3-§. Араб халифалиги даврида Мовароуннахр.
Сиёсий тарих. VI асрнинг биринчи ярмида Арабистон ярим оролида асосини кўчманчи селий қабилалари ташкил этган Араб халифалиги пайдо бўлади. Арабистон ярим оролида ислом динини ёйиш орқали мустаҳкамланган бу давлат VII асрнинг бошларидан бошлаб ўз ҳудудларини ғарб ва Шарқ томонга кенгайтириш ҳаракатини бошлади. Хусусан 642 йилда Нахаванддаги жангда Эрон сосонийлари тор-мор этилгач Ўрта Осиё ерларига ҳужум учун имконият яратилади.
Арабларнинг Ўрта Осиёга дастлабки юришлар Убайдуллоҳ ибн Зиёд бошчилигида 651 йилда Марвни эгаллаш билан бошланди. Араблар Амударё (Жайхун)дан шимолда жойлашган ерларга "Мовароуннаҳр", яъни, "дарёнинг ортидаги ерлар" деб ном беришади. Наршахий ва араб муаллифи Ёқут берган маълумотларга кўра, Муҳаммад пайғамбарнинг шахсан ўзи Моварауннаҳрни буйсундиришни муқаддас деб ҳисоблаган ва исломга эътиқод этувчиларни бу муқаддас ишга даъват этган.
652 йилда араблар Балх шаҳрини эгаллашга муваффақ бўлдилар. Ўша йили Амударёдан ўтиб Моварауннаҳрга ҳужум қилиш режаси араблар учун муваффақиятсиз тугайди. Аммо, Хуросон ноиби Абдуллоҳ ибн Амир 652 йилда Чағаниённи эгаллашга муваффақ бўлди. Бу эса илк бор Моварауннаҳр ерларини эгаллаш эди. 654 йилда Суғддаги Маймурғ қалъасига арабларнинг биринчи ҳужуми бўлади. 657 йилда араблар Чағаниёнга қайта юриш қилиб эфталитларга кучли зарбалар бердилар. Араблар кенг миқёсдаги ҳужумларга тайёргарлик кўра бошлаган эдилар. Манбаларнинг маълумот беришича, Мовароуннахрга юриш қилишдаги ҳарбий-сиёсий тайёргарликдан бири, халифаликнинг Басра ва Куфа шаҳарларидан 50 минг араб оиласи кўчириб келтирилиши ва Хуросоннинг турли шаҳарларига гарнизон сифатида жойлаштирилиши бўлди.
673 йилнинг охири - 674 йилнинг бошларида арабларнинг Хуросондаги ноиби Убайдуллоҳ ибн Зиёд Моварауннаҳрга ҳужум қилиб Ромитон ва Пойкандни эгаллайди ҳамда Бухоро шаҳрини қамал қилади. Аммо, бухороликлар ва туркларнинг иттифоқчи қўшинларидан қаттиқ қаршиликка учрагач, сулҳ тузишга мажбур бўлади.
676 йилда Хуросоннинг янги ноиби Саид ибн Усмон Бухорога юриш қилиб Бухоро маликаси Хутакхотўн қўшинларини тор-мор этади ва Самарқандга ҳужум бошлайди. Аммо, бир ой давом этган бу урушда Суғдийлар арабларга қаттиқ қаршилик кўрсатдилар. Натижада араблар сулҳ тўзиб орқага қайтадилар ва йўл-йўлакай Термизни талон-тарож этадилар. 683 йилда халифа Язид вафот этганидан сўнг халифаликда тож-тахт учун кураш бошланиб кетади. Бундай вазиятда араблар яна Моварауннаҳрга ҳужум қилишдан деярли тўхтаб, ўз ички низолари билан банд бўлиб қоладилар. Халифа Абдумалик ибн Марвон (685-705 йй.) даврида ўзаро ички курашларга чек қўйилиб араблар Моварауннаҳрга жиддий ҳарбий харакатлар бошладилар.
Умуман олганда, арабларнинг ярим аср давомида Хуросон ноиблари Абдуллоҳ ибн Амир, Убайдуллоҳ ибн Зиёд, Сайд ибн Усмон, Салмо ибн Зиёд қабилар томонидан уюштирилган ҳужумлар талон-тарож қилиш, ўлкадаги ҳарбий-сиёсий вазиятни ўрганиш, бойликларини олиб кетиш мақсадида уюштирилган эди. 705 йилда Қутайба ибн Муслим Хуросон ноиби этиб тайинлангач, Моварауннаҳрни бутунлай босиб олиш ҳаракати бошланади. Ўрта Осиёдаги сиёсий парокандалик ва кичик давлатларнинг бир-бирлари билан тез-тез низоларга бориб туриши Қутайбага ниҳоятда қўл келган эди. 706 йилда у катта қўшин билан Моварауннаҳрга юриш бошлади ва Пойканд шахри 15 кунлик камалдан сўнг эгалланди.
Арабларга қарши турклар, Суғдийлар умуман, маҳаллий аҳоли ўзаро иттифоқ тузишга эришган бўлса-да, Қутайба найранг йўли билан бу иттифоқни бўзишга муваффақ, бўлди ва 708-709 йилларда Бухоро ва унинг атрофларига бир неча марта юришлар қилиб Бухорони забт этди. Қутайба 710 йилда Шуман, Насаф ва Кешни эгаллади. 710-712 йилларда Самарқанд ихшиди Тархун ва Хоразмшоҳ Хурзод Қутайба билан тинчлик сулҳи тўзиб унга йирик микдорда бож тўлайдилар. Аммо, Самарқанд аҳолисининг товон тўлашга қаршилик кўрсатиши, норозилик натижасида Тархуннинг тахтдан кетиши ва ўлими, Суғд подшоси ва Самарқанд афшини сифатида Гуракнинг тахтга ўтириши арабларнинг Самарқандга ҳужумлари учун баҳона бўлган эди. Шунингдек, Қутайба "Тархуннинг ўлими учун қасд оламан", деб эълон қилди ва Самарқандга ҳужум уюштириб, 712 йилда уни босиб олди. Муғ тоғи ҳужжатларининг маълумот беришича, 712-713 йилларда Суғд, Чоч, Фарғона ва Панжикент ҳокимлари арабларга қарши иттифоқ тўзиб вақтинча ғалабаларга эришган бўлса-да, Қутайба бу иттифоқка раҳна солиб, уларни тор-мор этишга муваффақ бўлди. 714 йилда Қутайба ибн Муслим турклардан келаётган ёрдам кучини тўхтатиб қўйиш мақсадида Чоч воҳасига қайта бостириб кирди ва Исфижобни эгаллади. 715 йилда Қутайба Фарғонага иккинчи маротаба юриш уюштиради. Шу йили Қутайба ўзига душман бўлган халифа Сулаймонга қарши исён кутаради ва мағлубиятга учраб, ўлдирилади. Шундай қилиб, араблар қисқа муддат ичида Моварауннаҳр ҳудудларини босиб олдилар-ки, бунинг сабаблари қуйидагича эди:
Ўлкада ҳукм сураётган сиёсий тарқоқлик ва маҳаллий ҳукмдорларнинг ўзаро курашлари арабларга жуда қўл келган эди. Чунки, пароканда ва сиёсий жиҳатдан тарқоқ ҳудудларни алоҳида-алоҳида забт этиш Қутайба учун қулай эди.
Ўзаро бирлашиш ҳаракатида бўлган ва иттифоқчилик учун ҳаракат қилган маҳаллий ҳокимлар орасига Қутайба турли найранглар билан раҳна солишга эришган эди.
Араблар ўзаро курашаётган ҳокимларнинг бирига иккинчисини енгиши учун ёрдам кўрсатиб, кейин уларнинг ҳар иккисини ҳам бирин-кетин буйсундирдилар. Мисол учун, Суғдни забт этишда Қутайба араб қўшини билан бир қаторда Хоразм, Бухоро ва Насафнинг кучларидан фойдаланган эди.
Араблар Мовароуннаҳрга қадар жуда катта ҳудудларни босиб олган бўлиб, катта бойлик ва ҳарбий заҳираларга эга эдилар. Араблар қўшинига мунтазам равишда босиб олинган ерлар ва ички вилоятлардан янги ҳарбий кучлар сафарбар килиниб турилар эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |