Халқаро Кришнани англаш жамияти Шрила Бхактиведанта Свами Прабхупада номи билан танилган асли ҳиндистонлик Абхай Чаран Де (1896-1977) томонидан ташкил этилган. У 1947 йилда “Веда” фалсафаси билимдони сифатида “Бхактиведанта” (санскр. “содиқлик”, “фидокорона хизмат”) унвонига сазовор бўлади. Санскрит тилидан инглиз тилига кўпгина “Веда” матнлари, жумладан, “Бхагавадгита” (“Худо қўшиқлари”)ни шарҳлар билан таржима қилди. 1959 йилда 63 ёшида дунёдан воз кечишга аҳд қилади ва Свами (“Ақл ва ҳиссиётлар эгаси”) унвонига эришади.
1965 йилда А.Ч.Бхактиведанта Свами АҚШга кўчиб ўтди ва “Халқаро Кришнани англаш жамияти”га асос солди. Бу даврда Шарқ мистик таълимотига нисбатан катта қизиқиш Кришнани англаш фалсафасини тарғиб қилиш учун қулай шарт-шароит яратди ва ҳаракат тез ривож топди. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида уларнинг 150 дан ортиқ ибодатхоналари мавжуд.
Кришначилик (вайшнавизм) одам қиёфасидаги худо Кришна (Вишну)га эътиқод қилишга асосланган ҳиндуийликнинг икки асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Кришначиликнинг муқаддас ёзувларига “Бхагаватгита”дан ташқари бошқа “Веда” матнлари ҳам киради.
Кришначилик яккахудоликка, яъни ягона ва мутлоқ худо – Кришнани тан олишга асосланади. У абадий, яратилмаган ва чексиз шаклларга кириш қобилиятига эга. Кришначилик таълимотига кўра, олам руҳий ва моддий дунёга бўлинади. Инсоннинг руҳи танасига нисбатан бирламчидир. Кришначилар руҳни ривожлантириб ички комилликка эришиш ва шу йўл билан худога қўшилишни олий мақсад, деб биладилар.
Ҳар бир инсон ўзида Кришнани англаш қобилиятини ривожлантириши мумкин. Бунинг учун бир қанча ҳаракат шаклларини ўз ичига олган ва худога муҳаббатни ривожлантириш ҳамда уни бутунлай руҳий англашга шўнғишга қаратилган бхакта-йога машқлар тизими ишлаб чиқилган. Айни пайтда, инсон ўзини моддий эҳтиёжлардан холи қилиши, гўшт, балиқ, тухум, маст қилувчи нарсаларнинг барчаси, жумладан, спиртли ичимликлар, тамаки, қаҳва, чой истеъмол қилиш, никоҳсиз жинсий ҳаёт кечириш ва қимор ўйинлардан воз кечиши зарур, деб ҳисобланади.
Кришначиликда медитация деб аталувчи, ибодатхонада ўтказиладиган диний маросимлар ҳар куни соатлаб бажарилади. У махсус ҳаракатлар, Санкиртана – биргаликда худо Кришнани “Харе Кришна, Харе Кришна, Кришна Харе, Харе, Харе Рама, Харе Рама, Рама, Рама, Харе, Харе” деган, махамантра (“озод бўлишнинг буюк қўшиғи”)ни куйлаш билан шарафлаш амалиётини қамраб олади. Буларнинг ҳаммаси, уларнинг таъбирича, ақлни тозалаш, фикрни ташқи дунёдан халос этиш, бутун диққат-эътиборни худога нисбатан муҳаббатга йўналтириш учун бажарилади.
“Халқаро Кришнани англаш жамияти”да ўз эргашувчиларининг мол-мулкларини жамият ҳисобига хайр-эҳсон қилишлари ҳамда ибодатхонада руҳонийлик вазифасига ўтишлари рағбатлантирилади. Бу таълимотни қабул қилган ҳар бир кишига янги – санскритча ном берилади. Жамоа аъзолари сари, дхоти ва бошқа ҳинд миллий либосларини киядилар.
Кришначилар томонидан миссионерлик фаолияти ўтган асрнинг 70-йилларида бошланган. Улар томонидан амалга ошириладиган тарғиботчилик ҳаракатининг ўзига хос хусусиятлари қаторида кўчаларда ибодат кийимларида юриб қўшиқлар айтиш ва адабиётларини тарқатиш, “Ҳаёт учун озуқа” деб номланадиган, бепул озиқ-овқат тарқатиш акциялари ўтказилишини кўрсатиш мумкин. Бундай ҳаракатларнинг асосий объектлари сифатида одатда талабалар, мактаб ўқувчилари, қариялар ва меҳрибонлик уйларида истиқомат қилувчилар танлаб олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |