VI. Ўқитувчининг компютер саводхонлиги. ХХИ аср компютер, ахборот коммуникатив технологиялари асридир. Бу асрда ҳар бир ўқитувчи компютер саводхонлигига эга бўлиши, давр техникаси ва унинг ишлаш технологиясидан хабардор бўлиши, ўқитиш жараёнига техника ва ахборот-коммуникатив технологияларини қўллай олиши талаб этилади. Бу эса ўз навбатида дарс самарадорлигини оширишга, ўқиш-ўқитиш сифатини таъминлашга хизмат қилувчи дидактик ҳодиса ҳисобданади. Бундан ташқари компютер, ёрдамида олинган маълумотлар машғулот мазмунини бойитиш билан бирга ўқитувчининг илмий-назарий савиясини оширишга, саводхонлигини кўтаришга ёрдам кўрсатади, фанлараро интеграция йўлга қўйилади, ўқув топшириқларининг амалий йўналиши кучайтирилади, ўқитувчининг педагогик маҳорати такомиллашади.
VII. Ўз ишига, ўртоқларига, касбдошларига, таълим муассасаси раҳбарларига, ота - оналарга ижобий муносабатда бўлиш. Ўзаро ҳурмат, ёрдам, ҳамкорлик ва бир бирини аниқ ва тўғри тушуниш касбий маҳоратни эгаллашнинг муҳим шартларидан бири эканлигини тажриба кўрсатмоқда
VIII. Педагогик изланиш илмий услубий, амалий тайёргарликни режалаштириш, педагогика, методика фанлари соҳасида ижод қилиш.
IХ. Дарсдан ва таълим муассасасидан ташқари ишларни ташкил этишнинг усул ва шаклларини мукаммал билиши, талабаларнинг бўш вақтларини қизиқарли ва мазмунли ўтказиш методикасини, уларни ижтимоий - фойдали ишларга жалб қилиш йўлларини, талабаларда ҳавас, қизиқиш, ташаббускорликни тарбиялаш шаклларини ҳар тарафлама билиш ва амалда қўллаш учун муҳим омилдир.
Ўқитувчи педагогик фаолиятнинг модели
Ўқитувчи педагогик фаолияти модели рамзий тарзда тўрт йўналишда бўлиб, тавсифлаш мумкин. Биринчи йўналишга ўқитувчининг таълим бериш фаолияти (фанни чуқур билиши, касбий омилкорлик ва эрудиция, меъёрий ҳужжатларни билиш, янги педагогик ва информацион технологиялардан хабардорлик, ўқитишнинг техник ва ахборот базаси соҳасидаги хабардорлиги, фаолиятни илмий тадқиқот асосида ташкил эта олиш, ўз фанига доир маълумотларни чет тилларда билиши, ўқув жараёнини илмий қура олиш, устоз-шогирдлик жиҳатларни қўллай олиш технологияси; иккинчи йўналишга ўқитувчининг тарбиявий фаолияти (тарбия ва тарбиявий жараёнлардан хабардорлик, тарбиявий ишларни юксак даражада ташкил эта олиш, шахсий-маънавий ахлоқийлик, миллий истиқлол ғоясини англаганлик даражаси, тарбиячилик бурчига садоқат, фуқаролик ва ватанпарварлик туйғусига эгалик, тарбиявий ишларниташкил этиш маҳоратига эгалик); учинчи йўналишга ўқитувчининг шахсий фазилатлари (маънавий-ахлоқий салоҳият, сиёсий онглилик, ҳуқуқий билимдонлик, адолатпарварлик ва ҳалоллик, ўз касбий маданияти устида доимий ишлай олиш, ўз-ўзини такомиллаштириш, кейиниш ва юриш-туриш маданиятига эгалик, ўз шахсига талабчанлик); тўртинчи йўналишга ўқувчи-тарбияланувчилар билимини холисона баҳолаш (фаннинг мазмунини аниқ ва тўла билиш, савол ва топшириқлар туза олиш, билимларни ва тарбияланганликни мезонларини ишлаб чиқиш, ўқувчилар ва тарбияланувчиларнинг хатти ҳаракатларини хайрихоҳлик нуқтайи назардан баҳолаш, ўқувчилар билими ва тарбияланганлигини баҳолашни такомиллаштира олиш) киради.
Педагогик фаолият моделини такомиллаштириш – бу ўқитувчи – тарбиячининг касбий ва шахсий фаолияти натижасининг умумлашмаси сифатида, муайян билим, кўникма, малакалар йиғиндисидан иборат бўлади ва ўзининг шаклланиши ва ривожланиши жараёнида бир неча йўлини босиб ўтади:
-биринчи йўл – ўқув –педагогик фаолият йўли бўлиб, у ўз ўқув предметини, педагогика, психология, методика фанларини илмий техникавий тараққиёт ва давр талаблари даражасида билишни назарда тутади.
-иккинчи йўл – шахсий фаолият йўли бўлиб, у ўзига, ўз ишига, ҳамкасбларига, ўқувчиларга, уларнинг ота-оналарига бўлган муносабатини билдириб, ўз мавқеини тушуниши, ўз –ўзига баҳо бериш, ўз-ўзини англаш, мустақил равишда билимини оширишга интилиш, ўзини –ўзи камолотга етказиш, бунёдкорликка, ижодкорликка, тадбиркорликка лаёқатини янгиликка мунтазам интилишини англатади.
-учинчи йўл – ижтимоий – педагогик фаолият йўли бўлиб, у ўқитувчи-тарбиячининг ўқувчиларни, жамоани “кўра билишини”, ўқувчи ёшларнинг қизиқиши ва талабларини, улар дуч келадиган қийинчиликларни олдиндан англай олишини; ҳар бир ўқувчи-тарбияланувчининг индивидуал – психологик хусусиятларини илғай олишини; дарсда ва дарсдан ташқари тарбиявий тадбирларни ташкил қилиш бўйича билим, кўникма, малакаларнинг шаклланганлигини; турли ижтимоий – фойдали ишларга ўқувчиларни жалб эта олишини; фанга, ҳаётга, саъатга, ижтимоий-фойдали меҳнатга ҳавас уйғота олиш каби қо-билияти қирраларининг мавжудлигини англатади;
-тўртинчи йўл – ахборот – коммуникатив фаолият йўли бўлиб, у ўқитувчи – тарбиячининг маълумот-ахборотга эга эканлигини; воқелик, педагогик оламдаги воқеа-ҳодисалар тўғрисидаги маълумотлар билан қуролланганлигини; ахборот ва коммуникатив технологиялардан маълумотлар ола билишини, уни ўз тафаккур элагидан ўтказиб, ҳамкасблари, ўртоқлари, ўқувчиларига етказа олиш қобилиятига эга эканлигини кўрсатади.
Қайд этиб ўтилган ҳамда тавсифланган педагогик фаолият моделини такомиллаштиришнинг мазкур йўллари ўқитувчи-тарбиячи учун дастуруламал бўлиб, касб-моҳири бўлиш учун катта имкониятлар яратишга, ўқув-тарбия самарадорлигини оширишга амалий ёрдам кўрсата олади.
Педагогик маҳоратнинг асосий омиллари ва таркибий қисмлари.
Мутахассисларнинг педагогик маҳорат тушунчаси моҳиятини очиб беришга оид турлича қарашларини кузатишимиз мумкин. Таниқли украин педагоги Зязюннинг фикрича, Педагогик мажорат - бу ўқитувчининг юқори даражадаги касбий тайёргарлигини таъминловчи касбий ва шахсий сифатлари йиғиндисидир.
Педагогик маҳорат - бу ўқитувчи нутқининг равон ва таъсирчан ўтила- ётган мавзуга ўқувчи диққатини торта оладиган, мавзуга мос кўргазмалар - ижод қилиб ва ундан унумли фойдалана оладиган, ҳар қандай шароитда ҳам ўқувчи қалбига йўл топа оладиган, ҳар бир дарс боланинг қизиқиш ва фаолиятини ошира оладиган кишини тушунамиз.
Педагогик маҳорат - изланиш, ижодий меҳнат маҳсули. Педагогик маҳорат ҳамма ўқитувчилар учун бир қолипдаги иш услуби эмас, балки у ҳар бир ўқитувчи ўз устида ишлаши, ижодий меҳнати жараёнида юзага келадиган жараёндир. Педагогик маҳорат бир қатор компонентлардан таркиб топади. У педагогика ва психология бўйича илмий билимларни, яъни касбий билимлар, касбий қобилият, педагогик этика ва педагогик техникани ўз ичига олади. Педагогик маҳорат - бу педагогик (ўқув тарбиявий) жараёнининг барча шаклларини энг қулай ва самарали ҳолатда ташкил этиш, уларни шахс камолоти мақсадлари томон йўллантириш, тарбияланувчиларда дунёқараш, қобилиятни шакллантириш ва уларда жамият учун зарур бўлган фаолиятга мойиллик уйғотишдир.
Педагогик маҳоратнинг асосий негизи бу - касбга оид билимларни пухта ўзлаштиришдан иборатдир. Ўқитувчи ўқув юртидаёқ илмий билимлар тизимини пухта эгаллаб олиши керак. Педагогик маҳоратни эгаллашда психология ва педагогика фанига доир билимлар катта рол ўйнайди. Илмий психологик ва педагогик билимлар системасининг мавжудлиги ўқитувчига фақат ўз синфини ҳамда айрим ўқувчиларни ўрганиш ва уларнинг тўғри феъл-атворларини тушунишгагина эмас, балки болалар жамоаси ва унинг ҳар бир аъзосини ривожланиш истиқболини ҳам белгилаш имконини беради.
Муваффақиятли ишлаш учун ҳар бир ўқитувчи педагогик маҳоратга эга бўлиши зарур. Педагогик маҳорат эгаси оз меҳнат сарф қилиб, катта натижага эришади. Ижодкорлик ҳамиша унинг ҳамкори бўлади. Педагогик ишга қобилиятли, истеъдодли кишидагина педагогик маҳорат бўлиши мумкин. Қобилият эса фаолият жараёнида пайдо бўлади ва ривожланади. Қобилиятли ва маҳоратли ўқитувчи олдида эса ҳозирги кун талаби асосида ватанимиз равнақи учун хизмат қила оладиган, буюк ватанни дилдан севадиган ва бу йўлда ўз жонини ҳам аямайдиган ёшларни ватанга меҳр - муҳаббат руҳида тарбиялаш вазифаси туради.
Ўқитувчилик касби улуғ ва шарафли, мураккаб, ўз ўрнида масъулиятли касблардан биридир. Дунёдаги барча инсонларни комил бўлиб етишишида ўқитувчи сабабчи бўлади. Барча жойлардаги ҳамма касб-ҳунар, илмли, олиму фузалолар ўқитувчининг меҳнати самарасидир. Ўқитувчи меҳнатини бирор нарса билан таққослаб бўлмайди. Ўқитувчилик касбини эгаллашга интилаётган ҳар бир инсон ўзида аввало ирода, сабр-матонат, педагогик маҳоратни, ўқитувчилик ихтисослигига хос билим, малака, кўникмаларни эгаллаши лозимдир. Бугунги кун ўқитувчиси: дунёқараши кенг, ҳамма воқеа, ҳодиса устида эркин фикр юрита олиши; ўзи ўқитадиган фанни чуқур эгаллаган бўлиши; ҳозирги замон фан-техника талабига мувофиқ яхши дарс бериши ва унинг ҳар дақиқасидан унумли фойдаланиши; педагогика, психология ҳамда ўз фанининг методикасини яхши билиши зарур.
Ва ниҳоят муаллимда ўқитувчига хос бўлган қобилиятлар мужассам этган бўлиши лозим.
Педагогик маҳоратга педагогик билимлар, фаҳм-фаросат билан бир қаторда педагогик техника соҳасидаги малакалар ҳам киради, улар тарбияга озроқ куч сарфлаб кўпроқ натижаларга эришиш имконини беради.
Педагогик маҳорат ўзига болалар ҳақидаги таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш ва унинг мазмуни, методлари ҳақидаги кенг билимларни қамраб олади. Бу билимлар умумий педагогик маданиятни ташкил этади, ўқитувчи-тарбиячи бу маданиятни эгалламас экан ҳеч вақт ўз касбининг чинакам устаси бўла олмайди.
Замонавий ўқитувчига биргина умумий маданиятнинг ўзи кифоя қилмайди. Болаларни кузатиш, уларни ўсишидаги муҳим нарсаларни жамиятда вужудга келган асосий ғоялар билан таққослаш, уларни ривожланиш йўллари ва усулларини аниқлаш турли воситалар, тарбиявий таъсир кўрсатиш усулларининг ўзаро бир-бирига ўтиши диалектикасини чуқур таҳлил қилиш, педагогик изланишлар ва ютуқларни илмий жиҳатдан бир системага солиш малакалари зарур бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |