Бундай ҳолларда реал воқелик билан фантазия образлари ўртасида тафовут қолмагандек бўлади.
Диккенс ўз қаҳрамонларининг тортган азобларини ва уларнинг ўлишини тасвирлаётган вақтида уларни кўраётгандек бўлиб кўзи жиқ ёшга тўлар экан.
Глинка «Иван Сусанин» операсини яратган вақтида Сусаниннинг поляклар билан учрашиб қолганида ғоят ҳаяжонга тушганлигини эслаб, менинг ҳам «сочларим диккайиб кетди ва баданим жимиллаб, музлаб қолди» деб ёзади.
Чайковский ўзининг хотира дафтарида «Пиковая дама» операсини ёзиб тамомлаган куни «Герман жон берган пайтда мен хўнграб йиғлаб юбордим» деган сўзларни қайд қилади.
Бетховен музика оҳангларини шу қадар ёрқин ва аниқ тасаввур қилар эканки, худди қулоғида жаранглаб тургандек бўлар экан, у тамомила кар бўлиб қолган вақтида ҳам «Тўққизинчи симфония» сингари улуғ асарлар ярата олганлигининг сабаби ана шунда.А. Н. Толстой ўз адабий маҳоратини ошириш учун қандай ишлаганлигини ҳикоя қилиб қуйидагиларни ёзади: «Мен бирор нарсани кўз олдимга яққол қилиб келтиришни машқ қилдим. Бора-бора мен ўзимдаги бу қобилиятни шу қадар тараққий эттирдимки, кўпинча бирор воқеани эслаганимда, бўлиб ўтган воқеа билан хаёлимдаги воқеани чалкаштириб юборадиган бўлиб қолдим».
Хаёл кучи аввало одам эҳтиёжининг, қизиқишларининг ва истакларининг кучига боғлиқ бўлади. Фақат шу бугуннигина ўйлайдиган, шу бугунгисига мағрур ёки ўзи-ўзига мағрур кишиларда хаёл жуда кучсиз бўлади.
Тасаввур хаёлнинг кучи, жумладан, нутқда, суратларда, буёқларда, чертёжларда, оҳангларда ва бошқа шу кабиларда образнинг нақадар маҳорат билан ифодаланганлигига ва гавдалантирилганига боғлиқ бўлади. Масалан, биз Навоий, Бобур, Муқимий асарларини ўқиётганимизда, шу асарларда тасвирланган айрим персонажлар, воқеалар, табиат манзаралар кўз олдимизда ёрқин ва яққол гавдаланади. Санъатнинг асосий вазифаларидан бири ҳам шуки, у томошабинлар ва тингловчиларнинг кўз ўнгида энг жонли ва равшан, жуда ёрқин ва яққол образлар гавдалантиришдир.
Хаёл кучли ҳиссиётга боғлиқ бўлади, бу ҳиссиётлар хаёлий образлар туфайли туғилади ва шу билан биргаликда хаёл фаолиятини ҳам рағбатлантиради. Бу ҳислар қанчалик кучли бўлса, хаёлий образлар ҳам шунчалик кучли, ёрқин ва жонли бўлади. Ҳиссиёти кучли, эҳтиросли одамларнинг хаёли ҳам кучли бўлади. Ҳиссиёти кучсиз, совуққон одамларнинг хаёлий образлари одатда нурсиз ва заиф бўлади. Хаёл кучи диққатга ва теварак-атрофдаги воқеликнинг идрок қилинишига боғлиқ бўлади. Агар бизнинг диққатимиз теварак-атрофдаги вазиятни идрок қилиш билан банд бўлса, у ҳолда хаёл жараёни сусайиб кетади. Агар диққатимиз хаёл қилинаётган объектга батамом банд бўлиб қолса, у ҳолда идрок қилиш сусайиб кетади. Баъзан киши «хаёл суриб» кетиб, теварак-атрофдаги нарсаларни (гўё кўрмаётган ва эшитмаётгандай) пайқамай қолади.
Киши ухлаган вақтида теварак-атрофдаги ҳодисаларни идрок қилмайди, шунинг учун ҳам хаёл жараёни туш кўриш тариқасида намоён бўлади ва тушдаги нарсалар реал идрок қилинган нарсалардек равшан кўринади.
Хаёл кучи кўп даража кишининг умумий аҳволига ва нерв системасининг ҳолатига, кишининг тетиклигига ёки чарчаб қолганлигига, соғлигига ёки бетоблигига боғлиқ бўлади.
Кўп кишиларга маълумки, кишининг температураси ошиб кетганида унинг фантазияси зўр бериб ишлайди, унинг хаёлида пайдо бўлаётган образлар ғоят ёрқин ва тез-тез такрорланадиган образлар бўлиб қолади. Бу ҳолда кишининг хаёли беихтиёр хаёл суриш тарзида ўтади. Нерв системаси касалланиши натижасида, фантазия образлари кўпинча реал идрок қилинган нарсалардек кучли ва ёрқин бўлади, Голлюцинацияга (алаҳсирашга) айланади. Голлюцинациянинг ўзи аслида хаёлнинг кучли намоён бўлишидир. Бундай ҳолатда хаёлий образлар кишининг назарида худди идрок қилинаётган образлардек гавдаланади. Нерв системаси касалланиши натижасида кўпинча реал нарсаларни ҳам киши нотўғри идрок қилади – иллюзия ҳосил бўлади.
Хаёл жараёнларининг нерв системасининг касаллик ҳолатига боғлиқ бўлган бу ҳусусиятлари паталогик ҳодисалар соҳасига тааллуқли ҳусусиятлардир. Биз кучли хаёл тўғрисида ижобий маънода гапирган вақтимизда, нерв системасининг нормал ҳолатида ўтадиган хаёлни кўзда тутамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |