Qanqa, Xarashkat, Kanka, Qanqatepa — miloddan avvalgi 3-asr—milodiy 12-asr boshiga oid qadimiy shahar xarobasi. Toshkent viloyatining Oqqoʻrgʻon tumani hududida, Ohangaron daryosining qadimiy oʻzani chap sohilida. Shohruxiya arxeologik yodgorligidan taxminan 8 km shim.sharqda qadimiy karvon yoʻli ustida joylashgan. qadimiy Xitoy yozma manbalarida Bitan (Bityan), oʻrta asrlarda Xarashkat nomlari bilan yuritilgan. Qangʻ davlatining poytaxti boʻlgan. Oʻrta asrlarda (9—11-asrlar) Xarashkat shahri Choch viloyatida Binkat (Toshkent)dan keyin 2shahar hisoblangan. Dastlab, Turkiston arxeologiya havaskorlari toʻgaragi aʼzosi Ye.T.Smirnov (1898), keyinchalik M.Ye.Masson (1934 yil), soʻngra Moddiymadaniyat yodgorliklarini muhofaza qilish jamiyati (qarangAbdullayev; 1969—72), 1974 yildan Oʻzbekiston FA Arxeologiya instituti tomonidan tekshirish ishlari olib borilmoqda. Q. toʻgʻri toʻrtburchak shaklida, umumiy maydoni 200 ga boʻlib, bir necha qator mudofaa devori va xandaqlar bilan oʻralgan, ark 3 shahriston va raboddan iborat boʻlgan. Shahriston I ning maydoni 6,5 ga, shim. qismida ark (balandligi 40 m) joylashgan. Uning atrofi xandaq bilan oʻralgan. Ark va Shahriston I ni 3 tomondan maydoni 50 ga dan ortiqroq Shahriston II oʻrab olgan. Shahristonlarga tashqaridan rabod (maydoni 60 ga) yondoshgan. Miloddan avvalgi 1 — milodiy 1-asrlarda shahar ravnaq topgan. Shahristonlar va rabodda koʻchakoʻylar, maydonlar, hovuz va oqar suv tarmoqlari hamda paxsa va yirik xom gʻishtlardan bino qilingan turar joy qoldiqlari saqlanib qolgan. Q.dan milodiy 1—2-asrlarda zarb etilgan kumush va mis tangalar (jumladan, 4—11-asrlarga oid tangalar xazinasi), oltin va qimmatbaho toshlardan ishlangan taqinchoqlar, sopol haykalchalar, ostodon (ossuariy), sirlangan va sirsiz sopol idishlar, tosh, suyak va metalldan ishlangan qurol va asboblar hamda devoriy rasm qoldiqlari topilgan. Turli xildagi bunday ashyoviy topilmalar shubhasiz, Q.da ohangarlik, kulolchilik, tikuvchilik, suyak oʻymakorligi rivoj topganidan dalolat beradi. 12-asrda Ohangaron daryosi oʻzanining oʻzgarishi tufayli Q. suvsiz qolib, xarobaga aylangan.
ШОШТЕПА – археологик ёдгорлик, ташқи ва ички қишлоқ ҳамда баланд арк – қалъадан иборат шаҳар харобаси (милоддан аввалги 9-аср – милодий 16-аср). Жўн канали бўйида (Чоштепа кўчасида) жойлашган. Дастлаб Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги аъзолари томонидан қайд этилган, Н.П.Остроумов археологик қазишмалар ўтказган (1896), Г.В.Григорьев текширган (1934), Н.И.Крашенинникова (1956), F.Дадабоев (1970) археологик кузатишлар олиб борган, 1978 йилдан Тошкент археология экспедицияси томонидан ўрганилмоқда.
Шоштепа майдони 25 гектарга яқин. Ён бағирлари тик бўлган тепалик кўринишидаги дастлабки қишлоқ (150х120 м) истеҳкомли бўлиб, аркни ҳам ўз ичига олган, арк билан қишлоқни Жўн канали ажратиб турган. Қуйи маданий қатламдан Бурганли маданияти (милоддан авввалги 9–6-асрлар)га оид ўтроқ деҳқонлар қишлоғининг қолдиқлари топилган. Шоштепадаги илк деҳқонлар қишлоғи милоддан аввалги 6-асрда барҳам топган. Унинг аҳолиси хўжаликнинг чорвачилик турига ўтиб, Евросиё даштларидан келган кўчманчи қабилалар оқимига сингиб кетган.
Шоштепанинг кейинги давр қатламини кўчманчилар некрополи эгаллайди, унда қабрга анъанавий буюмлар қўшиб кўмилган. Бу милоддан аввалги 3-асрдан Евросиёда бошланган йирик этник кўчишлар даврида қабилаларни Орол бўйидан Амударёнинг ўрта оқими томон миграциялари йўналиши ҳақида гувоҳлик беради.
Бурганли қишлоғи ва кўчманчилар некрополи харобалари ўрнида милоддан аввалги 2-асрда (яъни, 2200 йил аввал) атрофи ҳалқа девор билан ўралган, ўзига хос хочсимон тарҳли бино қурилган. У хоч ва ҳалқа уйғунлиги – қуёшнинг энг қадимий рамзи тамойилида бунёд этилган. Археологик маълумотларга кўра у Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган воҳалардан келган кишилар томонидан қурилган. Улар ўзлари билан хом ғишт ва пахсадан меъморий иншоотлар қуриш кўникмаларини олиб келганлар. Тошкент археология экспедицияси археологлари томонидан хом ғиштдан териб ишланган деворлар, йўлак аркалари, гумбазли хоналар ўрганилди, айрим хоналар қизил рангга бўялган. Бинонинг ўзига хос тарҳи, хоналардан биридаги кичик оташгоҳ, шунингдек, хоналардан бирига бош чаноғининг кўмилганлиги бинодан махсус мақсадларда фойдаланганликларини кўрсатади. У аввал қуёшга топинувчилар ибодатхонаси бўлиб, сўнгра диний маросимлар марказига айлантирилган. Шоштепадаги хочсимон бинони тадқиқ этиш жараёнида унинг меъморий-қурилиш тамойили Сирдарёнинг жанубий ўзанида тарқалган деҳқонлар ва чорвадорлар маданияти доирасида шаклланган деган хулосага келинди. Иқлим ўзгариши ва дарё ирмоқларини қуриб қолиши натижасида улар яшаш учун қулай ерлар ахтариб Сирдарёнинг юқори оқими бўйлаб ҳаракат қилишган. Уларнинг бир қисми Тошкент воҳасида қўним топган, бу ерда улар ўзларининг моддий ва маънавий маданиятлари ва шаҳарсозлик соҳасидаги билимларини янада ошириш учун қулай заминга эга бўлишган. Ибодатхонаси бўлган тепалик тахминан 25 гектар келадиган қишлоқ таркибига кирган.
Шундай қилиб, камида 2200 йил аввал Тошкент ҳудудида шаҳарсозлик соҳасида биринчи тажриба амалга оширилган. 3–6-асрларда Шоштепадаги ҳаётнинг иккинчи йирик жонланиш даври бўлиб, 7–8-аср бошларида анча юксалган, сўнг вайрон бўлган. 11–12-асрларда ундаги ҳаёт бироз тикланган, 16-асрда Шоштепа ташландиқ ҳолига келган.
Do'stlaringiz bilan baham: |