3-§. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш
ЎзР ЖК 45-моддасида белгиланишича шахсни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш суд тайинланган муддат давомида айбдорнинг корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда у ёки мансабни эгаллашни, ёхуд у ёки бу фаолият билан шуғулланишни тақиқлашдан иборат.
Қонуннинг ушбу мазмунига кўра, қонун чиқарувчи орган бир-бири билан жуда яқин, ўхшаш бўлган муайян мансабни эгаллаш ва муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилишни бирлаштириб, битта нормада берган.
Муайян мансабни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш фақат давлат идораларида ишлаётган мансабдор шахсларга нисбатан тайинланади. Шунингдек, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларининг мансабдор шахсларига нисбатан ҳам тайинланиши мумкин.
У ёки бу фаолият билан шуғулланиш ҳар қандай асосий даромад манбаи ҳисобланган фаолият билан шуғулланишдан ёхуд асосий даромад манбаи ҳисобланган муайян касб билан доимий равишда шуғулланишдан маҳрум қилиш назарда тутилади.
Хизмат вазифаси ёки касб ёхуд мансаби билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилишни тайинлаш мумкинми деган савол туғилади. Бу масала қонунда ўз ифодасини топмаган.
Бундай жазо одатда содир этилган жиноят субъектининг мансаби, касби, доимий бажараётган иши билан боғлиқ бўлса тайинланади.
Суд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилишни тайинлар экан, ҳукмда айнан қандай мансабни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилганини ёки айнан қандай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганини ҳукмда аниқ кўрсатади. Масалан, транспорт ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ бўлган жиноятни содир қилган транспорт воситасини ҳайдовчиси транспорт воситасини суд ҳукмида кўрсатилган муддатда бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Демак, қандай мансаб ёки фаолият тури билан шуғуланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги кўрсатилади.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш айбдорнинг мансаби ёки иш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган жиноятни содир этилганлиги учун асосий жазо тариқасида тайинланганда бир йилдан беш йилгача муддатга, қўшимча жазо тариқасида тайинланганда бир йилдан уч йилгача муддатга белгиланади.
Агар муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш шахсга асосий жазо тариқасида тайинланган бўлса, шундай жазони яна қўшимча жазо тариқасида тайинланиши мумкин эмас. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш қўшимча жазо тариқасида ҳар қандай асосий жазога қўшиб тайинланиши мумкин.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш ёки қамоқ жазосига қўшимча жазо тариқасида тайинланган бўлса, асосий жазонинг бутун муддатига, бундан ташқари, суд ҳукми билан тайинланган муддатга жорий этилади. Масалан, шахсга ЎзР ЖК 266-моддасининг 2-қисми билан беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва қўшимча жазо тариқасида уч йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо бутун озодликдан маҳрум қилиш муддатига ҳам жорий қилинади. Суд ҳукмида белгиланган транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазосини ижроси озодликдан маҳрум этиш жойидан шахс озод қилинган кундан бошлаб ижро қилинади.
Қонунга кўра, (ЖКнинг 50-моддаси) эҳтиётсизликдан жиноят содир қилганлиги учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар бу жазони манзил-колониясида ўтайдилар. Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан қўшимча жазо тариқасида маҳрум қилинган шахсларни манзил колониясида жазони ўташ вақтида транспорт воситасини бошқаришга йўл қўйилмайди. Чунки бундай қўшимча жазо озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, қамоқ жазосига қўшимча жазо тариқасида тайинланган бўлса, ана шу жазоларни ўташдан озод қилинган кундан бошлансада, асосий жазони ўташ муддатига ҳам жорий қилинади.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш ва қамоқ жазоларидан бошқа турдаги жазоларга ҳукм қилинганда ҳукм қонуний кучга кириши билан асосий жазо билан бир вақтда ижро этилади. Шунингдек, шартли ҳукм қилинганда синов муддати бошланган кундан эмас, балки ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошланади.
Шартли ҳукм қилинганда синов муддати эса ҳукм чиқарилган кундан бошланади. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жиноий жазо бўлганлиги туфайли фақат ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб ижро этилади.
Озодликдан маҳрум қилиш ва интизомий қисмга жўнатиш жазоларидан муддатидан илгари шартли озод қилинган тақдирда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасида қўшимча жазо шартли равишда озод қилинган кундан бошлаб ижро этилади. Бу жазолар ЖК 74-моддаси тартибида бошқа енгилроқ жазо билан алмаштирилган бўлса, енгилроқ жазо билан алмаштирилган кундан бошлаб ижро этилади.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш Ўзбекистон Республика-сининг Жиноят ижроия кодексининг 21-моддасида белгиланишича маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.
Агар муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш асосий жазо тариқасида шундай жазолардан бошқа турдаги жазога қўшимча жазо тариқасида тайинлаш ЖК Махсус қисми моддасида мажбурий тарзда назарда тутилган бўлса ва суд иш ҳолатларига кўра, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилишни лозим топмаса, фақат ЎзР ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қоидаларини қўллаган ҳолда бу қўшимча жазони тайинламаслиги мумкин. Аммо бу жазо асосий жазо тариқасида тайинланган бўлса, қўшимча жазо тариқасида тайинламаганда 57-моддага мурожаат қилинмайди.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосининг ижро этиш тартиби Жиноят-ижроия кодексининг 6-бобида батафсил баён қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |