6-§. Буйруқ ёки бошқа вазифани ижро этиш
ЎзР ЖКнинг 40-моддасига кўра, шахснинг буйруқ ёки бошқа фармойишни, шунингдек, мансаб вазифаларини қонунан бажариши туфайли зарар етказилган бўлса, жиноят деб топилмайди.
Қонуний берилган буйруқни бажариш натижасида қонун билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатга зарар етказилган тақдирда жиноят ҳисобланмайди.
Буйруқни бажариш қонун билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатга зарар етказилган тақдирда ҳам жиноят ҳисобланмас-лиги, яъни қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолат сифатида жиноят қонунида назарда тутилишининг ижтимоий аҳамияти ва мақсадга мувофиқлиги раҳбар ва унга бўйсунувчилар ўртасидаги хизмат муносабатлари, корхона, муассасанинг нормал фаолият олиб боришини таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланган меҳнат интизомини таъминлашдан иборатдир. Ушбу институтни жорий қилиниши раҳбарнинг обрўйини оширади, уларнинг буйруқ ёки фармойишларини бажарилишини таъминлайди, буйруқ ёки фармойишларни бажарувчиларнинг ҳимоя қилинишини кучайтиради. Буйруқ ёки фармойишининг шубҳа остида қолдиришга барҳам беради.
Буйруқ ва фармойиш бир-бирининг синоними бўлсада, фармойиш буйруққа нисбатан кенгроқ тушунчадир. Фармойиш кўрсатма, йўл-йўриқлар кўрсатиш каби умумий тушунчадир.
Буйруқ эса бошлиқнинг хизмат юзасидан унга бўйсунувчи бўлган шахсларга хизмати юзасидан муайян ҳаракатни бажариш ёки бажармаслик талабида ифодаланган топшириқдир.
Буйруқ ёзма ёки оғзаки бўлиб, аниқ бир ҳаракатни бажариш ёки бажармаслик ҳақидаги бажарилиши шарт бўлган топшириқдир. Муайян вазифани бажарувчи шахслар (ҳарбий хизматчилар, ички ишлар идоралари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари учун)буйруқ ва фармойиш мажбурий хусусиятга эгадир. Буйруқ бериш ваколати корхона, муассаса, ташкилот раҳбари номидан чиқарилади.
Буйруқ ва фармойиш фақат бунга ваколатли раҳбарлар томонидан чиқарилиб, унинг шакли ҳар хил бўлиши мумкин.
Буйруқ қонуний ва мансабдор шахсга берилган ваколат доирасида чиқарилади ва уни бажарувчилари учун мажбурий хусусиятга эга.
Буйруқни ижро этишнинг ҳуқуқийлиги қуйидаги белгиларда ифодаланади:
1) буйруқни ижро этувчи шахс, шу буйруқни чиқарган мансабдор шахсга хизмати ёки мансаб ваколати юзасидан бўйсунувчи бўлиши;
2) буйруқни ижро этувчи буйруқнинг мазмуни ва шаклига қараб, бўйсунишга мажбур бўлиши;
3) буйруқ муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки бажаришдан тийилиб турадиган ҳаракатсизликдан иборат бўлиши мумкин;
4) буйруқни бажариш қонун билан қўриқланадиган манфаатларга зарар етказиши мумкин.
Буйруқ туфайли қонун билан қўриқланадиган турли манфаатларга (табиий муҳитга, мулкка, фуқаролар ва юридик шахслар манфаатларига) зарар етказиши мумкин. Масалан, чиқинди ва тозаланмаган ифлос сувларни сув ҳавзаларига оқизиш тўғрисидаги, бузуқ механизмдан фойдаланиш тўғрисидаги, қурилиш ишларида ортиқча сарф-харажатлар тўғрисида ва ҳоказолар ҳақида бўлиши мумкин.
Буйруқни бажараётган шахс аслида ҳуқуққа хилоф буйруқни бажарган бўлади. Аммо буйруқни бажарувчи ЖКнинг 40-моддасига биноан жавобгарликка тортилмайди. Бундай буйруқ ёки фармойиш учун уни чиқарган мансабдор шахснинг ўзи жавобгар бўлади.
Буйруқ ёки фармойишнинг жиноийлиги бажарувчига олдиндан аён бўлган ва уни бажарган бўлса, шахс ЎзР ЖК 40-моддасининг 2-қисмига биноан жавобгарликка тортилади. Аммо бажарувчи буйруқнинг жинойи эканлигини билиб, уни бажармаса хизматига тегишли бўлган қонунга хилоф буйруқ ёки фармойишни бажармаганда, хизмат вазифасини бузилишига сабаб бўладиган буйруқ ёки фармойишни бажармаганда, бундай буйруқ ёки фармойишни бажармаганлиги учун жавобгар бўлмайди.
Буйруқ ёки фармойишнинг жинойилиги унинг мазмунидан, қонун билан қўриқланадиган манфаатларга мувофиқ келмаслиги билан белгиланади. Буйруқнинг жинойилигини уни бажарувчи шахс англаб етмасдан, уни бажариш натижасида, жиноят қонуни билан қўриқланадиган манфаатларга зарар етказилса, буйруқ ёки фармойишни чиқарган мансабдор шахснинг ўзи жавобгар бўлади.
Буйруқнинг жиноийлигини англаган бажарувчи олдида иккита йўл туради: биринчиси, жинойи буйруқ ёки фармойишни бажармай келиб чиқиши мумкин бўлган зарарли оқибатнинг (одамлар ўлиши, касалланиши, атроф табиий муҳитга жиддий зарар етказилиши, ҳайвонларнинг қирилиб кетиши, транспорт ёки ишлаб чиқариш ҳалокат (авария)лари содир бўлиши, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг нобуд бўлиши ва ҳоказоларни) олдини олади, ёки иккинчи йўл, жиноий буйруқни бажариб, жиноят содир қилди.
Буйруқнинг жиноийлигини шу буйруқни чиқарган мансабдор шахс билимининг етишмаслиги, ҳақиқий аҳволни билмаслиги, сохта маълумотлар бериб, обрўга эга бўлиш истаги, ўз ваколат доирасидагина буйруқ ёки фармойиш чиқариш мумкинлиги, паст ниятлар, ғаразгўйлик ва ҳоказолар бўлиши мумкин. Буйруқ ёки фармойишни бажарувчи шахс унинг ана шундай жиноий эканлигини била туриб, бажармаса келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатнинг олди олинганлиги учун жавобгарликка тортилмайди.
Ана шу юқорида айтилганларга кўра, Ҳозирқонуний буйруқ ёки фармойишни бажарган ёки бажармаганлиги учун иккита ҳолда жавобгарликдан озод қилинади.
Биринчидан, буйруқ ёки фармойишнинг жиноийлигини англамай уни бажарган бўлса;
Иккинчидан, буйруқ ёки фармойишнинг жиноийлигини англаб, уни онгли равишда бажармаганлигидир.
Тергов ҳибсхонасининг бошлиғи маҳкумларни жазони ўташ жойига бунинг талабига жавоб бермайдиган транспорт воситасида жўнатиш ҳақида буйруқ беради. Соқчилар бошлиғи шундай транспорт воситасида маҳкумларни ташиш мумкин эмаслигини билгани ҳолда, маҳкумларни шу транспорт воситасида жазони ўташ жойига олиб кетади. Транспорт воситасидаги камчиликлардан фойдаланган маҳкумлар йўлда транспортдан тушиб қочиб кетадилар. Бундай ҳолда буйруқни берувчи ҳам, унинг ижрочиси ҳам умумий асосларда жавобгарликка тортилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |