Диққатнинг кучи ва барқарорлиги.
Диққатнинг кучи ва барқарорлиги унинг айниқса муҳим хоссасидир. Диққатнинг кучи турли даражада бўлиши – диққат кучли ва кучсиз бўлиши мумкин. Диққат қанчалик кучли бўлса, у диққат объектига шунчалик кўп тўпланади, бошқа, айни вақтда кераксиз бўлган нарсаларга шунчалик кам чалғийди. Биз ташқи томондан диққатнинг кучи тўғрисида асосан, унинг чалғиш даражасига қараб ҳукм чиқарамиз. Ўқувчининг диққати ҳар хил, ҳатто кучсиз даражадаги четки қўзғовчилардан, чунончи, қаламнинг тушиб кетишига, қушни партадаги ўртоқларининг пичирлашганига, коридорда бўлаётган гапларга чалғиб кетаверса – бу айни вақтда ўқувчининг диққати кучсизлигидан далолат беради. Агар ўқувчи бундай четки қўзғовчилар (баъзан ҳатто кучли қўзғовчилар) таъсирини ҳам гўё «сезмай», балки муайян бир ишга берилиб қунт билан ишласа, бу айни вақтда ўқувчи диққатининг кучлилигидир.
Энг кучсиз диққат, одатда, тарқоқ диққат, паришон диққат ёки тўғридан-тўғри паришонлик дейилади. Паришонлик одамнинг ўз диққатини бирон-бир муайян ишда тутиб тура олмаслигидир. Паришонликда одамнинг диққати бир нарсадан бошқа бир нарсага беихтиёр равишда ўтиб туради, бу нарсалардан биронтасида ҳам тўхтаб турмайди. Паришонлик ҳолатини биз болалар ҳаётининг дастлабки кунларида учратишимиз мумкин: ёш бола диққатини ҳали ҳеч бир нарса устида тутиб тура олмайди. Паришонлик ҳолати катта ёшдаги одамларда ҳам бўлади, масалан, чарчаганда нерв касаллигига дучор бўлганда, нерв системаси заҳарланганда катта ёшдаги одамлар ҳам паришон бўлиб қолади. Мактабда паришонхотир ўқувчилар учраб туради. Бундай ўқувчилар ҳамиша ҳамма ёкка «аланг-жаланг» қилаверади, бирон нарса устида диққатини тутиб тура олмайди. Болаларни паришон бўлиб қолишларига, кўпинча, ясли ва мактабда улар диққатини етарли даражада тарбияламаслик сабаб бўлади.
Паришонликни одамнинг ҳеч бир нарсага диққат қила олмаслиги деб тушуниш ярамайди. Одам ҳамиша диққат қила олиш қобилиятига эгадир, лекин одам диққатининг тўпланиш даражаси ҳамма вақт бир хил бўлавермайди. Паришонлик-бу энг кучсиз диққатдир, мия пўстида қўзғалган жойнинг кучсиз бўлишлигидир.
Диққат ҳаддан ташқари кучли бўлганида ҳам алоҳида паришонликни кўриш мумкин. Энг кучли диққатда онгимиз диққат қаратилган нарсага батамом тўпланади ва кам чалғийди ёки ҳатто бошқа кучли қўзғовчилар таъсир қилиб турганида ҳам сира чалғимайди. Одам нарсага жуда берилиб кетганда вазиятни унутиб қўяди, теварак-атрофдагиларнинг гапи қулоғига кирмайди, ўзининг одатланган иш-ҳаракатларини сезмай қолади. Диққат кучли бўлган вақтда одамнинг паришон бўлиб қолишини ҳар бир киши ўз тажрибасидан ёки бошқа одамларда кўрганларидан яхши билади. Масалан одам ҳаддан ташқари қувонган вақтда мана шундай паришон бўлиб қолади. Одамнинг қувонишига сабаб бўлган нарса ҳодисалар баъзан одам онгини ўзига шу қадар жалб қилиб оладики, бошқа ҳеч бир нарса унинг онгига бориб етмайди ёки етса ҳам, жуда қийинчиликлар билан бориб етади. Одам ҳаддан ташқари хурсанд вақтида шу хурсандчилик уйғотган объектга тааллуқли нарсаларнигина идрок қилади, фақат шу нарсалар тўғрисидагина ўйлайди. Баъзан бирон-бир жуда қизиқарли роман ўқиганда, математикадан мураккаб бир масалани ечганда ва умуман бирон фаолиятга жуда берилиб кетган вақтда бизда ҳам шундай паришонлик ҳолати содир бўлади.
П. Павлов бундай паришонликнинг физиологик асосини кўрсатиб берган: «Ўйга чўмиб кетганимизда, бирор ишга жуда берилганимизда теварак-атрофимизда бўлаётган нарсаларни кўзимиз кўрмайди, қулоғимиз эшитмайди – бу яққол манфий индукциянинг юз беришидир». (III том, 2-китоб, 335-бет) Бунинг маъноси, бош мия пўстининг бир участкасида содир бўлган қўзғалиш пўстнинг бошқа участкаларини тормозлайди, демакдир.
Диққатнинг барқарорлиги. Диққат маълум даражада барқарор ва беқарор бўлиши мумкин.
Узоқ муддатгача бир нарсанинг ўзига қаратилиб тура оладиган диққат барқарор диққат дейилади. Агар диққат бирон бир фаолият жараёнида бошқа нарсаларга, кераксиз нарсаларга чалғийверса ёки тез сустлашиб ва сўниб қолса, бундай диққат беқарор диққат дейилади. Масалан, ўқувчи бутун дарс давомида дарснинг боришига диққат қилиб ўқитувчининг тушунтиришларини бошқа нарсаларга чалғимай тинглаб борса, биз ўқувчининг диққатини барқарор диққат деймиз. Борди-ю, ўқувчи ўқитувчининг тушунтиришларига аввал бошда қулоқ солиб бориб, лекин 10–15 минутдан кейин бошқа нарса билан шуғулланса ёки бошқа нарсалар тўғрисида хаёлга берилиб кетса, ёки ўқитувчининг тушунтиришидаги айрим моментларни «эшита олмай қолибман» деса, ё бўлмаса китоб ўқиса-ю, унинг мазмунининг айрим моментларига «эътибор бермабман» деса, бундай диққат беқарор диққат дейилади.
Диққатнинг барқарор диққат ёки беқарор диққат турига киришини кўрсатувчи қатъий белгиланган бирор-бир меъёр, кўрсаткич йўқ ва бундай меъёр, кўрсаткичнинг бўлиши мумкин ҳам эмас. Диққатнинг барқарорлигини диққатнинг тури – ихтиёрий ва ихтиёрсизлигига қараб, шунингдек, бирон-бир турдаги диққат билан бажарилаётган ишнинг мазмуни ва характерига қараб ҳар хил баҳо бериш мумкин.
Ҳар бир кишининг диққати амалиётда, фаолият жараёнида, тарбия қилиш ва ўз-ўзини тарбиялаш йўли билан ўсиб, маълум даражада кучли ва барқарор диққат бўлиб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |