Акцияга таъриф беринг?
Акция - ўз эгасининг акциядорлик жамияти фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олишга, акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этишга ва у тугатилганидан кейин қоладиган мол-мулкнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи, амал қилиш муддати белгиланмаган эгасининг номи ёзилган эмиссиявий қимматли қоғоз ҳисобланади.
Акциялар турига кўра оддий ва имтиёзли бўлиши мумкин.
Ўз эгаларига дивидендларни, шунингдек жамият тугатилаётганда акцияларга қўйилган маблағларни биринчи навбатда олиш ҳуқуқини берадиган акциялар имтиёзли акциялардир. Имтиёзли акциялар ўз эгаларига жамият фойда кўриш-кўрмаслигидан қатъи назар, муайян дивидендлар олиш ҳуқуқини беради.
Оддий акциялар овоз берувчи акциялар бўлиб, улар ўз эгасига дивидендлар олиш, жамиятни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини беради. Оддий акцияларни имтиёзли акцияларга, корпоратив облигацияларга ва бошқа қимматли қоғозларга айирбошлашга йўл қўйилмайди.
Акцияларнинг номинал қиймати беш минг сўмдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Хусусий капитал деганда нимани тушунасиз?
Хусусий капитал корхонанинг ўз маблағлари манбаининг асосини ташкил ташкил этувчи кўрсаткич ҳисобланиб, унинг таркибига устав капитали, қўшилган капитал, захира капитал ҳамда тақсимланмаган фойда (қопланмаган зарар) киради.
Корпоратив бошқарув тушунчасига тариф беринг?
«Корпоратив бошқарув» тушунчаси тижорат банки фаолиятини бошқаришда Кенгаш аъзолари ва бошқа раҳбар ходимлар томонидан амалга ошириладиган асосий фаолият ҳамда қоидалар мажмуаси тушунилади. Шу билан бирга корпоратив бошқарув концепцияси бизнес юритиш этикасининг андозалари ва акциядорларга бўлган муносабатларда масъулият ҳисси ҳамда банк фаолият кўрсатаётган жамият талабларини эътиборга олишни ўз ичига олади.
Тижорат банклари томонидан муайян юридик шахс устав капиталига, шунингдек ушбу юридик шахснинг бошқа қимматли қоғозларига киритган инвестицияларининг энг юқори миқдорига қўйилган меъёрни айтинг?
Тижорат банклари томонидан муайян юридик шахс устав капиталига, шунингдек ушбу юридик шахснинг бошқа қимматли қоғозларига киритган инвестициялари миқдори биринчи даражали банк регулятив капиталининг 15 фоизидан ошмаслиги керак.
Тижорат банклари томонидан юридик шахслар устав капиталига, шунингдек ушбу юридик шахснинг бошқа қимматли қоғозларига киритган инвестицияларининг энг юқори миқдорига қўйилган меъёрни айтинг?
Тижорат банклари томонидан юридик шахслар устав капиталига ва бошқа қимматли қоғозларга киритган инвестициялари миқдори биринчи даражали банк регулятив капиталининг 50 фоизидан ошмаслиги керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |