Диссертация мавзусининг диссертация бажарилган олий таълим муассасининг илмий-тадқиқот ишлари билан боғлиқлиги. Диссертация Урганч давлат университети илмий ишлар режасининг “Тилшунослик муаммолари” мавзуси доирасида бажарилган.
Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тилларида дерматовенерологияга оид терминларнинг таркибий, лексик-семантик хусусиятларини ўхшаш ва фарқли жиҳатларини чоғиштиришдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари:
тилшуносликда тиббиёт терминологиясининг назарий тадқиқини ўрганиш;
чоғиштирилаётган тиллардаги дерматовенерология терминларининг таркибий хусусиятларини белгилаш, сўз ясовчи олд ва орқа қўшимчаларни маҳсулдорлик жиҳатдан таснифлаш, содда ва мураккаб бирикма терминларнинг моделларини таҳлил қилиш;
инглиз ва ўзбек тиллари дерматовенерология терминологиясида қисқартмалар ва уларнинг турларини таҳлил этиш, тиббий матнларда учрашини мисоллар ёрдамида ёритиш;
дерматовенерология терминологиясида лексик-семантик гуруҳларни қисмларга ажратиб ўрганиш;
чоғиштирилаётган тилларда дерматовенерологик терминларнинг синонимик, антонимик, омонимик ва эпонимик хусусиятларини ёритиб бериш;
инглиз ва ўзбек тилларидаги тиббий матнларда дерматовенерологик терминларни ясалишида метафора ва метонимия ҳодисасини аниқлаш.
Тадқиқот объекти сифатида инглиз ва ўзбек тилларидаги дерматовенерологик терминлар олинди.
Тадқиқот предмети инглиз ва ўзбек тилларида дерматовенерологияга оид терминларнинг таркибий-семантик хусусиятларини очиб беришдан иборат.
Тадқиқотнинг усуллари. Тадқиқотда компонент, тарихий-этимологик, чоғиштирма, тавсифлаш, статистик таҳлил усулларидан фойдаланилди.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
тиббиёт терминологияси жаҳон ва ўзбек тилшунослигида юзага келиши, маданий-тарихий тараққиёт босқичлари аниқланиб, чоғиштирилаётган тиллар тизимида тиббиёт терминологиясининг ички ва ташқи омиллар ҳисобига бойиш йўллари исботланган ҳамда ўзлашма қатламнинг миқдорий кўрсаткичлари далилланган;
дерматовенерологик терминологияда қисқартмаларнинг клиппинг (clippings), блендинг (blending), эллипсис (ellipsis), қисман қисқартмалар (semi-acronyms), бош ҳарфлардан тузилган қисқартмалар, миқдор ва аниқловчи кўрсаткичли қисқартмалар усулларида ясалиши далилланган;
дерматовенерологияга оид терминларни тери морфологияси (анатомияси, гистологияси, ва физиологияси), касаллик номлари, даволовчи асбоб ускуналар ва синамалар, дори-дармон номлари ҳамда клиник белгилар, симптом, синдромларни атовчи терминлар каби лексик-семантик терминларнинг туб, ясама, қўшма ва бирикма терминлар тарзида ифодаланиши асосланган;
инглиз ва ўзбек тилларида дерматовенерология соҳасига оид терминларда бир, икки, уч, тўрт, беш компонентли синонимлар, туб ва ясама антонимлар, соҳалараро омонимлар, шахс ва жой номларига асосланган эпонимларнинг тиллараро ўхшаш ва фарқли жиҳатлари аниқланиб, метафорик кўчишнинг моделлари ва метонимия мавжудлиги исботланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |