Маданий ҳаёт. Илк ўрта асрлардаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар Ўрта Осиё маданиятига ҳам таьсир этмасдан қолмади. Бу даврдаги маданий ҳаёт даставвал антик давр маданий аньаналари асосида ривожланган бўлсада, Кушон давлати харобаларида бир нечта мустақил давлатлар ва мулкларнинг пайдо бўлиши ўзига хос маҳаллий маданиятларнинг пайдо бўлишига имкон яратган эди. Илк ўрта асрларда маданиятининг шаклланишига шунингдек, қўшни давлатлар аввало, Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, Хитой билан ҳамда кўчманчи чорвадорлар билан бўлган алоқалар ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган эди.
Бу давр меьморчилиги Ўрта Осиё халқлари ижтимоий ҳаётидаги ўзгаришларни ўзида акс эттиради. Шаклланаётган мулкдорлар тоифаси Ўрта Осиёнинг турли ҳудудларида йирик қальалар қуриб, улар атрофини химоя иншоотлари билан ўраб оладилар. Бундай қальалар воҳаларда кўпинча табиий тепаликлар устига бунёд этилган. Бундай қальалар Хоразм, Тохаристон, Суғд, Уструшона, Марв ҳудудларидан топиб ўрганилган. Меьморчиликда асосан тош, пахса, хом ғишт ва ёғоч қурилиш материали сифатида ишлатилади.
Мил.IV-VI асрлар Ўрта Осиё халқларининг диний қарашлари зардўштийлик, буддавийлик, христианлик ва монийлик диний эьтиқодлари билан боғлиқ эди.IV-V асрларга оид зардўштийлик аньаналари билан боғлиқ бўлган оташкадалар Қашқадарёдаги Ерқўрғондан, Панжикент атрофларидан, Бухоро воҳасидан топиб ўрганилган. Уларнинг барчасида зардўштийлик билан боғлиқ бўлган оссуарий (астадон) лар учрайди. Тадқиқотчиларнинг фикрича,бу даврда зардўштийлик динига Ўрта Осиёнинг марказий ва шимолий ҳудудларида сиғинишган бўлса,минтақанинг жанубий ҳудудларида буддавийлик дини тарқалган эди. Буддавийлик динининг ибодатхоналари Қоратепа, Фаёзтепа (Термиз), Уштурмулло (Кобадиён), Ажинатепа, Ғишттепа, Қалаикофирниҳон (Тохаристон), Марв кабилардан топиб тадқиқ этилган.
Ўрта Осиёдаги христианликнинг маркази Марв шаҳри эди. Беруний маьлумотларига кўра, Исо пайғамбар туғилганидан 200 йил ўтгач христианлар Марвда пайдо бўлган эдилар. “Тожик халқи тарихи” китобида берилишича, 334 йилдаёқ Марвда епископлик, кейинроқ эса Митрополия мавжуд эди. Говурқальадан христианлик ибодатхонаси қолдиқлари ва христианлар дафн этилган қабристон очиб ўрганилган. Суғднинг айрим ҳудудларида (Самарқанд ва Панжикент) ҳам христианлик тарқалганлиги ҳақида маьлумотлар бор.
III асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўрта Осиёда монийлик дини тарқала бошлайди. Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича,Монийлик динига асосан Шарқий Туркистон ва қисман Чағаниён ҳамда Суғд аҳолиси эьтиқод қилган.
Илк ўрта асрларда Ўрта Осиё халқлари саньати деворий суратлар,ҳайкалтарошлик,турли тақинчоқ буюмлари орқали изоҳланади. Деворий суратлар Дилбаржин (Авғонистон), Варахша, Афросиёб, Панжикентдан топиб ўрганилган бўлса, Қуёвқўрғон, Вахши воҳаси, Афғонистондаги Чақалоқтепа, Ерқўрғондан турли ҳажмдаги ҳайкаллар,заргарлик буюмлари топиб ўрганилган. Умуман олганда, бой безаклар, сопол, металл идишлар, деворий суратлар, ҳатто кийимлардаги тасвирлар бу даврда Ўрта Осиёдаги тасвирий саньатнинг ривожидан далолат беради.
Эфталитлар даврида чорвадор аҳоли туркийча сўзлашганлиги сабабли,туркий тил тобора кўпроқ ёйила бошлайди. Бу даврда ўтроқ аҳолининг катта қисми суғдий тилда сўзлашар эдилар. Суғд тили ва ёзуви Еттисув,Фарғонадан ўтиб Шарқий Туркистонга қадар етиб боради. Унинг “Самарқанд усули”кенг ёйилган эди. Бундан ташқари Хоразм, Кхароштий, Бухоро ёзувлари ҳам мавжуд бўлган. Бундай ёзув ёдгорликлари Зангтепа,Қоратепа, Афросиёб харобаларидан, Кофирқальадан топиб ўрганилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |