Қорахонийлар давлати сиёсий тизими1.
Қорахонийларда мулкчилик ва ҳарбий тизим.
Суғориладиган ҳудудлардаги қишлоқ аҳолиси қишлоқ жамоаси шароитида яшар эди. Барча кўринишдаги ерлардан шариат қонунларига биноан давлат хазинасига турли солиқлар, хирож ва бошқалар олинган. Ерга ёлланиб ишловчи кишилар – мардикорлар фаолияти ҳам сақланиб қолинди. Улар иқтадорлар ва кичик ер эгалари қўлида маълум шартлар асосида ишлаганлар.
Қорахонийлар даврида Мовароуннаҳр, умуман, Ўрта Осиёда ер эгалиги муносабатлари кенг илдиз отган бўлса-да, лашкарбошилар, амалдорлар ва йирик диндорлар уйларида қўллар ҳам ишлаган. Бу ўша пайтда «уй қўллари» сақланиб қолганлигини билдиради.
Қорахонийлар Ўрта Осиёни босиб олганларидан сўнг бу ердаги иқтисодий-маданий ҳаётда ҳам катта ўзгаришлар рўй берди, шаҳарлар тараққий этди, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланди. Шаҳарлар ривожланиши билан шаҳар аҳолиси сони ҳам кўпайиб борди. Сомонийлар давридаёқ йирик шаҳарлар бўлган Самарқанд, Бухоро, Термиз, Марв, Қорахонийлар даврида янада кенгайди. Бу шаҳарлар энди уч қисмли-арк, шаҳаристон, работдан иборат шаҳарларга айланди. Уларда янгидан-янги ҳашаматли иморатлар пайдо бўлди. Бу иморатлар ўз тузилиши ва нақшлари билан ажралиб туради.
Қорахоний ҳукмдори Шамс-ул-Мулк Бухоро яқинида сарой барпо этди ва бундан ташқари Ҳазара қишлоғи яқинида Дингарон масжидини ва унинг ёнида Барати Малик номи машҳур бўлган карвонсарой қурилди. Бухоро шаҳрида 1127 йилда Қорахоний Арслонхон томонидан машҳур иморат – Минораи Калон барпо этилди. Вобкентда XII аср охирида Бухоро садри Абдулазиз II томонидан қурилган минорани, Жарқўрғонда (Сурхондарё вилояти) Қорахонийлар томонидан 1108-1109 йилларда бунёд этилган минорани, шунингдек Бухородаги Намозгоҳни ва Атторий масжидини алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин.
Қорахонийлар даврида Самарқанд шаҳрида ҳам кўплаб бинолар барпо этилди. Афросиёбдаги археологик қазишмалар шундан далолат беради. Лекин, муғуллар истилосидан сўнг бу бинолар вайронага айланди.
Термиз шаҳри XI-XII асрларда анча ривожланди, янги мустаҳкам мудофаа девори қурилди, бу ерда барпо этилган Термиз ҳукмдорлари саройи айниқса машҳурдир. Бу саройни қазиб очган археологлар турли идишлар билан бирга афсонавий ҳайвонлар тасвирларини ҳам топишди. XI-XII аср бошларида Хоразмда ҳам кўпгина бинолар қад кўтарди. Урганчдаги Фахриддин Розий ва Шайх Шариф мақбарасини, кўплаб карвонсаройларни, Буронқалъа, Наифқалъа ва бошқаларни айтиб ўтиш мумкин.
Шаҳарлар тараққиёти ҳунармандчиликнинг ривожланишига ҳам олиб келди. Ҳунармандчилик тараққиёти Ўрта Осиёнинг фойдали қазилмалар, хом ашё манбаларига бойлиги билан белгиланади. Ҳунармандчиликнинг асосий марказлари шаҳарлар эди. Ўрта Осиёнинг турли жойларида олиб борилган археологик қазишмалар ва ёзма манбалардаги маълумотларга қараганда XI-XII асрларда шаҳарлар ва баъзи йирик қишлоқларда тўқимачилик, кулолчилик, металл ва шиша буюмлари ишлаб чиқариш ва бошқа ҳунармандчилик турлари анча ривожланган.
Халқ амалий санъати – меъморчиликда, металл ва сирли сопол идишларда ўз аксини топди. Улар турли-туман нақшлар ва тасвирлар билан безатилган. Сақланиб қолган меъморий иншоотлар ва археологлар томонидан очилган шаҳарлардан олинган маълумотлар тасвирий санъатнинг, нақшинкорликнинг ўзига хос йўлдан ривожланиб борганлигидан далолат беради. Меъморий иншоотларда кичик ғиштлардан чиройли қилиб чиқарилган нақшлар, ўйма нақшлар, турли геометрик шакллар билан безатилган. Ислом таълимотининг расмий таъқиқига қарамасдан турли кўринишдаги тасвирлар саройларни безаб турган. Бу давр шаҳарларининг ёғоч ўймакорлиги ҳам анча ривожланган.
XI-XII асрларда Ўрта Осиёда товар-пул муомаласи ва савдо-сотиқ ҳам анча ривожланади, нафақат ички савдо, балки ташқи савдо ҳам гуллаб-яшнади. Бу ўринда Хитойни Волга бўйлари, Шарқдаги мусулмон мамлакатлари ва Византия билан боғловчи карвон йўлларининг Ўрта Осиё ҳудуди орқали ўтганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Бу йирик савдо йўллари Ўрта Осиёнинг йирик шаҳарлари – Фарғона, Шош, Самарқанд, Бухоро, Насаф, Кеш, Термиз, Урганч, Марв ва бошқалар орқали ўтиб, уларнинг савдо марказлари сифатидаги аҳамиятини кучайишига, давлатчилик анъаналарининг янада тараққий этишига катта таъсир кўрсатган.
Ўрта Осиё ўрта асрлар даври тарихида 200 йилдан зиёдроқ ҳукм сурган Қорахонийлар сулоласи ўша давр Ўзбекистон халқи давлатчилиги тарихида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Тарихий маълумотларга кўра, ҳозирги Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудлари Қорахонийлар давлати таркибида бўлган. Қорахонийлар сулоласининг ўзбек халқи давлатчилиги тарихидаги аҳамияти шундаки, Қорахоний ҳукмдорлари давлат бошқарувининг илгаридан мавжуд бўлган тизими ёки ташкилотлари ўрнига бошқачароқ, яъни, нисбатан қадимги кўчманчилар услублари, қадимги туркийлар анъаналари билан боғлиқ бошқарув тартибини жорий этдилар. Шу билан бирга Қорахонийлар ҳукмронлиги даври ўзидан олдинги мукаммал бошқарув тизимига эга бўлган Сомонийлар бошқарувидан ўзига хос бўлган иқта (ер-мулкни тортиқ қилиш) ва вилоятларга бўлиб бошқариш (элекхонлар) тизими билан ҳам ажралиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |