7
Кириш
Географиянинг фанлар тизимида эгаллаган қулай “географик ўрни”
туфайли юзага келган ва жадал ривожланиб бораётган соҳалардан бири
топонимика – географик объектларнинг номлари ҳақидаги фан ҳисобланади.
Билим соҳаси сифатида узоқ ривожланиш тарихига эга бўлган бу фанни
ўрганишга бўлган қизиқиш, унинг жамиятдаги вазифаси кўламига мос
равишда ортиб бормоқда.
Географик номлар кишилик жамиятининг ривожланиш босқичлари
билан бевосита боғлиқ ҳолда сон ва сифат жиҳатидан ўзгариб боради.
Кишилик жамияти бевосита алоқада бўладиган атроф-географик муҳитнинг
кенгайишига, ўзлаштирилишига мос равишда, инсоният цивилизациясининг
ажралмас қисми сифатида топонимик муҳит ҳам кенгайиб, ривожланиб
боради. Бу муҳитдаги географик номлар
инсонлар билан географик
объектларни ўзаро боғлаб турувчи восита вазифасини бажарадилар. Бундай
боғланишда ном бир объектни иккинчисидан фарқлаш, унинг қаерда
жойлашганлигини аниқлаб, керак бўлса харитада кўрсатиб бериш орқали
кишилик жамияти учун зарур ва муҳим бўлган ижтимоий-сиёсий вазифани,
яъни адреслик функциясини бажаради.
Географик номлар адреслик функцияни бажариш билан бир вақтда кўп
қиррали ва хилма-хил ахборот манбаи бўлиб ҳисобланади. Шу сабабдан ҳар
қандай географик ном инсон фаолиятининг маҳсули, у географик объектнинг
номи сифатида ер юзининг маълум бир нуқтасида пайдо бўлган. Ҳар бир
давр, тузум ўз мафкураси ва маънавияти, маданияти, ишлаб чиқариш тарзи,
хўжалик фаолияти ва бошқа сиёсий, иқтисодий-ижтимоий омилларга таяниб
номлар мажмуини яратади ва айнан географик номларида кишилик жамияти
тараққиётидаги давр руҳи, халқнинг турмуши ва маданияти билан боғлиқ
турли хил воқеа-ҳодисалар муҳрланиб қолган. Бошқача айтганда, географик
номлар маънавиятимизнинг ажралмас бўлаги, маънавият эса одамзот учун
ҳамма замонларда ҳам энг буюк бойлик бўлиб хизмат қилган. Бу ҳақида
8
Республикамизнинг биринчи президенти И.А.Каримов шундай ёзади -
“Маънавият ўз халқининг тарихини, унинг маданияти ва вазифаларини чуқур
билиш ва тушуниб етишга суянгандагина қудратли кучга айланади. Тарихга
мурожаат қилар эканмиз, бу халқ хотираси эканлигини назарда тутишимиз
керак. Хотирасиз баркамол киши бўлмаганидек, ўз
тарихини билмаган
халқнинг келажаги ҳам бўлмайди”
1
.
Географик объектларнинг номлари топонимиканинг асосини ташкил
қилар экан, географик объектлар ўзи нима эканлигини таъкидлаш орқали
мазкур фаннинг географик ўрганиш жиҳатларини аниқлаб олиш мумкин.
Географик объект деб табиий ёки инсонлар томонидан яратилган, нисбатан
барқарор, бир бутун
географик яратмага айтилиб, у ерни юза қисмида
маълум ўринни эгаллаши, ландшафтнинг шаклланиши ва ўзгаришида
қатнашиши, бир шартли белги билан харитага туширилиши керак. Бундай
ёндашувда географик объектларга барча
табиий
объектлар, маъмурий-
ҳудудий бирликлар, аҳоли масканлари, транспорт ва муҳандислик-техника
инфратузилмаси объектлари ва бошқалар киради.
Барча географик
объектларнинг номлари инсонлар томонидан яратилиб, ер юзасининг
маълум қисмида юзага келади, географик карталарда
тасвирлаш имконини
беради. Шунинг учун ҳам уларни ўрганиш бир вақтнинг ўзида география ва
топонимикани (аниқроғи геотопонимикани) ўрганиш объекти ҳисобланади.
Мамлакатимизда олий таълимнинг гeoграфия (5140600) – бакалавр
таълим йўналиши Давлат таълим стандартида “Тoпoнимика ва географик
терминшунослик” ўқув фани сифатида киритилган. Талабалар томонидан
ўрганиладиган мавзулар
сифатида фаннинг предмети, тадқиқот объекти,
мақсади ва вазифалари, топонимиканинг ривожланиш тарихи, “Географик
объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни,
географик номларнинг турлари, географик номларнинг ёзилиши ва
талаффузи, география дарсларида топонимик
маълумотлардан фойдаланиш
каби фаннинг биринчи қисмидаги мавзуларга асосий эътибор қаратилди. Фан
1
Каримов И. Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли.–Тошкент: Ўзбекистон, 1992. –Б.71.
9
дастуридан ўрин олган “Географик терминшунослик” бўйича ўқув қўлланма
ЎзМУ доценти г.ф.н. М.Миракмалов томонидан тайёрланаётганлиги
инобатга олинди.
Муаллиф мазкур қўлланмани тайёрлашда ўзларининг беғараз
ёрдамларини аямаган Ўзбекистон география жамияти президенти, профессор
А.Солиев, Қўқон давлат педагогика институти доценти Н.Охунов, Фарғона
давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори Ҳ.Жўраев,
Ўзбекистон миллий унверситети докторанти, г.ф.н., М.Миракмаловларга ўз
миннатдорчилигини билдиради.
Do'stlaringiz bilan baham: