www.ziyouz.com kutubxonasi
43
— Тутиб олдимми, йўқми, нима дейишимни ўзим биламан! Лекин айтиб қўяй — яхши
бўлмайди!
— Ёпирай, а? — Бегимқул шишган қовоқларини уқалаб илжайган бўлди. Лекин унинг бу
кулгусида кечаги манманлик эмас, аллақандай аянчли бир нарса бор эди. Ҳикматилло аянинг
ҳужжатларини йиғиштириб олиб, чўнтагига солди.
— Шошма! Ҳужжатларини кўрай-чи?
— Мана! — Ҳикматилло чангаллаб олган қоғозларни қайта столга ташлади.
— Майли, ая учун... Сенинг бу... қўполлигингга кабинетдан ҳайдаб чиқариш керак эди-ю, ая
бечоранинг туз-нони учун!
Бегимқул кампирнинг аризасига бир нима деб ёзди-да, Ҳикматиллога узатди. — Ма. Эртага
олтинчи хонага келиб учрашсин. Бориб ёқиб беришади. Хўш, тағин нима гапинг бор?
Ҳикматиллонинг бошқа ҳеч қанақа гапи йўқ, у ўзи Бегимқулдан гап кутар, бутун қалби,
бутун вужуди билан Нилуфар ҳақида бир нима дейишини кутарди. Бироқ Бегимқул яна
боягидай бошини чангаллаб, айиқдай бесўнақай гавдаси билан стулни ғичирлатиб, оғир
тебраниб ўтирарди.
— Хўп, хайр бўлмаса...
— Тўхта!
Бегимқул ранги ўчиб, ўрнидан турди. Бақувват қоматини олдинга ташлаб:
— Кеча... — деди салмоқлаб. — Кеча нима мақсадда борувдинг менинг уйимга?
Ҳикматилло бир нафас сўз тополмай дудуқланиб қолди.
— Гапингга тушунмадим. Ахир... сен ўзинг...
— Нимасига тушунмайсан? Кеча сен аблаҳ бориб, уйимни бузиб кетдинг! Ким чақирувди
сени? Сени деб... ўша лаънати тўқсон сўмни деб... хотиним кетиб қолди!
Ҳикматилло беихтиёр олдинга талпиниб:
— Қачон? — деб юборди.
— Кечаси... Ҳа, нега ишшаясан? Хурсандмисан ё?— деди Бегимқул. —Лекин билиб қўй:
агар сен уни... агар ораларингда бир гап бўлса... яхшилик кутма мендан! Биласан-ку, мени!
Бегимқул бурун катаклари пирпираб, оёғи билан стулни бир четга суриб, столни айланиб
ўта бошлади. Яхшиям шу пайт эшик шитоб билан очилиб, хонага бир гуруҳ одам ёпирилиб
кирди.
— Уят эмасми, солдат? Бир оғиз гапим бор деб, бир соат кутдирдингиз-ку?
— Сизга кириш министрга киришдан ҳам қийин бўп кетди-ку, ўртоқ мастер?
Бегимқул сочлари ҳурпайиб, бир Ҳикматиллога, бир ёпирилиб кирган одамларга қаради,
сўнг, олдинда турган эркакшода хотиннинг қўлидаги қоғозни юлиб олди.
— Нима керак сизга? Газми? Мана! — у аризага бир нима деб ёздида, иккинчисининг
қўлидаги қоғозни юлиб олди.
— Сизгаям газми? Мана! Қани, оп келинглар! Тағин кимга газ керак? — Бегимқул, худди
талвасага тушиб қолган одамдай, ғалати ҳаракатлар қилар, ўзича ишшаяр, кўзларини қисар,
одамларнинг аризасига пала-партиш имзо чекиб, юзларига отар эди...
Ҳикматилло негадир юраги безиллаб хонадан чиқаркан, Бегимқулнинг:
— Қани, тағин ким бор? — деб хириллаганини эшитиб қолди. — Бу дунёда ҳамма яхши,
ҳамма пок! Ёлғиз Бегимқул ифлос! Ҳеч кимда жиғилдон йўқ. Ёлғиз менда бор жиғилдон!
Ҳамманг фаришта, ёлғиз старший мастер аблаҳ! — дерди Бегимқул.
11
Ҳикматилло соатига қаради: вақт икки яримдан ошган, аэропортга етиб боришга бир
соатгина фурсат қолган эди!
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |