4-мавзу: Ўқитувчи касбининг психологик хусусиятлари
Режа:
1. Ўқитувчи ҳақида буюк мутафаккирларнинг фикрлари.
2. Ўқитувчининг шахсий хислатлари, касбий билими, касбга хос малакаси.
3. Ўқитувчининг педагогик қобилиятлари.
Таянч иборалар: ўқитувчилик касби, мутафаккитларнинг фикрлари, шахсий хислатлар, касбий жиҳатлар, кўникма ва малака, ўқитувчига хос қобилиятлар, педагогик қобилиятлар.
Мустахкамлаш учун саволлар:
1. Ўқитувчининг шахсий хислатларига нималар киради.
2. Касбий билим деганда нимани тушунасиз.
3. Педагогик қобилиятларни санаб беринг.
4. Касбга хос малакалар нима?
Ўқитувчилик инсон жамияти тарихи бошлангандан эътиборан давом этиб, шу билан бирга ҳамма вақт жамият ва жамоатчилик томонидан эътиборга лойиқ эъзозлаб келинган касбдир.
«Ўқитувчи-дейди Ал Форобий - ақл-фаросатга, чиройли нутққа эга бўлиши ва ўқувчиларга айтмоқчи бўлган фикрларини тўла ва аниқ, ифодалай олишни билмоғи зарур». У ўз фикрини давом эттириб, «Ўқитувчи ва раҳбарнинг вазифаси доно давлат раҳбари вазифасига ўхшайди, шу сабабли ўқитувчи эшитган ва кўрганларининг барчасини эслаб қолиши, ақл-фаросатга, чиройли нутққа эга бўлиши ўқувчиларга айтмоқчи бўлган фикрларини тўла ва аниқ, ифодалаб беришни билмоғи лозим. Шу билан бирга ўз ор-номусини қадрлаши, адолатли бўлиши лозим. Ана шундагина у инсонийликнинг юксак даражасига эга бўлади ва бахт чўққисига эришади» деб таъкидлайди.
Қомусий олим Абу Али ибн Сино фикрича, «Ўқитувчи матонатли, соф виждонли, ростгўй ва болани тарбиялаш методларини, ахлоқ-қоидаларини яхши биладиган одам бўлмоғи лозим. Ўқитувчи ўқувчининг бутун ички ва ташқи дунёсини ўрганиб унинг ақл қатламларига кира олмоғи лозим».
Насириддин Тусий ўзининг «Ўқитувчиларни тарбиялаш тўғрисида» асарида шундай дейди: «Ўқитувчи мунозараларини олиб боришда исбот қилишни билиши, ўз фикрларининг тўғрилигига ишониши, нутқи эса мутлақо тоза, жумлалари мантиқий ифодаланадиган бўлиши лозим. Ўқитувчи нутқи ҳеч қачон ва ҳеч қаерда захархандалик, қўпол ёки қаттиқ бўлиши мумкин эмас. Дапc пайтида ўқитувчининг ўзини тута олмаслиги ишни бузиши мумкин».
Юсуф Хос Хожиб Қошқарий «Мен аъзолар касаллигини даволашдан олдин одамларнинг руҳиятини даволашни зарур деб топдим. Бунга мен ўқитувчилик йўли билан эришаман, бунга менинг ишончим комил. Чунки аъзолар касаллиги билан юзларча, мингларча одамлар ҳалок бўлсалар, нодонлик билимсизлик туфайли ўн минг ва юз мингларча одамлар ҳалок бўладилар....»
Жомий бола дунёқарашининг камол топишида мактаб ва муаллимнинг ролига катта баҳо беради. Унинг фикрига қараганда, муаллим ақлли, адолатли, ўзида барча юксак фазилатларни мужассамлаштирган бўлиши керак. Ўзини номуносиб тутган одам, ҳеч вақт болаларга билим бера олмайди, деган фикрни билдиради.
Улуғ шоиримиз Алишер Навоий ҳам ўқитувчи меҳнатини холисона баҳолаб «Агар шогирд подшоликка эришса ҳам унга (муаллимга) қуллуқ қилса арзийди». «Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила, айламак бўлмас адо онинг ҳаққин юз ганж ила» каби сатрларни битган.
Алломаларимиз томонидан билдирилган қимматли фикрлари ҳозирги кунгача ўз аҳамиятини ёшотган эмас. Шунингдек таълим жараёнида ўқитувчи шахси, унинг касбий хусусиятлари борасидаги фикрлар атрофлича баён қилинган.
Ўқитувчининг ўрни ва унинг вазифалари ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш ишига жамият ва жамоатчилик томонидан эътибор қаратилишининг нақадар муҳим аҳамиятга эгалиги билан белгиланади. Замонавий ўқитувчи ижтимоий психолог бўлмаслиги мумкин эмас. Шунинг учун ҳам у ўқитувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни йўлга солиш, болалар жамоасида ижтимоий-психологик механизмлардан фойдаланишни билиши зарурдир.
Ўқитувчи педагогик жамоа аъзоси сифатида педагогик фаолиятни уюштиришда бевосита иштирок этиб, турли фан ўқитувчилари ва синф раҳбарларининг методик бирлашмаларида ишлайди, топшириқларни бажаради. Ҳар бир ўқитувчи ўқувчиларнинг ота-оналари ва жамоатчилик олдида маърузалар ўқиб, суҳбатлар олиб борар экан, демак у педагогик билимлар тарғиботчиси ҳамдир. Вазифаларнинг шу қадар кўплиги учун ҳам жамиятнинг ўқитувчилар олдига қўядиган талаблари хилма-хилдир.
Маълумки педагогик фаолият — киши меҳнатининг энг мураккаб соҳаларидан биридир.
Жамият томонидан қўйиладиган талаблардан энг муҳими ўқитувчи шахси ва унинг касби билан боғлиқ. хислатларга қаратилган.
Ўқитувчининг энг муҳим шахсий хислатлари қўйидагилардир:
- ижтимоий жавобгарликни юксак даражада ҳис этиш;
- олижаноблиги, ақл-фаросати, маънавий пок ва маърифат бўйича юксак мақсадларга мос келиши, бундай хислатларни жамият хоҳиши бўйича болаларга сингдириб бериши;
- ўзини қўлга ола билиши, сабр-тоқатли, матонатлигидир.
Жамиятнинг ўқитувчилик касбига қўядиган асосий талаблари қуйидагичадир:
шахсни маънавий-маърифий томондан тарбиялашнинг миллий уйғониш мафкурасининг ҳамда умуминсоний бойликларининг моҳиятини билиши, болаларни мустақиллик ғояларига содиқлик руҳида тарбиялашни билиши, ўз ватани, табиатига ва оиласига бўлган муҳаббати;
Do'stlaringiz bilan baham: |