Bog'liq Махсус сон-2021 Прогнозлаш форум-Экономист
Key words: loan, non-performing loans (NPL), risk strategy, mortgage loan. Кириш. Бугунги кунда жаҳон шиддат билан ривожланиб бормоқда, янги техника ва
инновацион технологиялар яратилмоқда. Ўз навбатида ушбу янгиликларни амалиётга жорий этиш ва
замонавий талаблар асосида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш
ҳамда фаолият ҳажмини янада кенгайтириш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларнинг табиий
равишда банк кредитларига эҳтиёжи юқори бўлади ва мазкур эҳтиёжларни энг оқилона равишда
қондириш имкониятига эга молия муассасасини танлайди. Шуни эътиборга олган ҳолда, банк янги
мижозларни жалб қилишда, янги тармоқларга кириб боришда ва уларни эгаллашда кредитлаш
жараёнини асосий омил сифатида кўради. Банк, иқтисодиётнинг реал сектори ва барча мижозлари
учун қулай кредитлаш майдончаси сифатида ўрин эгаллаши лозим.
Глобал пандемия туфайли эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви 2020 йилда жаҳон
иқтисодиётига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатди. Халқаро валюта жамғармасининг
дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, “2020 йилда глобал иқтисодиёт 3,5 фоизга пасайган ҳамда 2021
йилда унинг тикланиши 5,5 фоиз даражасида прогноз қилинмоқда
1
”. Бундай вазиятда ишлаб
чиқаришни техник қайта жиҳозлаш учун кредитлар жуда муҳим манба ҳисобланади. Ривожланаётган
давлатларда тижорат банклари томонидан кредитлаш тизимини ривожлантириш билан боғлиқ бир
қатор ноқулайликлар мавжудлиги ушбу тизимни ривожлантиришга салбий таъсир ўтказмоқда. Ушбу
муаммолар қаторига юқори кредит таваккалчиликлари, корхоналарнинг рентабеллик даражасининг
нисбатан пастлиги, зарур молиявий ресурсларнинг йўқлиги, узоқ муддатли ресурсларнинг
етишмаслиги, қарзларни тўлаш учун қўлланиладиган тартибда мослашувчанликнинг йўқлиги билан
изоҳлаш мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 декабрдаги “Тижорат
банкларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, фаолияти самарадорлигини ошириш ва кредит
сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4071-сон қарорига биноан, хўжалик
юритувчи субъектлар фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида “револьвер”
кредитларидан, очиқ кредит линияларидан ва бошқа қисқа муддатли кредитлардан фойдаланишни
кенгайтириш, кредитларни қайтариш бўйича тасдиқланган графикларга қатъий амал қилиш, муддати
ўтган қарздорлик юзага келишининг олдини олиш чораларини кўриш каби вазифалар
белгиланганлиги кредитлаш борасида амалга оширишимиз лозим бўлган тадқиқотларнинг зарурлиги
билан изоҳланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025
йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси
тўғрисида”ги ПФ-5992 сонли Фармонида “кредит портфели ва таваккалчиликларни бошқариш
сифатини яхшилаш, кредитлаш ҳажмларининг мўътадил ўсишига амал қилиш, мувозанатлашган
макроиқтисодий сиёсат юритиш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва халқаро амалий
тажрибага эга бўлган менежерларни жалб қилиш, молиявий таваккалчиликларни баҳолаш учун
технологик ечимларни татбиқ этиш орқали банк тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш”
вазифаси белгилаб берилганлиги банкларнинг кредитлаш борасидаги хориж тажрибаларини ўрганиш
ва уни ўзларида қўллаш имкониятларини излашлари лозим эканлигидан далолат беради.