Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида ”ги Низомга мувофиқ Юридик хизмат ходими ёхуд юрисконсульт лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахс ишлаши мумкин. Юридик хизмат бошлиғи лавозимига олий юридик маълумотга эга бўлган ёхуд Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган, шунингдек, юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахс тайинланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 июлдаги ПФ-5475-сонли Фармони таҳририда. Олий юридик маълумотга эга бўлган шахс бошқарув органларида ва мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналарда юрисконсульт бўлиб ишлаши мумкин ва улар бу лавозимга тегишли бошқарув органлари ва корхоналар раҳбарлари томонидан тайинланадилар. Вазирлик, давлат қўмитаси, идора ва республиканинг бошқа бошқарув органи юридик бўлинмасининг бошлиғи ёки юрисконсульт лавозимини эгаллаш учун камида 2 йиллик юрисконсульт иш стажига эга бўлиш зарур.
Амалдаги қонунчиликка кўра давлат бошқарув органлари ва корхоналар, ёш мутахассислар ва ҳомиладор аёллардан ташқари, барча юридик хизмат ходимларини 2 йилда бир марта Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш учун юборишга мажбурдирлар.
Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимлари лавозимга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда тайинланадилар ва озод қилинадилар.
Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, шунингдек ҳудудий даражадаги давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимлари лавозимга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари билан келишилган ҳолда тайинланадилар ва озод қилинадилар.
Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.