Давлат бошқаруви ва сиёсий тизим. Ҳарбий бошқарув. Хоразмшоҳлар давлатида марказий бошқарув идораси «ал-мажлис ул олий ал фахри ат-тожи» деб номланган бўлиб, уни вазир бошқарган. Вазир – мамлакатда султондан кейинги энг юқори мансабдор шахс бўлган. Вазир султоннинг бош маслаҳатчиси бўлиб, бевосита унга бўйсунган. Вазир расмий маросимларда, давлатлараро алоқаларда, мустамлакалар билан олиб бориладиган мўзокараларда хоразмшоҳ номидан иштирок этиб, султон ва райиат (фуқаролар) ўртасида воситачилик қиган. Барча давлат амалдорлари, жумладан, амирлар, беклар ва ҳарбий бошлиқлар вазирга бўйсунган. Вазирнинг вазифалари қўйидагилардан иборат бўлган:
- асҳоб ад-даванин ёки девонхоналар амалдорларининг бошлиғи. Юқори мансабли амалдорларини ишга тайинлаган ёки ишдан бўшатган;
- давлат амалдорларига нафақалар (арзак) ва моддий ёрдам (маважиб) жорий этиш ишларини бошқарган;
- давлат амалдорларини ҳаёт учун зарурий озуқа ва ашёлар билан таъминланишини белгилаган;
- божхона ва хазина фаолиятини назорат қилган;
- султонга мунтазам равишда ҳамроҳлик қилган, баъзи пайтларда қўшин жўнатиб уларга бошчилик қилган.
Хоразмшоҳлар давлатида вазирлик лавозими катта ҳурматга эга бўлиб, ўрта аср манбаларининг бирида вазир ҳақида шундай маълумот берилади (З. Бунёдов бўйича): «энг юксак маҳкама – вазорат (вазирлик) бўлиб, барча жамоат ишлари ҳамда одамлар ҳаётининг тўғри йўлдан бориши у билан алоқадордир, бунинг натижасида мамлакатнинг чиройи ва мартабаси ортади, давлатда тартиб ва қонунчилик ўрнатилади… Вазир – идора қилиш қонунларини биладиган, давлат келажагини биладиган, ҳаётий тажрибага бой, яхши ишларга ундовчи, шон-шуҳрат ва ютуқларга етакловчи, фуқаролар аҳволидан рўйи-рост хабардор қилиб турадиган, кўрсатмаларига тўла равишда ишониш мумкин бўлган киши бўлиши лозим…»
Вазирларга садр, дастур, хожайи бўзрук каби унвонлар берилган. Вазир лавозимидаги шахс ўзининг сиёҳдони (довот) ва маълум хил мовутдан ўралган салласи (дастор) билан ажралиб турган. Улар асосан араб-форс мансабдорлари муҳитига мансуб кишилар бўлиб, араб ҳамда форс тили, маъмурий ишдаги лаёқати, сарой тартиб-қоидаларини билиши шарт бўган. Хоразмшоҳлар давлатининг вазирлари асосан Хоразм, Бухоро, Нишопур, Исфахон, Балх, Ҳиротдан чиққан арбоблар бўлган. Хоразм давлатига қарашли вилоятларнинг маъмурий бошқарувида ҳам вазирлар бўлган. Баъзан шаҳарларга ҳам вазирлар тайинланган бўлиб, улар ўша маданий ва иқтисодий марказнинг ягона ҳокими ҳам эдилар. Хоразмшоҳлар давлатида вазир лавозими дастлаб Султон Отсиз ҳукуматида пайдо бўлган.
Ўрта асрлар ёзма манбаларида Хоразмшоҳлар давлат бошқарувидаги кўпгина мансаб ва лавозимлар ҳақида маълумотлар сақланиб қолган. Уларнинг асосийлари қуйидлагиларидир:
Do'stlaringiz bilan baham: |