225
Улар орасида ижтимоий характерга эга декоратив портретларни бирламчи аҳамият эга
тенденция сифатида ажратиш мумкин. “Янги давр одамлари” -дала меҳнаткашлари, эркинликка
эришган аёллар, ижодкор ва зиёлиларнинг умумлаштирилган образлари гавдаланган мазкур
асарларда янги типологик талқинлар илгари сурилган. Бу изланишлар 1920 йилларнинг
иккинчи ярмидан бошлаб, А.Волков ва унинг бригадаси аъзолари Ў.Тансиқбоев, Н.Карахан,
А.Подковиров, А.Сиддиқий, шунингдек, М.Курзин,
О.Татевосян, Б.Пестинский, Е.Коровай
портретларида устуворлик қилган. Уларнинг ижодида Ғарб санъатидаги илғор бадиий
оқимларнинг миллий мерос билан ўзаро таъсири аниқ кўринади.
Анъаналарга мурожаат масаласи А.Исупов, А.Николаев (Уста Мўмин), Г.Никитин,
В.Маркова каби рассомларнинг портретларида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Марказий Осиёга
сафар уюштирган К.Петров-Водкин, П.Кузнецов, Д.Степанов каби рус рассомлари таъсирида
1920 йилнинг бошида Самарқанда шаклланган ушбу ижодий гуруҳ Ғарб ва Шарқ мумтоз
санъатидаги анъаналарни бирлаштирган ҳолда, Шарқ одамларини акс эттирувчи ретроспектив
портрет шаклини ишлаб чиқди. Ижтимоий долзарбликка эга декоратив портретлардан фарқли
равишда, бу рассомларнинг ижодида миллий ва умумбашарий меросни уйғунлаштиришга
интилиш устунлик қилади.
Формал ечимлар билан боғлиқ изланишлардан ташқари, Н.Розанов, И.Казаков, Л.Бурэ,
П.Беньков, В.Рождественский, М.Аринин каби рассомларнинг реализм ва импрессионизм
анъаналарини давом эттирган портретлари ҳам алоҳида йўналишни ташкил этади. 1920-1930
йиллар Ўзбекистон рангтасвирида “яхлит бадиий мактаб” аломатларини кўрган В.Рактиннинг
фикрига кўра, бу талқин методлари маҳаллий муҳитда ишлаб чиқилмагани учун Шарқ ҳаётини
тўла даржада очиб бермаган (6.1. 33-б.). Бироқ реализм ва импрессионизм йўналишидаги
изланишлар портрет жанрининг кейинги ривожида хал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.
Юқорида белгилаб ўтилган, ижодий тенденциялар билан бир қаторда автопортрет
жанридаги асарларни ҳам специфик характерга эга алоҳида йўналиш сифатида қайд этиш
лозим. Уларнинг портрет жанри генезисидаги роли деярли ўрганилмаган. Мазкур муаммога
биринчилардан бўлиб эътибор қаратган А.Умаров таъкидлаганидек, 1920-1930 йилларда деярли
барча рассомлар автопортрет жанрига мурожат қилишга эҳтиёж сезишган (9.1.). А.Волков,
Ў.Тансиқбоев,
Н.Карахан,
А.Подковиров,
Е.Коровай,
Л.Буре,
В.Рождественский
автопортретлари рассом шахсияти, ижодий изланишларига янада чуқур, индивидуал кесимда
назар солишга имкон беради. Масалан, А.Волковнинг “ижодида аҳамиятга молик ҳар бир
муҳим давр автопортрет билан бегиланиб, унда янги ёндашувлар синовдан ўтказилади,
мустаҳкамланади, босиб ўтилган йўл сарҳисоб қилинади” (9.2., с 88).
Портрет жанрида кузатилган мавжуд тенденциялар санъатшуносликда алоҳида мавзу
сифатида ўрганилмаган. Тадқиқотчилар кўп холларда, тор доирадаги асарларни баҳолаш билан
чекланишган. Бунга мафкуравий омиллар билан бир қаторда, 1920-1930 йилларга оид асарлар
тарқоқ ҳолатда сақлангани, музейлар фондида ўрганилмай қолиб кетгани сабаб бўлган.
Мазкур давр рангтасвирида кечган жараёнлар кўп векторли характерга эгалиги,
хусусан, портрет жанрининг шаклланиши билан боғлиқ ўрганилмаган аспектларларнинг
мавжудлиги муаммога янада чуқур назар солишни, янги ижодий материлларни илмий
муомилага киртишни ва уларни таснифлашни талаб қилмоқда. Бу миллий портрет жанри
ҳақидаги мавжуд илмий қарашлар доирасини кенгайтириши, рангтасвирда кечган мураккаб
ижодий изланишларда портретнинг ролини янада чуқур англашга ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: