§1.5. Компьютернинг программавий таъминоти.
Биринчи ЭҲМ лар ҳисоблаш марказларига ҳеч қандай программа таъминотисиз, фақат техник қурилмалар кўринишида келтириларди. Шунинг учун ҳам ЭҲМ бажариши лозим бўлган вазифаларнинг ҳаммаси фойдаланувчи томонидан тузилган программада батафсил тасвирланган бўлиши талаб қилинарди. Бу эса, фойдаланувчидан оператор ва программа тузувчи сифатида махсус техник билимларни ва машинага боғлиқ тилларда программа тузишни билишни талаб этарди. Шунинг учун ҳам бошланғич пайтларда ЭҲМ дан кўпроқ математик-прогаммистларгина унумли фойдалана олишарди.
Маълум вақтдан кейин, ЭҲМ ни бошқариш бўйича махсус техник ишларни, махсус программалар ёзиш орқали, компьютернинг ўзига юклаш мақсадга мувофиқлиги англаб етилди. Бу сермашаққат техник вазифаларни машинага юклаш ва программа тузишни осонлаштириш мақсадида «Операцион системалар» ва «Юқори босқич алгоритмик тиллари» ни яратиш зарурияти юзага келди. Алгоритмик тилларнинг пайдо бўлиши программани машина тилига таржима қиладиган транслятор ва интерпретаторларнинг яратилишини тақозо этди.
Ўз навбатида программалар ёзиш хам икки йўналиш бўйича ривожлана бошлади. Конкрет илмий-техникавий амалий масалаларни сонли ечишга мўлжалланган программалар тузиш-тадбиқий программалаш деб номланди. Программа ёзишни ва уни созлашни(отладка) автоматлаштириш ва ЭҲМ ресурсларидан унумли фойдаланишни ҳамда инсон ва ЭҲМ ўртасида қулай мулоқотни (интерфейс) таъминлашга мўлжалланган программалар таъминотини яратишга-тизимли программалаш деб аталди. Зикр этилган вазифаларни бажарувчи программалар тузиш билан шуғулланувчиларни мос равишда, тадбиқий ва тизимли программа тузувчилар деб аташди. Хозирги кунда компьютерлар сотувга базавий программа таъминоти билан биргаликда чиқарилади.
Операцион система, тизимли ва хизматчи программалар тўпламидан иборат бўлиб, ҳамма программаларнинг, ЭҲМ ва тармоқлар техник қурилмаларининг ишлашини ҳамда уларнинг ресурс ва имкониятларидан унумли фойдаланишни, шу билан биргаликда фойданувчи, программа таъминоти ва ЭҲМ ўртасида ўзаро қулай мулоқотни таъминлаш учун хизмат қилади.
Юқоридаги фикрларга таянган ҳолда операцион системаларнинг асосий вазифаси уч турдаги қулай мулоқотларни - интерфейсларни яратишдан иборат деб қараш мумкин:
-фойдаланувчи билан компьютернинг программа ва аппарат воситалари орасидаги интерфейс (Фойдаланувчи учун интерфейс);
-компьютернинг аппарат ва программа таъминоти орасидаги интерфейс;
-программа таъминотининг турли кўринишлари орасидаги интерфейс.
Компьютер электр тармоғига уланганда, операцион система (ОС) тезкор хотирага юкланади ва ЭҲМ қурилмаларининг ишга яроқлилиги ва ундан кейин бажариладиган барча вазифалар ОС томонидан бошқарилади.
Диск ва дискеталарни форматлаш, файлларни саралаш, архивлаш, матнларни чоп этиш, тасодифан ўчирилган файлларни тиклаш, вирусларни топиш ва йуқотиш каби кўп такрорланувчи амалларни бажарувчи программалар - утилитлар деб аталади.
Компьютернинг принтер, диск юритувчи, дисплей, клавиатура каби қурилмаларининг ишлашини таъминловчи тизимли программалар тупламига драйверлар деб аталади.
ЭҲМ да тадбиқий ва тизимли программаларни бажариш пайтида файллар устида ёзиш, ўқиш, сақлаш, излаш, ўчириш каби кўп марталаб такрорланувчи ишларни бажариш учун қулай шарт-шароитлар яратиб беради.
Хозирги кунда жуда кўп операцион системалар мавжуд бўлиб, уларни қуйидаги синфларга ажратиш мумкин:
битта ёки кўп фойдаланувчиларнинг ишлашини таъминлашга мўлжалланган операцион системалар;
бир пайтнинг ўзида битта ёки бир нечта масалани ечиш имкониятига қараб, бир ва кўп масалалик ОС лар;
бир процессорли ва кўп процессорли ОС лар;
8, 16, 32, 64 разрядли операцион системалар;
нографик ва график ОС лар;
махаллий ва тармоқ операцион системалари.
Энг кўп тарқалган операцион системалар сифатвда СРМ, МS DОS, ОS2, Windows, UNIX ва МасОS ларни санаб ўтиш мумкин. СРМ ва МS DОS лар битта фойдаланувчи ва бир масалали операцион системалардир. ОS2 ва Windows эса кўп масалали бир фойдаланувчига мўлжалланган. UNIX операцион системаси кўп масалали ва кўп фойдаланувчиларга мўлжалланган.
Энди оммавий ҳисобланган МS DОS ва Windows операцион системалари билан умумий ҳолда танишиб ўтамиз.
IBM РС компьютерлари учун энг кўп тарқалган буйруқлар сатри орқали бошқариладиган нографик операцион системалардан бири МS DОS (Мiсгоsoft Disk Ореrаting System). Магнит дискларида сақланганлиги учун ҳам у дискли операцион система деб номланган. Микропроцессорларга (8086...80486) мос равишда МS DОS 1.0 дан тортиб то МS DОS 6.2 версиялари мавжуд.
МS DОS операцион системаси одатда, версияларига боғлиқ, ҳолда, битта ёки бир нечта дискеталарга жойлашган бўлиб, қуйидаги файллардан ташкил топади:
1. Базавий киритиш-чиқариш ситемаси - ВIOS (Ваsiс Input-Output System) доимий хотиранинг микросхемаларига аввалдан ўрнатилган бўлиб, компьютер электр тармоғига уланган пайтда унинг қурилмаларининг ишга яроқлилигини автоматик равишда текширувдан ўтказишга мўлжалланган. Дисплей, клавиатура, каттиқ диск, принтерларнинг драйверлари ҳам ВIOS да жойлашади.
2. Операцион системани юкловчи дастурнинг асосий вазифаси махсус программа ёрдамида дискдан IO.SYS ва МSDOS.SYS файлларини оператив хотирага юклашдан иборат.
IO.SYS файли, базавий киритиш-чиқариш системаси ВIOS-нинг кенгайтмаси бўлиб, уни янги қурилмалар билан ишлашни таъминловчи бошқа драйверлар билан бойитишга мўлжалланган. Ташқи қурилмалар драйверлари номи СОNFIG.SYS файлида кўрсатилган бўлиши керак.
МSDОS.SYS файли операцион системасининг танаси ҳисобланиб, узилишларни қайта ишловчи программалар тўпламидан иборат деб ҳисоблаш мумкин.
3. Ундан кейин СОNFIG.SYS файли ўқилиб, унда келтирилган рўйхатга мос равишда қурилмаларнинг драйверлари ва ОС нинг параметрлари ўрнатилади.
4. Кейин бошқарув СОММАND.СОМ-буйруқ процессорига узатилади ва у АUTОЕХЕС.ВАТ файлини бажарганидан кейин, экранда ОС ишга тайёрлиги хақида кўриниш пайдо бўлади.
СОММАND.СОМ-буйруқ, процессори фойдаланувчи ёки оператор билан мулоқотни ташкил қилишга мўлжаллаган. У киритилаётган буйруқларни таҳлил қилади ва унинг бажарилишини таъминлайди. Масалан СОРУ, СD, DЕL каби ички буйруқлар, буйруқ процессори томонидан бажарилади. Умуман олганда, программа тузувчи томонидан янги қулай ва ўз тилида буйруқ процессори ҳам ёзиши мумкин.
МS DОS операцион системасидан фойдаланишни янада осонлаштириш мақсадида махсус операцион қобиқлар яратилган. Улар орасидан, энг кўп тарқалган ва оммавий бўлгани Norton Comander, Volkov Comander каби пакетларни (қобиқларни) санаб ўтиш мумкин.
Хозирги кунда дунё бўйича энг кўп тарқалган операцион системалардан бири Windows операцион системасидир. У Мiсrоsоft фирмаси томонидан яратилган бўлиб, унда объектга йўналтирилан усулдан фойдаланилган. Фойдаланувчи нуқтаи назаридан, объектга йўналтирилган усул деганда компьютер билан мулоқотни, моддий оламдаги хақиқий нарсалар (объектлар) билан ишлашга ўхшаган ҳолда ташкил этиш назарда тутилади. Масалан, папкани очиш, ёпиш, унга бирор файлни солиб қўйиш ёки файлни бошқа жойга кўчириш каби.
Интернет ва электрон почта мультимедиа билан бир қаторда бугунги кунда компьютер-ахборот технологиясини яна бир йўналиши - турли алоқа воситалари ёрдамида жахон тармоқлари орқали компьютерларнинг ўзаро алоқаси ривожланмоқда.
Энг йирик информацион тизим Интернет ҳисобланади. У марказлашган бошқарувга эга бўлмасдан турли ташкилотлар, хукуматлар, илмий ва тижорат ташкилотлари томонидан яратилган мустақил компьютер тармоқларининг мажмуаси ҳисобланади
Алоҳида компьютер ва локал тармоқлар ўзаро турли техник алоқа воситалари ёрдамида боғланган бқлиб, бу тармоқлар ҳам Интернет билан боғланганда аниқ, белгиланган қоидаларга риоя қилади. Мазкур жахон тармоғига уланиш учун стандарт қурилма-модем қўлланилади.
Интернет системаси, унга уланган ва унинг имкониятларидан фойдаланувчилар учун турли хизматлар кўрсатади, ҳамда дунёнинг ҳохлаган бурчагидаги Интернетга уланган компьютердан маълумот олиш имконини беради.
Алоқа тармоқларининг бугунги кундаги асосий шакли электрон почтадир (уни одатда Е-mail деб аташади).
Е-mail уланган хар қандай фойдаланувчи ўзининг махсус номига эга бўлади.
Е-mail ишлашини ташкил этувчи программа таъминоти фойдаланувчиларнинг ўзаро ахборот алмашинувини таъминлаш имкониятини беради.
Аммо Интернетнинг имкониятлари оддий ахборот алмашинувидан анча кенг. Унинг ёрдамида саёрамиздаги ихтиёрий информация манбаига кириб бориш ва ундаги бирор мавзу шаклида тайёрланган турли ташкилотларнинг расмлари, хужжатларидан фойдаланиш имкониятларини беради.
Бугунги кунда Интернетнинг қуйидаги имкониятларидан кенг фойдаланилади:
А) FTP (File Тransfer Ргоtocol)-файлларни узатиш протоколи (коидаси). Бу хизматдан фойдаланиб узоқ-узоқлардаги компьютер каталогига кириш, ундаги файллар устида амаллар (нусха кўчириш, ўчириш ва бошқа амаллари) бажариш мумкин.
Б) Goper-кўп поғонали «меню» кўрсатмалардан фойдаланиб, архивлардан маълумотларни «ковлаб» топиш учун мўлжалланган восита (имконият).
В) WWW (Word Wide Web-бутун жаҳон тўри).
Интернетнинг гиперматнларидан иборат бўлган иформацион қидирув системаси.
WWW маълумотлар омборидаги информация бирор ташкилотлар ихтиёридаги компьютералар хотирасида жойлашган бўлиб, бу компьютерлар шу ташкилотлар локал тармоқлари учун сервер (бош компьютер) ролини ўйнайди. WWW-сервер деб номланади. Гиперматн ахборотлари ёрдамида дунёдаги WWW-серверларга «саёҳат» қилиш мумкин. Кейинги вақтларда WWW-серверларни йирик реляцион информацион тизимлар билан боғлаш имкониятлари яратилмоқда. Бу ҳол серверлар билан боғланган компьютерлар ёрдамида дунёдаги йирик информацион манбаларига кириш ва у ердаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини беради.
Интернет глобал тармоғи билан охирги пайтларда кенг тарқалган киберфазо, виртуал дунё(олам) каби тушунчалар ҳам бевосита боғланган. Мазкур тушунчаларнинг муҳим хусусияти шундан иборатки, уларга бирор фан тушунчалари ёрдамида аниқ, бир таъриф бериш қийин. Улар бадиий образ бўлиб, илмий тушунча ҳисобланмайдилар. Дунёдаги барча алоқа воситалари билан боғланган компьютер тизимлари улардаги ахборот, маълумот мажмуаси ва оқимларининг тўплами кибернетик фазо (киберфазо) деб аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |