Айб учун жавобгарлик принципи — шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлишидир. Айб ҳар қандай жиноий қилмишнинг субъектив томонининг зарурий белгисидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида «Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди», дейилади. Демак, айблилик ҳар қандай жиноятнинг зарурий белгиси бўлиб, жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг жиноий қилмишини квалификация қилиш ва жазо тайинлашда айбнинг шакли ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айбнинг шакли ва унинг турлари жазонинг миқдори ёки бошқача ҳуқуқий таъсир чорасини қўллашнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Ўзбекистон жиноят қонунида фақат субъектив айблилик қоидаси мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, объектив айблиликка (муайян жиноятни содир этилишида шахснинг умуман айби йўқлиги) қатъиян йўл қўйилмайди. Шахснинг қилмиши туфайли қандай оқибатлар келиб чиққанлигидан қатъи назар, агар бу оқибатлар келиб чиқишида унинг айби бўлмаса қилмиши жиноят ҳисобланмайди. Шахснинг муайян оқибатни келиб чиққанлигида айби йўқлиги унинг ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмаслиги ва ҳаракатларини бошқара олмаганлиги билан ҳам белгиланади. Шахсни муайян жиноятни содир этишда айблаш учун фақат ўша жиноятни содир этиш мақсадининг борлиги, яъни ўз ҳаракатларини идора қилиш ва ҳаракатлари туфайли келиб чиқадиган оқибатни англашнинг ўзи етарли бўлмай, қилмишнинг объектив ва субъектив томонларида ўзаро боғлиқлик бўлиши, яъни объектив томони ва субъектив томонининг бирлиги бўлиши керак. Ана шундагина шахсни муайян жиноятни содир этишда айблаб жавобгар қилиш мумкин.
Жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи — муайян жиноят таркибининг барча аломатлари мавжуд бўлган қилмишни содир этиш жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Жиноий жавобгарлик шахснинг жиноят ҳуқуқи билан тақиқланган қилмишни содир этишда ифодаланган хулқи учун жиноят ҳуқуқи нормаларини қўллаб, жавобгар қилишдан иборатдир. Жавобгарлик муқаррарлигининг моҳияти ҳам жиноятчиликка қарши кураш ёки унинг олдини олишнинг муҳим шартларидан бири ҳам, жиноят содир қилган битта шахс ҳам жавобгарликсиз қолмаслигидадир.
Жиноий жавобгарлик фақат шахс билан давлат ўртасида (давлат номидан ҳуқуқни амалда қўлловчи органлар) вужудга келган жиноят ҳуқуқий муносабатлар бўлиб, жиноят содир қилган шахсда давлат олдида (ҳуқуқни амалда қўлловчи органлар олдида) жавобгар бўлиш, давлатда эса уни жавобгар қилиш мажбурияти вужудга келади. Жиноий жавобгарлик, аввало, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ва жазо қўллаш билан боғлиқдир.
Жиноят содир қилган шахсни жавобгарликка тортиш муқаррар бўлиб, аммо ҳар доим ҳам жазо қўллаш билан боғлиқ бўлмаслиги мумкин. ЎзР ЖК Умумий қисмининг 7-бобида жавобгарликдан, 8-бобида жазодан озод қилиш тўғрисидаги нормалар кўзда тутилган. Демак, жавобгарликка тортиш тушунчаси анча кенг тушунча бўлиб, айбдорга нисбатан жазо қўллаш ёки жавобгарликдан ёхуд жазодан озод қилиш масаласи фақат жиноят учун жавобгарликка тортилганидан кейингина қўлланиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |