Фуқаролик кодексининг 732-моддасига асосан фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар ёзма шаклда тузилиши шарт.
Қарз фоизга ёки фоизсиз берилади. Ашё, мулк ҳам қарзга берилиши мумкин. Қарз шарртномаси реал шартнома бўлиб ҳисобланади. Қарзни барча шахслар бериши мумкин. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Фуқаролик кодексининг 744-моддасига кўра кредит шартномаси бўйича бир тараф - банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Кредит фақат пул кўриниши берилади. Кредит фақат фоиз тўлаш шарти билан берилади. Кредит шартномаси консенсуал шартнома бўлиб ҳисобланади. Кредитни фақат банклар ва бошқа кредит ташкилотлари бериши мумкин.
Ушбу шартномаларнинг бир-биридан асосий фарқи қарз йиллик устама фоизсиз берилиши мумкин. Кредит эса албатта йиллик фоиз устама билан берилади.
Кафиллик қачон бекор бўлиши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 298-моддаси асосан кафиллик билан таъминланган мажбурият бекор бўлгач, шунингдек ушбу мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда кафиллик бекор бўлади.
Кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса, шунингдек кафил таъминлаган мажбуриятни бажариш муддати келганида кредитор қарздор ёки кафил таклиф қилган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортса, кафиллик бекор бўлади.
Шартномада кўрсатилган кафиллик муддати ўтганидан кейин кафиллик бекор бўлади. Агар бундай муддат белгиланган бўлмаса, кредитор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати келган кундан бошлаб бир йил давомида кафилга даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади. Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади.