www.ziyouz.com kutubxonasi
47
эди.
Қабул бўлимининг врачи билан уст-устига икки марта укол қилган ҳамшира хотин:
«Қўрқманг, бир ҳафтадан кейин туриб кетасиз, фақат бир-икки кун бошингизни қимирлатмай
ётинг», деб чиқиб кетишгандан кейин Нилуфар, худди кечагидай яна бирдан ўпкаси тўлиб, пиқ-
пиқ йиғлаб юборди. Лекин бу йиғи кўпга чўзилмади; унинг хўрлигини келтирган ҳақорат
туйғуси сал ўтмасдан тарқаб, қандайдир руҳий енгиллик билан алмашди.
Ҳа, унинг инсоний қадрини, аёллик ғурурини шафқатсиз топтаб, шафқатсиз калтаклашди,
таниш ва нотаниш одамлар олдида, бирга ишлайдиган ёр-дўстлари олдида энг ёмон сўзлар
билан хўрлашди, ҳақорат қилишди. Лекин чуқурроқ ўйлаб қараса, бу ҳақоратлар унинг,
Нилуфарнинг хатолари учун қайтган бир жазо экан! Бу жазо уни ёшлик хатоларидан,
Бегимқулнинг сохта мардликлари, шоҳона уй-жойлари, зеб-зийнатларига учиб қилган
енгилтаклигидан — ҳаммасидан қутқарган, бу жазо билан у гўё ўз гуноҳларини ювган эди.
Ҳа, у худди ўғрилик қилиб қўлга тушган киссавурдай, ёмон йўлга кирган саёқ хотиндай
калтак еди, «ўйнаш» деган туҳмат гап эшитди, лекин буни эшитиш қанчалик оғир бўлмасин, бу
калтак, бу ҳақорат уни Бегимқулга боғлаб турган сўнгги ришталарни узди! Кечаси Бегимқул
излаб борганини билганида Нилуфар ўзини худди ўргимчакнинг тўрига тушган пашшадай ожиз
сезган эди. Энди бу тўр узилди. Пихини ёрган уста ўргимчак ўзи тўқиган тўрни ўзи узди.
Кечаси ойиси қанча уришмасин, дадаси қанча ялинмасин, Нилуфар Бегимқул билан
гаплашишни истамади. Эрталаб эса унга билдирмай, девор-дармиён қўшниларининг эшигидан
чиқиб қочди.
Кейинроқ Бегимқул уни излаб аптекага ҳам келди, лекин Нилуфар яна чиқмади. Эрининг
тинч қўймаслигини-ку, Нилуфар билар эди. Бироқ, Ҳикматилло...
У нега келди, нега учиб кетмади — Нилуфар шуни билолмай аросатда эди!
Нилуфар Ҳикматиллонинг қандай келганини, машинадан қандай тушганини, уни кўриб
кўчада тўхтаб қолганини — ҳаммасини кўрган эди. Лекин барибир чиқмади, кечаги воқеадан
кейин Нилуфар Ҳикматилло билан учрашишни, у билан гаплашишни истамас эди. Агар у эшик
тирқишидан Ҳикматиллони кузатиб турмаганида, агар тўсатдан кўчадан кириб келиб,
Ҳикматиллога човут солган Бегимқулни кўрмаганида у ҳеч қачон югуриб чиқмас, Ҳикматилло
билан ҳеч қачон учрашмас эди!
Мана энди нима бўлди? Бегимкул-ку, майли! Йўқ, Нилуфар фақат Ҳикматилло эмас,
Бегимқулга ҳам ёмонликни раво кўрмайди. Унга ҳеч қандай даъвоси йўқ, ҳамма айб унинг
ўзида. Ўзи бошда енгилтаклик қилди. Жазосиниям ўзи тортяпти. Шу жазо, шу ҳақорат билан
оралари очиқ бўлса бас, бошқа ҳеч нарса керак эмас унга. Лекин... Ҳикматилло нима бўлади?
Бегимқулнинг бояги туҳмати билан надоматга қолмасмикан ҳали? Тергов деб, бошқа деб
ушланиб қолмасмикан, ушланиб қолиб, армиядаги бошлиқлари олдида юзи шувут
бўлмасмикан?
Хонага қўлида қучоққа сиғмайдиган катта пакет, ҳамшира хотин кирди.
— Ишхонангиздан қизлар келишди. Мана, хат бе-риб юборишди.
«Нилу! Жонгинамиз Нилу! Қалайсан, тузукмисан? Врачлар тузук дейишди. Хафа бўлма,
Нилу! Сендай пок, сендай меҳрибон қизга қўл кўтарган безори ўз жазосини тортажак!
Тезроқ тузалиб чиқ. Сени қаттиқ ўпиб, дўстларинг».
Аптеканинг ҳамма ходимлари қўл қўйган бу хатнинг тагига:
«Керак бўп қолар деб, сумкангни ҳам оп келдик. Эҳтиёт бўл, анча пул бор экан ичида» деб
ёзиб қўйилган эди.
— Қизлар кутиб туришипти. Уларга айтадиган гапингиз йўқми, синглим?
— Йўқ... — Нилуфар «қулт» этиб ютинди. У бир ўйи Ҳикматиллони сўраб хат ёзиб
чиқармоқчи ҳам бўлди, лекин уялди.
Қизлар ёзиб киритган икки оғизгина бу хат Нилуфарга худди мўъжаз бир малҳамдай таъсир
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |