Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти Махсус хуқуқий фанлар кафедраси доценти Д.К. Мусаев, кафедра бошлиғи С.Х. Шомирзаев ва «Қайта тайёрлаш ва малака ошириш» факултети «Тил ва психологик тайёргарликни ривожлантириш» маркази катта ўқитувчиси М.С. Қодиров томонидан тайёрланган «Таможенный профайлинг» номли дарсликка
Т А Қ Р И З
Мамлакатимизда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Ватан ҳимояси, юрт тинчлиги ҳамда давлат келажаги учун жонкуяр, олижаноб, фидойи, ўз хизмат бурчини сидқидилдан бажарадиган виждонли ходимларни тарбиялаб етиштириш вазифасини қўймоқда. Чунончи бугунги мураккаб шароитда божхона ходимларининг Ватан, халқ олдидаги нуфузини кўтариш, унга бўлган ишончини мустаҳкамлаш бевосита ана шу ислоҳотлар самарасига боғлиқ. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (11.10.2017 йилдаги 814-сон) ҳам Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси ва Президентнинг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармонига (7.02.2017 йилдаги ПФ-4947-сон) мувофиқ фуқароларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш шароитларини жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, божхона расмиятчилигини соддалаштириш, назоратнинг самарали усулларини қўллаш, шунингдек, туризмни ривожлантириш учун янада қулай шароитларни яратиш мақсадида қабул қилинган бўлиб, бу борада ҳам бир қанча ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Ислоҳотларни амалга оширишнинг асосий йўналишларидан бири сифатида ҳозирда психологик билимларни божхона жамоаси фаолиятининг барча жабҳаларида тадбиқ этиш кўлами кенгайиб бормоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти Махсус хуқуқий фанлар кафедраси доценти Д.К. Мусаев, кафедра бошлиғи С.Х. Шомирзаев ва «Қайта тайёрлаш ва малака ошириш» факултети «Тил ва психологик тайёргарликни ривожлантириш» маркази катта ўқитувчиси М.С. Қодиров томонидан тайёрланган «Таможенный профайлинг» номли дарслик яратилди. Ушбу дарслик Божхона институтининг «Божхона иши» ҳамда «Юриспруденция» таълим йўналиши курсантлари, шунингдек Давлат божхона хизмати органлари тизимида фаолият юритаётган барча шахсий таркиб ҳамда Божхона институти олий менежмент, малака ошириш курси ва Миллий Кинология маркази тингловчилари учун мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда ўзининг долзарблиги билан алоҳида ўрин тутади.
Божхона органларининг ўзгаришларга бой фаолияти ҳар бир ходимдан психологик ҳодисалар қонуниятларини билиш ва шунга мос тарзда оқилона иш юритиш заруратини талаб қилмоқда. Зеро, божхона соҳаси ўзининг мураккаб, комплекс хусусиятига кўра турли мазмун ва тоифадаги психологик ҳолатларни ўрганишни тақозо этади.
Божхона ходими янги давр психологияси талабларига мос равишда, аввало, ўзини, ўз психологик имкониятларини билиши, бу борадаги камчиликларини бартараф этиши лозим. Шунингдек «ён-атрофдагилар» ва уларнинг психологиясини яхши билиши, божхона чегарасидан ўтаётган фуқаролар билан мулоқот ўрнатиши ва уларни божхона назоратидан ўтказишда психологик тактикадан самарали фойдалана билиши лозим.
Таъкидлаш лозимки, ушбу дарсликда юқоридагиларни инобатга олиб психология методларидан бири бўлмиш божхона ходимлари фаолиятида жуда муҳим бўлган профайлинг методининг асосий қирралари очиб беришга ҳаракат қилинган.
Алоҳида кўрсатиб ўтиш лозимки, мазкур дарслик содда ва равон тилда шарҳлаб берилган бўлиб, бу борада бир қатор психолог олимларнинг илмий ишларидан фойдаланилганлигини кўришимиз мумкин. Шунингдек ўқув қўлланмада, муаллифнинг божхона амалиёти билан боғлиқ назарий ва амалий фикр мулоҳазалари ҳам баён этилган.
Ушбу дарслик божхона назоратида профайлинг методи тўғрисида муҳим маълумот манбаи бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, божхона органлари ходимлари фаолиятида божхона назоратини ўтказиш жараёнида профайлинг методининг афзалликлари ва икки йўлакли тизим шароитида ушбу методдан фойдаланиш анча сезиларли вақт тежалиши мумкинлиги баён этилган.
Ўз навбатида шуни таъкидлаш жоизки, божхона соҳасида ушбу йўналишда давлат тилида яратилган дастлабки ишлардан бири бўлганлиги сабабли, унда айрим камчиликлар, жузъий хатолар мавжуд бўлиб, ушбу камчиликлар ўқув қўлланманинг савиясига таъсир этмайди.
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, Д.К. Мусаев, М.С. Қодиров, С.Х. Шомирзаевлар томонидан тайёрланган мазкур ўқув қўлланмани чоп этишга тавсия қиламан.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва
спорт университети Спорт психологияси
ва педагогика кафедраси профессори в/б.,
психология фанлари номзоди, доцент Арзикулов Д.Н.
Do'stlaringiz bilan baham: |