ЎЗБЕКИСТОН АЛОҚА ВА АХБОРОТЛАШТИРИШ АГЕНТЛИГИ
ТОШКЕНТ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ УНИВЕРСИТЕТИ
САМАРҚАНД ФИЛИАЛИ
Ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси
Р.С.Мардонов
«МАДАНИЯТШУНОСЛИК»
(Маърузалар матни)
Кафедранинг 2008 йил 29 сентябрда
ўтказилган №2-сон мажлиси қарори
билан фойдаланишга рухсат берилган
Самарқанд - 2008
1-Мавзу: Маданиятшунослик фанининг предмети ва вазифалари.
МАДАНИЯТ РИВОЖЛАНИШИНИНГ АСОСИЙ ҚОНУНЛАРИ (2 соат)
Маъруза режаси:
Маданиятшунослик курсининг мақсади, тадқиқот предмети ва вазифаси.
Маданиятшунослик фанининг ижтимоий фанлар тизимида тутган ўрни, ўзига хослиги ва амалий аҳамияти.
Маданиятшунослик тарихида «маданият» тушунчасининг талқини.
Маданий тараққиётнинг асосий қонунлари.
Маданиятшунослик-маданият ривожланишининг энг умумий қонуниятларини ўрганади. Унинг манбаи инсоният яратган барча маданий қадриятлардир. Маданиятшуносликнинг асосий вазифасига инсоннинг табиат, жамият билан биргаликдаги фаолиятини ҳамда кишиларнинг маънавий турмушига оид барча жараёнларни тадқиқ қилиш киради. Унинг тадқиқот манбаи бўлиб:
инсон яратган санъат соҳаси;
кишиларнинг муомала воситаси бўлган тил;
жамият бойлиги ва мезони бўлмиш билим;
ижтимоий муносабатлар ва ижтимоий ташкилотлар;
жамиятда содир бўлувчи демографик ва этник жараёнлар хизмат қилади.
Маданиятшунослик умумназарий фан ҳисобланиб, унга хос бўлган хусусият - инсоннинг маданий ҳаёти ҳодисасини тартибли тизимга солиб ёндашиш ҳисобланади. Шунингдек, маданият гуманитар билимларни ўзида мужассам қилган ҳолда намоён бўлиши билан бирга билишнинг ўта мураккаб объекти ҳамдир.
Маданият- бу инсонларнинг ижодий фаолияти туфайли яратилган моддий ва маънавий бойликлар мажмуигина бўлиб қолмай, айни пайтда у жамият тараққиётининг даражасини ҳам ифодалайди, яъни, жамиятдаги билим, мезон ва қадриятларнинг йиғиндиси маданиятда гавдаланади. Маданиятни ўрганишда объектив қонуниятлар, ҳодисалардаги сабабий боғлиқлик ҳақидаги анъанавий тасаввурлардан фойдаланмаслик ҳам мумкин. Умумий бир соҳа сифатида маданиятга системали ёндашув бир-бирига таъсир этувчи турли маданият соҳаларининг ўзига хос хусусиятларини қисмларга бўлиб эмас, балки уларни яхлит тасаввур қилиш имкониятини беради. Системали ёндашув тадқиқотнинг жуда кўп услубларидан фойдаланишга имкон яратади. Яъни, айрим бир услублар билан олинган натижаларни бошқаларига қарама-қарши қўймасдан ва мутлақолаштирмасдан хулоса чиқаришга асос бўлади.
Айнан, системали ёндашув маданиятга ўзига хос шаклда муносабат билдирган ҳолда кишилар ҳаёт фаолияти соҳаларини ҳам тушуниш имконини беради. Булардан маданият соҳалари, маданият институтлари ташкил топиб, улар аниқ тузилмага ва аниқ вазифаларга эга бўлган ҳолда ижтимоий муносабатлар тамойили, коммуникация, маданий намуналарни ташкил қилиб маданият тизимини белгилайди.
Маданиятшунослик фанининг қуйидаги бўлимлари мавжуд:
Do'stlaringiz bilan baham: |