Формал таркибли жиноятларда келиб чиққан зарарли оқибат жиноят таркиби доирасига жиноят таркибининг зарурий белгиси сифатида киритилмаган ва Махсус қисми моддаси диспозициясида кўрсатилмаган бўлади. Бундай таркибли жиноятларда фақат қилмишнинг ўзи кўрсатилади. Бундай таркибли жиноятларга масалан, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш (128-модда), давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш (215-модда), Халқаро учиш қоидаларини бузиш (265-модда) ва ҳоказоларни айтиш мумкин.
Кесик таркибли жиноятларда жиноят таркиби объектив томонини ифодаловчи қонунда белгиланган ҳаракат ёки ҳаракатсизликнинг ўзигина эмас, балки ижтимоий хавфли оқибатнинг аниқ келиб чиқиши учун хавф туғдирувчи, аммо ушбу оқибат жиноят таркиби объектив томонининг зарурий белгиси сифатида жиноят таркиби доирасига киритилмаган жиноятлар киради. Айрим муаллифлар кесик таркибли жиноятларни формал жиноятларнинг бир кўриниши деб ҳисоблайдилар42[42]. Масалан, босқинчилик (164-модда), товламачилик (165-модда), жиноий уюшма тузиш (242-модда) ва ҳоказолар.
Кесик таркибли жиноятларда жиноий ҳаракатнинг тамом бўлиш вақти олдинроққа сурилиб, ушбу жиноятни тамом бўлган, деб ҳисоблаш учун ЖК Махсус қисмининг шундай таркибли жиноятлар учун жавобгарликни белгиловчи моддасининг диспозициясида кўрсатилган ҳаракатни содир қилишнинг ўзи етарлидир. Жумладан, босқинчилик жинояти ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ёки шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитишнинг ўзи тамом бўлган жиноят ҳисобланади.
Бунда жиноятчи мулкни қўлга киритган ёки киритмаганлиги-нинг аҳамияти йўқ. Мулкни қўлга киритганлик оқибати жиноят таркиби доирасидан ташқарида қолмоқда.Қилмиш эса тамом бўлган жиноят (босқинчилик) деб квалификация қилинаверади.
Жиноят таркибини ана шу учта (моддий, формал, кесик) таркибли жиноятларга бўлиш нафақат назарий жиҳатдан, балки амалий жиҳатдан ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳар бир жиноятнинг белгиларини тезда аниқлаш ва қонунга мувофиқ равишда квалификация қилиш имконини беради.
Улар жиноятнинг тамом бўлиш вақтини тўғри белгилаш ва қилмишни жиноят босқичлари нуқтаи назардан квалификация қилиш учун ғоят муҳимдир. Жиноят кодекси Махсус қисмининг барча моддаларидаги жиноятлар тамом бўлган жиноят деб ишлаб чиқилган ва унда шу жиноят учун шарт бўлган жиноят таркибининг барча белгилари назарда тутилган (шу жумладан кесик таркибли жиноятларда ҳам). Шунга кўра жиноий қилмишда ЖК Махсус қисмининг муайян моддасида назарда тутилган жиноят таркибининг зарурий белгиларининг барчаси бўлиши керак. Моддий жиноятларда ЖК Махсус қисмининг моддасида назарда тутилган жиноий оқибат юз берсагина жиноят тамом бўлган ҳисобланади.
Формал таркибли ва кесик таркибли жиноятларда эса ЖК Махсус қисми моддасида назарда тутилган ҳаракатни содир этишнинг ўзи билан жиноят тамом бўлган ҳисобланади. Формал ва кесик таркибли жиноятларда жиноий оқибат келиб чиққан тақдирда ҳам қилмишни квалификация қилишга таъсир қилмайди. Моддий жиноятларда эса қонунда назарда тутилган оқибат юз бермаса, қилмиш ЖК Умумий қисмининг 25-моддаси орқали квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |