Ўзбекистон Репсубликаси темир йўлларида поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари бўйича Йўриқномага
3-илова
ЎТА ЭҲТИЁТКОРЛИКНИ ТАЛАБ ЭТУВЧИ ЮКЛАР ОРТИЛГАН ВАГОНЛАРНИ ВА МАХСУС ҲАРАКАТ ТАРКИБИНИ ПОЕЗДЛАРГА ҚУЙИШ ТАРТИБИ
1. Поездларга қўйишда алоҳида эҳтиёткорликни талаб қилувчи юклар ортилган вагонлар (цистерналар) айрим ҳолатларда локомотивлардан, одамлар кетаётган вагонлардан, бир-биридан тўсиқ билан ажратилиши лозим. Алоҳида эҳтиёткорликни талаб қилувчи юкларни ташиш шартлари, рўйхати ва тўсилишнинг белгиланган меъёрлари юкларни темир йўлларда ташиш Қоидаларида келтирилади.
Бундай юкнинг асосий хусусиятлари, шунингдек, тўсилишнинг зарур меъёрлари хақидаги маълумотлар юк жўнатувчи томонидан ташиш ҳужжатларида кўрсатилади.
2. Поезд таркибида ҳаракатланишга яроқсиз, юриш қисмлари соз бўлган якка вагонлар вагон деполари ёки ювиш-буғлаш станциялари томонидан белгиланган юбориш ҳужжатлари тузилгандан сўнг таъмирлаш пунктларига фақат алоҳида локомотивлар билан жўнатилиши лозим.
3. Темир излар эни 1520 мм бўлган темир йўллар бўйлаб ногабарит ва оғир юкларни ташиш бўйича йўриқномада белгиланган 4, 5 ва 6-даражали ён ва паст ногабаритли юклар ортилган вагонлар поезднинг бошидан ва охиридан камида битта габаритли юк ортилган ёки бўш вагон билан тўсилиши керак.
Ён ва пастки ногабаритли юклар (1-3-даражали ногабарит юклардан ташқари) ортилган вагонларни узун таркибли поездларга қўйиш тақиқланади.
Назорат рамали вагон поезднинг бошига қўйилади ёки назорат рамаси юқори зонада яхши кўриниши учун локомотивдан битта бўш платформа билан ажратилади.
Ўта ногабарит юкли вагонлар поезд таркибига назорат рамали вагондан камида 20 та вагон узоқликда қўйилади.
Алоҳида локомотивли махсус поездда ўта ногабарит юк назорат рамаси билан ташилганда, ушбу юк ортилган вагон назорат рамали вагондан камида бешта вагон билан ажратилиши лозим. Поезд орқасидан бундай юкли вагон, биттадан кам бўлмаган, габарит юкли ёки бўш вагондан иборат тўсиққа эга бўлиши керак.
Поезд таркибига юк кўтариш қобилияти 240 т гача бўлган юк ортилган транспортёрларни қўйишга рухсат этилади.
Юк кўтариш қобилияти бундан ортиқ бўлган транспортёрларни юк ортилган ва бўш ҳолатда ҳаракатланиш тартиби ушбу транспортёрлардан фойдаланиш техникавий шартлари ёки ДАТК нинг алоҳида кўрсатмалари билан белгиланади.
Поездларга ўқлар сони 12 та ва ундан ортиқ бўлган (бир ёки икки оралиқ платформалари билан юк кўтариш қобилияти 120 тонна бўлган уланган турдаги транспортёрлардан ташқари) юк ортилган транпортёрлар қўйилганда, улар билан ёнма-ён ҳар иккала томондан камида иккитадан кўпи билан 40 тонна юк ортилган ёки бўш исталган турдаги вагонлар тўсиқ сифатида қўйилиши лозим. Бир поездда бир неча шундай транспортёрлар ҳаракатланганда, улар ўртасида камида 3 та шундай тўсиш вагонлари қўйилади.
8 ва ундан ортиқ ўққа эга бўш транспортёрлар, шунингдек, юк кўтариш қобилияти 120 тонна (тип кодлари 3960 ва 3961) ва 240 тонна (тип коди 3974) бўлган уланган турдаги транспортёрлар, оғирлиги 3 минг тоннадан ортиқ бўлган поездларда ҳаракатланганда, уларни фақат поезд таркибининг охирги чорагига қўйишга рухсат этилади. Поезд оғирлиги камроқ бўлса, ушбу транспортёрларни поезд таркибининг исталган қисмига қўйиш мумкин.
4. Умумий фойдаланишдаги темир йўллар бўйлаб хоппер-дозаторларни фақат берк маршрутлар бўйлаб, ҳар бир маршрутда хизмат кўрсатувчи ходимлар учун битта вагон билан ҳаракатланишига йўл қўйилади.
Ҳар бир маршрутда хоппер-дозаторларнинг сони технологик талаблардан ва ортилган юкни тушириш шарт-шароитларидан келиб чиқиб, аниқланади, Балласт материалларни бошка темир йўллардан олиб чиқиш, шунингдек, сақлаш учун қишки омборларга ташиб киритиш, одатда, жуфт маршрутлар билан амалга оширилиши лозим.
Хоппер-дозатор маршрутларини, оралиқ станцияларда ажратишни талаб этмайдиган ва маршрутларнинг ҳаракат тезлигини чекламайдиган думпкарлардан ташқари (6 ВС-60, 7 ВС-60 ва ВС-66 турдагилардан мустасно) исталган ҳаракат таркиби билан тўлдиришга рухсат этилади. Бунда ЦНИИ-2 ва ЦНИИ-3 хоппер-дозаторлардан иборат маршрутлар учун юк ортилган таркибнинг оғирлиги 2600 тоннадан ошмаслиги лозим. Бундай юк поездларининг ҳаракатланиш тезлиги поезддаги хоппер-дозаторларнинг ҳаракат тезлигидан ортиқ бўлмаслиги лозим.
Хоппер-дозаторлардан иборат маршрутнинг бўш ёки юк ортилган ҳолатда ҳаракатланиш участкаси бўйлаб белгиланган тезликда ҳаракатланишга тайёрлиги хақида хоппер-дозатор маршрутининг машинисти ташиш ҳужжатларида маршрутнинг ҳаракатланишга тайёрлиги, хоппер-дозаторнинг барча юк тушириш-дозировка қурилмалари текширилганлиги, кўрикдан ўтказилганлиги, тўлиқ транспорт ҳолига келтирилганлиги хақида ёзув киритиши шарт. Юк ортилган ҳолатда ҳаракатланганда бундай ёзув юк қоғози (накладной) га, бўш ҳолатда ҳаракатланганда эса юбориш ведомостига киритилади.
Вагон қисмларининг кўриги ва зарур таъмири техникавий хизмат кўрсатиш пунктининг ходимлари томонидан одатдаги тартибда амалга оширилади.
Кузатувчисиз хоппер-дозаторлар юк поездларида фақат бўш ҳолатда ишлаб чиқарган заводларнинг, вагон деполарининг, таъмирлаш заводларининг, рўйхатга олинган жойига ўтказиш зарурлигида йўл хўжалиги бўлинмаларининг буюртмаларига биноан, шунингдек, таъмирлаш учун ва таъмирдан чиққанда, регулировка тартибида ва ҳ.з. ҳолатларда станция хисоботини ва носоз вагонлар мавжудлиги ва таъмири ҳисобини юритиш бўйича амалдаги кўрсатмаларга мувофиқ ташиш расмийлаштирилгандан сўнг юборилиши мумкин.
Жўнатишдан аввал жўнатувчи хоппер-дозаторларни тўлиқ транспорт ҳолатига келтириши, ҳаракатга тайёрлиги ва ҳаракатнинг йўл қўйиладиган тезликлари тўғрисида эса жўнатиш станциясида юбориш ҳужжатларига тегишли ёзув киритиши лозим.
Носозлиги туфайли вертушкадан ажратилган юк ортилган хоппер-дозатор таъмирга юборилишдан олдин юки туширилиши ва шундан сўнг тўлиқ транспорт ҳолатига келтирилиши лозим. Фақат жўнатишга буюртма, юбориш ва ташиш ҳужжатлари мавжудлигидагина, станция бошлиғи хоппер-дозаторларни жўнатади.
5. Бошқа вазирлик ва идораларнинг ташкилот ва корхоналарига тегишли думпкарларнинг ДАТК темир йўлларида ҳаракатланиши ДАТК нинг кўрсатмалари асосида олинган рухсатномалар ва минтақавий темир йўл узели ҳудудида - ДАТК минтақавий темир йўл узели бошлиғи томонидан, темир йўл ҳудудида - ДАТК раиси томонидан, икки ва ундан ортиқ темир йўллар ҳудудида - ЦСЖД томонидан белгиланган шартлар бўйича амалга оширилади.
ДАТК темир йўллари бўйлаб ҳаракатланишга рухсатнома берилишидан аввал думпкарлар, таркибини «Ўздавтемирйўлназорат» белгилаган комиссия томонидан кўрикдан ўтказилиб, думпкарлар ҳаракатланишига буюртмада кўзда тутилган шароитларда фойдаланишга яроқлиги текширилади. Кўрик натижалари хақида вагонларнинг техникавий ҳолати ва ДАТК темир йўлларида ҳаракатланишга яроқлилигини акс эттирувчи далолатнома тузилади.
ЦСЖД йўлларида думпкарлар қуйидаги ҳолатларда ҳаракатланади: 6ВС-60, 7ВС-60 ва ВС-66 думпкарлар - юк поездлари, тўлиқ таркибли маршрутлар ва йириклаштирилган гуруҳларда, бўш ёки юк ортилган ҳолатда тузиш режасига мувофиқ исталган ҳаракат таркиби билан тўлдирилиб ҳаркатланади; барча бошқа турдаги думпкарлар - тегишли турдаги думпкарлар учун белгиланган тезликларда, оғирлиги 2600 тоннадан ортиқ бўлмаган алоҳида маршрутларда, бўш ҳолатда белгиланган узунликкача, юк ортилган ҳолатда эса белгиланган оғирликкача исталган ҳаракат таркиби билан тўлдирилиб ҳаракатланади.
Думпкар маршрутларини фақат оралиқ станцияларда ажратишни талаб этмайдиган ва думпкар маршрутлари тезлигини чекламайдиган ҳаракат таркиби билан тўлдиришга рухсат этилади.
Думпкар маршрутлари ва барча турдаги думпкарларнинг йириклаштирилган гуруҳлари, машинист ҳамда эгалик килувчи-корхона ёки ташкилот томонидан тайинланган, думпкарларнинг тузилиши ва улардан фойдаланишни биладиган машинист ёрдамчисидан иборат бригада томонидан кузатилади.
Таъмирга, иш жойига жунатилаётган ёки таъмирдан қайтаётган думпкарлар поездларда фақат бўш ҳолатда, юк поездлари учун белгиланган тезликларда (ВС-100 ва 2ВС-1О5 думпкарлари учун 80 -км/соат дан ортиқ бўлмаган тезликда) жўнатилади, бунда 6ВС-60, 7ВС-60 ва ВС-66 думпкарлари поезднинг исталган қисмида қўйилиши мумкин бўлса, бошқа турдагилари юк поездининг ортига уланади.
ДАТК йўлларидаги думпкар-вагонларга ДАТК паркидаги вагонлар қатори техникавий хизмат кўрсатилади.
Техникавий ва тижорат носозлиги туфайли юк ортилган думпкарлар маршрутлардан ягона юк коғози бўйича юкларни маршрутлар ва вагонлар гуруҳи билан ташиш Қоидаларига мувофиқ амалга оширилади. Кетидан жўнатиладиган ҳужжатларда ҳам асосий ташиш хужжатларида мавжуд алоҳида белгилар кўрсатилади, бунда албатта ВУ-23 шаклидаги хабарнома тузилади.
6. Оғир турдаги йўл машиналари (йўл ётқизгич, шағал тозалагич, қор тозалагич ва ҳ.з.), темир йўл кранлари ва махсус ҳаракат таркибининг бошқа бирликлари (кўчма элекгр қурилмалар, котлаван қазиш, свая пойдеворларини контакт тармоқ таянчлари остига чўктириш машиналари ва ҳ.з.) фақат ушбу агрегатларга эгалик қилаётган хўжалик бўлинмаларнинг буюртмаларига биноан станциялардан фойдаланилмайдиган ҳолатда (юк поездларида ёки алоҳида локомотивлар билан) жўнатилади.
Уларни фойдаланилмайдиган ҳолатда ҳаракатланишга тайёрлаш тегишли агрегатлар учун ишлаб чиқилган ёки ушбу агрегатнинг паспорт маълумотларига мувофиқ техникавий шартлар (йуриқномалар) да кўзда тутилган талабларга мувофиқ амалга оширилади. Агрегат транспорт ҳолатига келтирилгани тўғрисида жўнатувчи томонидан ташиш хужжатларига қайд киритилиши лозим.
Агрегатнинг фойдаланилмайдиган ҳолатда ҳаракатта тайёрлиги ДАТК минтақавий темир йўл узели бошлиғи тайинлайдиган комиссия томонидан текширилади.
Юк поездлари таркибларига агрегатлар тегишли агрегатдан фойдаланиш тартибини белгилайдиган техникавий шартлар (йўриқномалар) ёки паспорт маълумотларида кўзда тутилган қоидаларга мувофиқ қўйилади.
Агар техникавий шартлар (йўриқномалар) ёки паспорт маълумотларига мувофиқ агрегат юк поездлари ҳаракат гргафигида белгиланганидан пастроқ тезликда ўтказилиши лозим бўлса, унда агрегатни транспорт ҳолатига келтирилгани тўғрисидаги қайдда жўнатувчи шу тезликни кўрсатиши лозим.
7. Фойдаланилмайдиган ҳолатдаги локомотивлар депо бошлиқлари ёки завод маъмурияти буюртмаси бўйича локомотивларнинг техникавий ҳолати текширилиб ва белгиланган шаклда тузилган далолатнома билан расмийлаштирилиб, жўнатилади. Жўнатиш станцияси бошлиғига буюртма билан бирга тақдим этиладиган далолатномада локомотивнинг рухсат берилган ҳаракат тезлиги кўрсатилади. Далолатноманинг иккинчи нусхаси локомотив кузатувчисига топширилади.
Фойдаланилмайдиган ҳолатда жўнатилаётган электровозлар ва тепловозлар юк поездларида етакчи локомотивнинг ортидан кўпи билан иккита бир секциялик ёки битта уч (икки) секциялик қилиб, ДАТК ҳудудида эса ДАТК раиси белгилаган миқдорда қўйилади.
ДАТК раиси кўрсатмасига биноан кўп миқдорда локомотивлар жўнатилганда бир метрга 8,1 тоннадан ортиқ бўлмаган юклама билан 3 тадан 10 тагача икки секциялик, 7 та уч секциялик ёки 20 бир секциялик локомотивларни (етакчи локомотивни ҳисобланмаганда) йиғма қилиб, бирлаштириб жўнатишга рухсат этилади, бунда йиғма локомотивларидан бири етакчи бўлиши мумкин.
Юк поездларида жўнатиладиган дизел поездлар юк поездининг охирига қўйилади.
Совуқ тендерли паровозлар икки ва ундан ортиқ темир йўллар бўйлаб жўнатилганда етакчи локомотив ортидан кўпи билан битта, ДАТК темир йўл худудида эса ДАТК раиси белгилаган миқдорда қўйилади. Жуфт тягада совуқ паровоз поезд бошига йўлнинг устки тузилмаси ва сунъий иншоотларга боғлиқ равишда қўйилади ва бу ДАТК раиси томонидан рухсат этилади. Тендери тўрт ва олти ўқли паровозларни тендерини илгарига қаратиб жўнатишга рухсат этилади, тендери уч ўқли паровозлар поездга фақат трубаси билан илгари қилиб қўйилади.
8. Махсус тузилмалар уларнинг бошлиқлари буюртмаларига биноан кўчирилади: ДАТК ҳудудида – ДАТК раиси буйруғи, икки ва ундан кўпроқ йўлларда ЦСЖД буйруғи бўйича кўчирилади.
Махсус тузилманинг хусусиятлари ва ҳаракат таркибининг турига боғлиқ равишда буйруқда ҳаракат хавфсизлигини таъминлайдиган кўчириш тартиблари кўрсатилади.
9. Метрополитенларнинг вагонлари (12 вагонгача) йиғмаларга бириктирилиб ва 2 бўш юк вагонлардан тўсиқ қилиб жўнатилади. Тўсиқ вагонлар йиғманинг ҳар икки учида биттадан уланади. Ушбу вагонлар метрополитен вагонлари билан бириккан томонида автоулагичларнинг одатдаги бошчалари ўрнига ўрнатиладиган ўтказма бирикмалар билан жиҳозланади.
Метрополитен вагонларини кузатиш учун жўнатувчи томонидан кузатувчилар тайинланиб, уларнинг бориши учун ёзги мавсумда метрополитен вагонларидан бири, қиш пайтида эса тўсиқ вагонлардан бири сифатида фойдаланилган теплушка-вагон ишлатилади.
Ҳаракатланишга яроқлигини аниқлаш мақсадида жўнатилаётган метрополитен вагонлари жўнатувчи тайинлаган комиссия томонидан кўрикдан ўтказилади. Комиссия таркибига ДАТК станцияси техникавий хизмат кўрсатиш пункти вакили киритилади. Комиссия жўнатилаётган вагонларнинг техникавий ҳолатини текшириш далолатномасини ВУ-25 шаклда уч нусхада тузади. Далолатноманинг биринчи нусхаси вагонни жўнатаётган депо ёки заводда қолади, иккинчиси - кузатувчилар гуруҳи раҳбарига, учинчиси эса вагонларни жўнатиш станциясига буюртма учун фойдаланилади.
Тайёр бириктирилган йиғма алоҳида локомотив билан тортилади. Метрополитен вагонларини поезд таркибига қўйиш, шунингдек, уларни саралаш тепаликлари орқали ўтказиш тақиқланади.
МДҲ темир йўлларида метрополитен вагонларини ўтказиш тўғри йўлларда ва эгрилик радиуси 300 метрдан ортиқ қисмларда юк поездлари учун белгиланган, аммо 75 км/соат дан ортиқ бўлмаган тезликда амалга оширилади. Радиуси 300 метр ва ундан камроқ эгриликларда ҳаракат тезлиги: радиуси 60 метр эгриликда - 1км/соат, радиуси 100 метр- 30 км/соат, радиуси 300 метр-60 км/соат дан ортиқ бўлмаслиги лозим.
Метрополитен вагонлари бириктирилган йиғмаларнинг ҳаракатланиш маршрути ДАТК томонидан белгиланади ва эълон килинади.