Терини парвариш қилиш муҳим гигиеник аҳамиятга эгадир. Танани парвариш деганда тана терисини ҳамда оғиз бўшлиғини парвариш қилиш билан боғлиқ бўлган гигиеник тадбирлар тушунилади. Спортчининг саломатлиги, унинг иш қобилияти ва турли касалликларга чидамлилиги кўп жиҳатдан тери тўқималарининг ҳолатига боғлиқдир, чунки тери жуда кўп ҳар-хил физиологик функцияларни бажаради. Агар тери ёмон ва нотўғри парвариш қилинса, унинг муҳим функциялари бузилиши мумкин. Ифлос тери одатда йирингли касалликларнинг сабабчиси бўлади.
Терини парвариш қилишнинг негизи-бу бутун гавдани иссиқ сувда совунлаб, булут билан мунтазам равишда, ҳар 4-5 кунда бир марта ювиб туришдан иборатдир. Шундан кейин ич кийимлар алмаштирилади. Тананинг кўпроқ кир бўладиган жойларини, ҳар куни эрталаб ва кечқурун совунлаб ювиш зарур.
Жисмоний машқ машғулотларида тери анчагина кир бўлади. Шунинг учун тренировкадан кейин албатта иссиқ душ қабул қилиш керак. У фақат терини тозалаб қолмай, шу билан бирга нерв ва юрак қон томир системаларига фойдали таъсир кўрсатади, модда алмашинувини оширади ҳамда куч-қувватни тиклаш жараёнларини яхшилайди. Душ қабул қилгандан кейин баданни яхшилаб артиш ва асосий мускул гуруҳларини енгил массаж қилиш зарур.
Қўлларни парвариш қилиш алоҳида эътибор беришни талаб қилади, чунки қўлдаги патоғен микроблар ҳамда гельминт тухумлари қўл орқали озиқ-овқатларга ўтиши мумкин. Айниқса, тирноқлар остида жуда кўп микроблар тўпланади. Турли ишларни бажаргандан кейин ва овқатланишдан олдин қўлни албатта совунлаб ювиш керак. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, қўллар қанчалик тез-тез ювиб турилса, қўл терлари ўз-ўзини тозалашга шунчалик кўпроқ бўлади. Тоза ювилган қўлнинг терисига туширилган микроблар орадан 10 минут ўтгандан кейин 85% камайган, ифлос терига туширилган микроблар эса орадан 20 минут ўтгандан кейин атига 5% га камайган.
Ўқувчилар спортнинг баъзи бир турлари билан шуғулланувчи спортчилар қўлларининг терисини алоҳида тарзда парвариш қилишлари керак. Гимнастика, эшкак эшиш, оғир атлетика билан шуғулланувчи спортчиларнинг қўлларида тез-тез қадоқ пайдо бўлиб туради. Бу қадоқлар жиҳозларни узоқ вақт кўтариб туриши учун тўқималарнинг физиологик воситаси ҳисобланади. қадоқнинг ортиқча қатламини эхтиёткорлик билан олиб ташлаш тавсия этилади. Машғулотлар бошланиши олдидан ва машғулотлардан кейин қўлни терисини юмшатиш учун глицерин ёки бошқа мазлардан суртиш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |