Рене Декарт (1596– 1650)
Француз философи, математиги ва табиатшуноси Р.Декарт ҳам, Бекон ва Гоббслар сингари, табиат фанларидаги тажриба методига катта аҳамият беради. Лекин, айни вақтда у рационалистик методнинг ҳимоячиси ҳам бўлиб чикди. Декартнинг айтишича, бу метод ҳатто тажриба (эмпирик методи)дан ҳам мукаммалроқдир. Декарт мисол тариқасида дедуктив методга асосланган, бинобарии, энг аниқ фан бўлган математикани кўрсатади. Декартнинг фикрича, тўлиқ илмий философия системаси, шу жумладан психология ҳам, фақат рационалистик метод асосидагина кўрилиши мумкин.
Декарт ўзининг психология соҳасидаги таълимотини, асосини ўзининг «Руҳ эҳтирослари ҳақида» деган асарида баён қилган.
Декарт тана билан руҳни бир-бирига мутлақо қарама-қарши деб ҳисоблайди. Тананинг моҳияти, барча моддий нарсаларники сингари, ўрин ишғол қилиш, фазовийликдир, руҳнинг моҳияти эса тафаккурдир (Декарт сезги, тасаввур ва иродани ҳам шунга киритади): Декартнинг фикрича, руҳ фақат инсонларга хосдир, ҳайвонлар эса аксинча, руҳга эга эмас. Ҳайвонлар – мураккаброқ машинадир, холос. Инсон танаси ҳам худди шундай мураккаб машинадир. Руҳнинг фаолияти сезгилар, хотира, тафаккур, ирода – ўз қонуниятларига, яъни руҳий қонунларга биноан рўй беради, тананинг фаолияти (ҳаракат) эса механика қонунларига биноан рўй беради. Шундай қилиб, психик ва физиологик (моддий) жараёнлар параллел ҳолда рўй беради. Шунинг учун ҳам Декарт XX асргача бўлган психологияда кенг тарқалган назариянинг, яъни психофизик параллелизм таълимотининг асосчиси ҳисобланади.
Декарт таълимотига кўра, руҳ ва таннинг бир-бири билан алоқаси руҳнинг танада бўлишидан келиб чиқади, холос. Декарт руҳнинг макони миянинг асосида жойлашган шишасимон без деб таҳмин қилди. Декарт замонасида шишасимон без фақат одамлардагина топилган эди. Бироқ тез вақт ичида у бир қанча ҳайвонларда ҳам топилди, албатта, бу Декартнинг руҳ ва тананинг муносабати ҳақидаги таълимотини рад этилишига сабаб бўлди.
Декарт инсон организмини ўрганишга катта эътибор берди. Унинг таълимотига кўра, организмнинг фаолияти айрим-айрим иплар сингари организмга тарқалган ва бир марказда - мияда бирлашадиган нервлар ёрдами билан амалга оширилади. Шу нервлар системаси орқали организм сезади, идрок қилади ва атрофдаги олам ҳодисаларини билади. Нерв иплари орқали миядан у ёки бу жавоб – мушак ҳаракатларига берилади. Масалан, Декарт биринчи бўлиб нерв физиологик жараёнларнинг механизмини аниқлади, физиологияга «рефлекс» тушунчасини киритди. Хусусан, кейинчалик «шартли рефлекслар» деб ном олган нервлар ўртасидаги янги боғланишлар механикасини ҳам у тасвирлаган.
Шунинг учун ҳам гениал рус физиологи И.П.Павлов ўз институтида француз философи Декартнинг хайкалини ўрнатган.
Декарт тажрибага асосланган текшириш йўли билан ҳосил қилинадиган билимларга катта аҳамият берган. Лекин шунинг билан бирга, математика ва философияга доир энг умумий тушунчалар тажрибадан ҳосил қилинмайди, балки улар бизда туғма ҳолда мавжуддир. Бу ерда Декарт Платон ва ўрта аср реалистлари томонидан тарғиб қилинган «туғма идеаллар» ҳақидаги таълимотни қувватлантирди.
Шундай қилиб, Декарт психика (руҳ) ҳақидаги таълимотида ўтакетган идеалист, табиат ҳақидаги, ҳайвон ва инсон ҳақидаги таълимотда эса механистик материалист эди.
Хуллас, Декарт, мутафаккир сифатида бир оёғи билан Ўрта асрларда, иккинчи оёғи эса янги даврда турган дейиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |