Нутқий равонликни бузувчи баъзи омиллар
Тил ҳодисаларини онгли идрок этмаслик турли услубий хатоларни
келтириб чиқаради. Камчилик тилда эмас, балки нутқда учрайди. Сабаби нутқ
индивидуал характерга эга бўлиб, барча сўзловчиларнинг тилдан мақсадга
мувофиқ тарзда фойдаланиши бир хил бўлмайди. Бу сўзловчининг фикрлаш
ихтидорига ва ифодалаётган фикрига муносиб ва мувофиқ тил воситаларини
танлай олиш салоҳиятига бевосита боғлиқдир. Нутқ маданияти сўз ва сўз
бирикмаларини ўз ўрнида ишлатиш, жумлаларни грамматик жиҳатдан адабий
тил меъёрларига амал қилган ҳолда тузиш, фикрни лўнда, ихчам шаклда ифода
этишни талаб қилади. Сўз нутқ ҳосил қилишнинг бош омили. Шундай экан,
56
аввало сўз танлаш, сўзларнинг нутқий имкониятларидан ўринли фойдаланиш
маданий нутқдан талаб қилинадиган биринчи шартдир.
Нутқнинг мазмун ва моҳиятига мос сўзни топиш ва мақсадга мувофиқ
қўллаш катта меҳнат маҳсули ҳисобланади. Бу тил қоидаларини яхши билиш,
сўз танлаш ва уни нутқда қўллаш жараёнида фикрнинг мантиқий йўналиши ва
моҳиятини тўғри англаш зарурлигини талаб этадиган жараёндир.
Сўздан тўғри фойдаланиш, сўзни ўрнида ишлатиш нутқнинг
мантиқийлиги ва мақсадга мувофиқлигини таъминлайди. Бинобарин, сўзнинг
ифодалилик кўлами кенг. Тилдаги ҳар бир сўз маълум бир ўринда шу сўз
ифодалайдиган бош маънога қўшимча равишда, ҳали одамлар илғаб ололмаган
қўшимча маъно нозикликларини ҳам бера олади. Тилда мавжуд бўлган ҳар бир
сўз ўз луғавий маъносига эга. Лекин бу ҳол сўзни батамом тавсифлай олмайди.
Чунки сўз матнда ўз луғавий маъносини бутунлай йўқотиши, биз
англамаган маъноларни ифодалаши мумкин. Сўзнинг турли жилолари матнда
юзага чиқади. Сўз матнда қўлланилганда луғавий маъно ифодалаганидек
грамматик маъно ҳам ифодалайди. Матнда қўлланаётган ҳар қандай сўз
луғавий ва грамматик маънолари билан шу матндаги бошқа сўзларга ҳамоҳанг
келсагина жумла равон, фикр мазмундор, ифодали ва таъсирчан бўлиб, бундай
нутқ услубан сайқал топган бўлади. Сўзни нутқда ноўрин қўллаш, беҳуда
такрорларга, қайтариқларга йўл қўйиш нутқ жозибасини бузади ва мазмунга
путур етказади.
Натижада фикрнинг мазмуни тингловчиларга тушунарсиз бўлиб қолади.
Шунинг учун сўзларни танлаш ва уни нутқда ўринли қўллаш кишидан катта
мушоҳада ва маҳорат талаб этади. Лекин сўз танлаш ва уни нутқ жараёнида
ўринли ва тўғри қўллашда қийинчиликлар туғдирувчи турли луғавий
бирликлар ҳам мавжуд. Маънодош ва кўп маъноли сўзларнинг фарқларини
онгли идрок этиш, пароним ва дублетларни, диалектизмларни, илмий
терминлар ва касб-ҳунарга оид сўзларни нутқ жараёнида мақсадга мувофиқ
қўллаш нотиқдан ақлий салоҳиятни талаб қилади. Жумладан, синонимлар
ҳамма вақт ҳам нутқда бири бажарадиган вазифани иккинчиси бажара
олмаслиги мумкин. Масалан: инсон, киши, одам, башар, шахс сўзлари
синонимлардир.
Лекин мазкур синонимик қатордаги сўзларнинг ўрнини ҳар доим ҳам
алмаштириб бўлмайди. Қиёслайлик: Инсон ва қонун бирикмаси ўрнида киши ва
қонун, одам ва қонун, башар ва қонун ёки шахс ва қонун бирикмаларини
ишлатиб бўлмайди. Демак, матнда ҳар бир сўзнинг ўз ўрни бўлар экан. Ёки,
жавобгар шахс, юридик шахс, жисмоний шахс бирикмалари таркибида
қўлланган шахс сўзи ўрнида уларнинг синонимларини қўллаш ҳам услубий
ғализликларни келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, сўзни танлаш ва қўллашда унинг адабий тил учун
меъёрийлиги асосий мезон ҳисобланади. Ҳар қандай нутқ аввало адабий тил
меъёрларига мослиги билан гўзал бўлади. Нутқда адабий тил учун хос
бўлмаган сўзларни ишлатиш нутқнинг таъсирчанлигини йўқотади. Сўзлар ва
грамматик шаклларнинг адабий меъёрга мос равишда қўлланилмаслиги
нутқнинг мантиқий изчиллигини йўқотади.
57
Нутқ мазмуни ва таъсирчанлигини бузувчи омиллар асосан қуйидаги
ҳолатларда вужудга келади:
а) сўзларни нутқда ўз ўрнида қўлламаслик, айниқса, синонимлар ва
паронимлардан нутқда ўринли фойдаланмаслик;
б) жумлаларни грамматик қонун-қоидалар талабига мувофиқ туза
олмаслик оқибатида;
в) ортиқча такрорларга йўл қўйилганда;
г) нутқ услубларига хос меъёрларни онгли идрок этмаслик натижасида.
Do'stlaringiz bilan baham: |