5-§. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни
ушлаш вақтида унга зарар етказиш
ЎзР ЖКнинг 39-моддасида белгиланишига кўра, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ҳокимият органларига топшириш мақсадида ушлаш вақтида зарар етказиш, агар уни ушлаш учун зарур бўлган чораларнинг чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят деб топилмайди.
Ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган шахсни ушлаш вақтида унга зарар етказиш ишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолат сифатида 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган амалдаги Жиноят кодексида биринчи марта ўз ифодасини топди. Тўғри, 1959 йили қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида (13-модданинг учинчи қисмида) жиноятчини ушлаш зарурий мудофаанинг бир тури сифатида назарда тутилган эди. Жиноятчини ушлаш вақтида унга зарар етказиш қонунда ўз ечимини топмаган эди. Жиноятчини ушлаш ва ушлаш вақтида унга зарар етказиш жиноий тажовуз тамом бўлганидан кейин жиноятчини ушлашни зарурий мудофаага киритиш тўғри бўлмайди. Чунки зарурий мудофаа тажовуз бошланиб ҳали охирига етказилмасдан қўлланса, жиноятчини ушлаш вақтида унга зарар етказиш тажовуз тамом бўлганидан кейин юз беради. Агар тажовуз давом этаётган ва ҳали тамом бўлмасдан тажовузчига зарар етказилса зарурий мудофаа ҳисобланади.
ЎзР ЖКнинг 39-моддасида ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган шахсни ушлаш вақтида унга зарар етказишни тартибга солувчи норма баён қилинган. Жиноятчини ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган шахсни (шу жумладан, ақли норасони, жиноят субъекти ёшига етмаган) ушлаш вақтида тажовуз қилувчига ҳеч қандай зарар етказилмаса ушбу норма билан тартибга солинадиган муносабат вужудга келадими ёки йўқми?
Аслида шахсга унинг ҳаёти, соғлиғига, қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказилса, жиноят ҳисобланади. ЖК 39-моддасида худди ана шундай зарар ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган шахсни тегишли давлат органларига топшириш мақсадида ушлаш вақтида унга зарар етказилса, бундай қилмиш жиноят ҳисобланмаслиги тўғрисида гап боради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-моддасида «Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга», дейилади. Демак, жиноят қонуни шахснинг Конституциявий ҳуқуқини қўриқлайди. Ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган шахс шундай қилмишни содир қилиш пайтида жиноят қонуни билан қўриқланадиган ижтимоий муносабат доирасидан чиқарилади ва тажовузчига зарар етказиш жиноят ҳисобланмайди. ЎзР ЖКнинг 138-моддасида шахсни зўрлик ишлатиб Ҳозирқонуний равишда озодликдан маҳрум қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, шахс ижтимоий хавфли қилмиш содир қилиш ёки содир қилганидан кейин жиноий фаолиятни давом эттириш ёки қочиб кетиш хавфи бўлса, эркинлик ва шахсий дахлсизликдан фойдаланувчилар доирасидан чиқади ва уни тегишли давлат органларига топшириш мақсадида ушлаш мумкин бўлади. Бунда, албатта, ушлашнинг зарур бўлган чоралари чегарасидан четга чиқмаган бўлиши керак.
Шу айтилганларга кўра, ижтимоий қилмиш содир қилган шахсга ҳеч қандай зарар етказилмасдан ушлаш ҳам ЖКнинг 39-моддаси доирасига киради.
Бунда, албатта, ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган шахсни жиноят-ҳуқуқий ушлашдан жиноят-процессуал ҳуқуқий ушлашни фарқ қилиш керак.
Жиноят процессуал-ҳуқуқий ушлаш жиноят содир қилишда гумон қилинувчини суриштирув ва тергов органлари ходимлари томонидан ушлаш назарда тутилади.
Жиноят-ҳуқуқий ушлашда эса ҳар қандай фуқаро томонидан ижтимоий хавфли қилмиш содир қилган шахсни тегишли давлат органига топшириш мақсадида ушланади. Ана шундай ушлаш вақтида тажовузчига зарар етказилган тақдирда ҳам бундай қилмиш қонуний эканлиги, ана шундай ҳаракатларни қонун маъқуллаганлиги ва жиноят ҳисобланмаслиги назарда тутилади.
Жиноятчини ушлашнинг ижтимоий аҳамияти қуйидагиларда ифодаланади:
а) жиноятчининг жиноий фаолиятини давом эттиришга тўсқинлик қилиш;
б)жиноят натижасида етказилган зарарни қоплатиш;
в) талон-торож қилинган мулкни қайтариб олиш;
г) одил судлов олдида қилмиши учун жавоб беришни ташкил қилиш.
Ана шу айтилганлардан кўриниб турибдики, жиноятчини ушлаш ва ушлаш вақтида унга зарар етказишнинг жиноят ҳисобланмаслиги, қонунда ана шундай институтнинг назарда тутилганлиги асослидир.
Жиноятчини ушлаш ҳуқуқи барча фуқароларга тегишлидир. Барча фуқаролар учун жиноятчини ушлаш уларнинг бурчи бўлса, милиция ходимларининг мажбурияти ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |