Чўлланишга қарши кураш тадбирлари.
Чўлланишга қарши кураш тадбирлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. Тупроқ деградацияси ҳажмини қисқартириш ёки унинг олдини олиш;
2. Қисман деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш;
3. Чўлланиш жараёни ривожланаётган ерларни қайта тиклаш;
Ўзбекистон Республикасида тупроқ деградатациясининг олдини олишга қаратилган бир қатор қарорлар ишлаб чиқилган бўлиб, уларда бир қатор тадбирларни амалга ошириш белгилаб қўйилган. Бундай тадбирларга қуйидагилар киради:
Тупроқ эрозияси ва деградацияси, шамол ва гармселдан муҳофаза қилиш мақсадида биомелиоратив тадбирларни қўллашни кенгайтириш, ихотазорлар барпо этиш ва қайта тиклаш ҳамда ўрмон фонди ерларида чўл-озуқабоп ўсимликлар плантациялари ва уларни ташқи экологик омиллардан муҳофаза қилувчи яйловларни яратиш.
Қишлоқ хўжалиги ерлари деградациясининг олдини олиш ва уни кескин камайтириш ҳисобига тупроқ унумдорлигини ошириш.
Тупроқ унумдорлигини ошириш, тупроқ эрозияси ва деградациясининг олдини олишга қаратилган илмий тадқиқотларни олиб боришни жадаллаштириш.
Тупроқ унумдорлигини ошириш, тупроқ эрозияси ва деградациясининг олдини олишга қаратилган илмий-тадқиқотларни олиб боришни жадаллаштириш [13]. Агротехник тадбирларда ерни текислаш (режалаштириш), қияликларни шакллантириш, тупроқнинг юза қатламини олиб ташлаш, тупроққа унумдор қатламларни ётқизиш, гидротехник ва мелиорация иншоотларини қуриш, заҳарли юза жинсни кўмиб ташлаш ҳамда ерлар деградацияси, атроф-муҳитга бузилган ерларнинг салбий таъсирларини олдини олиш, истиқболда ерлардан белгиланган ва рухсат этилган мақсадда фойдаланиш учун бошқа ишларни амалга ошириш. Бунинг учун тупроқларнинг агрофизик, агрокимёвий, биокимёвий ва бошқа хусусиятларини яхшилашга қаратилган агротехник ва фитомелеоратив тадбирлар мажмуасини амалга ошириш.
Деградацияга учраган ерларни консервация қилиш. Бунинг учун унинг майдони, жойлашган жойи, деградация даражасини аниқлаш, консервация қилиш тугагандан сўнг ер участкасидан белгиланган мақсад ва рухсат этилган йўналишда фойдаланилишни ҳисобга олган ҳолда, ерларни консервация қилиш бўйича режалаштирилган тадбирлар ва техник ечимларнинг экологик ва иқтисодий асосномаларини ишлаб чиқиш;
Ерларнинг деградацияси даражасини пасайтириш, бузилган ерларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ва келгусида деградацияга учрашининг олдини олиш бўйича масадга эришиш учун ерларни консервация қилиш бўйича маълум тадбирларни амалга ошириш.
Ерларни консервация қилиш деградацияси даражасини пасайтириш, атроф-муҳитга салбий таъсирларни ва ерларнинг кейинчалик деградациясининг олдини олиш мақсадларига эришишни таъминлайди [22].
Чўлланишга қарши кураш Ўзбекистон Республикасининг барқарор ва бир текис ривожланишида ҳам муҳим ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, давлат сиёсати қуйидаги 3 таркибий қисмга йўналтирилиши лозим:
а) чўлланишга қарши олиб бориладиган тадбирлар;
б) табиий муҳит ҳолати ва назоратини кузатиш тизимини ташкиллаштириш;
в) чўлланишнинг олдини олишга қаратилган илмий лойиҳалар ишлаб чиқиш [64].
Маълумки, чўлланишга қарши кураш ва чўлланиш жараёнининг олдини олишга хизмат қиладиган табиий заҳиралардан фойдаланиш ҳозирги кунда барча давлатлар учун долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди. Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки чўлланиш жараёни мамлакатимизнинг катта қисмини эгаллаганини кўрсатмоқда. Чўлланиш жараёнининг қуйидаги асосий омиллари мавжуд:
- табиий иқлим шароитларининг ёмонлашиши, иқлимнинг кескин континенталлиги, қурғоқчиликнинг кучайиши, қуёш радиациясининг кучайиши;
- Орол денгизининг қуриган ҳудудидан шамол билан чанг ва тузларнинг атроф муҳитга тарқалиши:
- экотизимларда табиий заифликниг ортиши, хусусан, чўл экотизимида ўсимлик дунёсининг камайиши, сув оқимлари таъсирида, жарликлар ва ўпирилишларнинг кўпайиши;
- тупроқнинг деградацияга учраши ва шўрланиши [43].
Ўзбекистон Республикаси қурғоқчилик оқибатларини юмшатиш
ва чўлланишга қарши кураш ишларининг долзарблигини ҳисобга олиб БМТ томонидан чўлланишга қарши кураш бўйича олиб бораётган барча тадбирларда фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-4204-сонли қарори тасдиқланди.
БМТ чўлланишга қарши кураш тадбирлари 1994 йилнинг 7 декабрида имзоланган ва 1995 йилнинг 31 августида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Парламенти) томонидан тасдиқланган бўлиб, унда Ўзбекистон давлат салоҳиятини мақсадли ривожлантиришни талаб этувчи бир неча мажбуриятларни ўз зиммасига олди.
Чўлланиш жараёнига қарши курашишнинг комплекс усулларидан бири ташкилий хўжалик ва агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳисобланади. Ушбу комплекс тадбирларга тупроқ юза қисми емирилиши(бузилиши)нинг олдини олишга қаратилган тадбирлар киради.
Тупроқ юза қисми емирилган-эрозияга учраган ерларнинг умумий унумдорлигини ошириш йўллари мавжуд. Бунинг учун эрозияга учраган ерларда маълум агротехник қоидалар асосида қишлоқ хўжалик экинларини экиш тадбирларини ташкил этиш лозим. Бундай тадбирлардан бири алмашлаб экиш ҳисобланади. Эрозия кучли ривожланган суғориладиган ерларда, яъни кучли ва ўртача тезликда эсадиган шамоллар таъсири остида бўлган ерларда вегетация даври узун бўлган экинларни алмашлаб экиш яхши самара беради. Тупроғи ювилиб кетиш хавфи юқори бўлган қумли жойларда дуккакли – ғалла экинларидан иборат эни 9 метрли поласалар ташкил этиш ҳамда уларни эни 30 м келадиган ғўза ёки бошқа асосий экинлар билан алмашлаб экиш яхши самара беради.
Юза қисми шамол таъсирида осон емирилиб кетадиган тупроқни ҳимоялаш учун бу жойларга баланд бўйли экинларни ҳар 25 – 30 метрда экиш лозим. Шамол кучли бўлган жойларнинг тупроғини ҳимоялаш учун ерни қўшимча равишда 1 – 2 марта суғориш, шу йўл билан тупроқ намлигини ушлаб туриш керак.
Бундан ташқари тупроқ ҳолатини яхшилашга картошкадан бошқа барча полиз ва сабзавот ҳамда ғўзаларни экиш меъёрини ошириш, қўшимча органик ва минерал ўғитлар солиш, сидератлардан фойдаланиш ҳам тупроқ структурасини яхшилашга хизмат қилади. Бундай чоралар тупроқ таркибида биологик массани кўпайтиришга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида тупроқнинг Эрозияга чидамлилиги ошишига хизмат қилади.
Ташкилий – хўжалик тадбирларга экинлар экиладиган ерлар микрорельефини назорат қилиб туриш, экиш ва экилган экинларни қайта ишлаш жараёнида қияликларнинг оптималлигини таъминлаш муҳим ўрин тутади. Маълумки, сув тупроқнинг юза қисмини ювиб кетиб унинг ҳосилдор қисмининг емирилишига сабаб бўлади. Шундан келиб чиқиб лалмикор ерларни эрозиядан ҳимоя қилиш учун қия жойларни кўндалангига ҳайдаш, поласали чуқур қилиб юмшатиш, кузги шудгорлашдан кеийн молалаш
ва эгатлар олиб чиқиш яхши самара беради.
Яйловларнинг экологик ҳолатини сақлаб қолиш ва уларнинг маҳсулдорлигини оширишнинг муҳим талабларидан бири, бу яйловларда мол боқишни тартибга солиб туриш ҳамда фитомелиоратив тадбирларни қўллашдир. Чўл яйловларида фитомелиорация тадбирларини олиб боришнинг назарий асослари Қоракўлчилик илмий текшириш институти ҳамда Ботаника институти ходимлари томонидан асослаб берилган. Бу асосга кўра Ўзбекистонда 3,1 млн гектар ер ёки яйловларнинг 15 % ни тубдан яхшилаш дастури тузилган [65].
Do'stlaringiz bilan baham: |