www.ziyouz.com kutubxonasi
46
ошириб отган пайтда Нилуфарнинг:
— Ҳикмат! Ҳикмат ака! — деган аччиқ фарёди тор хонани зир титратди.
Бошини буқадай эгиб, яна ҳужумга чоғланган Бегимқул ялт этиб тўсма олдида пайдо бўлган
Нилуфарга қаради.
— Ҳаа... Ҳикмат акаларига ёрдамга келдиларми? Сен... Сен фоҳиша!.. — Бегимқул оғир
тебраниб бориб Нилуфарнинг сочига чанг солди.
Ҳикматилло жон ҳолатда унга отилиб елкасидан қучоқлаб олди. Лекин Бегимқул қўлини
бир силтаб, Нилуфарни отиб юборди. Нилуфар учиб бориб, боши билан ойнаванд кассага
урилди-ю, цемент полга чалқанча қулади.
Синган ойна парчалари ёмғирдай ёғилиб, хона қий-чув бўлиб кетди. Кимдир эшикка отилди,
кимдир: «Тез ёрдам!» деб қичқирди.
Бояги кўзойнакли аёл қўллари қалтираб, тўсма орқасидан югуриб чиқди.
— Нилу! Азизим, Вой, ким бор, «Тез ёрдам!» «Тез ёрдам»га чопинглар!
Ҳамон Бегимқул билан олишаётган Ҳикматилло бу нидони эшитиб, бор кучи билан
рақибини четга отди-да, Нилуфар томон интилди.
Нилуфар, кўзлари юмуқ, секин инграб ётар, унинг ўнг қулоғидан сизиб чиққан қон,
жингалак сочлари орасидан бўйнига оқиб тушмоқда эди.
Кўзойнакли аёл, ҳамон қўллари титраб, Ҳикматиллога қаради.
— Боринг, чопинг! «Тез ёрдам»ни чақиринг! Йўқ, тўхтанг, Валя... телефонга чоп! Машина
чақир!
— Менда машина бор. Тайёр машина бор! Ҳикматилло полга тиз чўкиб, Нилуфарнинг
қўлини олди. — Нилу!
— Бор бўлса... кўтаринг! Тезроқ кўтаринг буни! Шу пайт эшик очилиб, хонага милиционер,
милиционер билан бирга унга нималарнидир тушунтирган, бир-бирини бўлиб гапирган бир
гуруҳ хотин-халаж кириб келди.
— Бу нима тўполон? Нима бўляпти ўзи бу ерда? Ҳикматилло бу ўктам овозга эътибор
бермай, Нилуфарни даст кўтариб ўрнидан турди. Нилуфарнинг қулоғидан сизиб чиққан қонни
кўрганда бирдан жимиб қолган Бегимқул милиционерга қараб талпинди.
— Ўртоқ милиционер. Мен хотинимни... ўйнаши билан тутиб олдим! Мана шу сержант...
хотинимнинг ўйнаши! Ушланг уни, ўртоқ милиционер!
Милиционер бир Нилуфарни даст кўтариб олган Ҳикматиллога, бир Бегимқулга қараб:
— Ўртоқ сержант! — деди журъатсизлик билан. — Мумкин бўлса...
— Кўриб турибсиз-ку, аҳволни! Мен буни касалхонага қўйиб, айтган жойингизга бораман.
Айтинг, қаёққа борай?
— Милицияга. Чилонзор милициясига! — Ҳикматилло милиционернинг гапига бош ирғаб
жавоб берди-да, эшикни тепиб очди, очаркан, Бегимқулнинг:
— Йўқ, кечирасиз! — деб хириллаганини эшитди.— Ўйнашларни қўйиб юбориб, биз
бегуноҳни опкетасизми? Йўқ, кетмайди бу ишингиз, ака, кетмайди!
Нилуфар ҳушидан кетгани йўқ, у бўлган гапларнинг ҳаммасини билиб ётди. Фақат ўнг
қулоғи шанғиллаб, бошининг бир томони тинимсиз ғувиллаб тургани учунми, бўлган воқеалар
худди тушида рўй бераёттандай, қулоғига чалинган узуқ-юлуқ гаплар ҳам ўнгида эмас, тушида
эшитилаётгандай туюларди унга.
Кўз олдини қоплаб олган бу туман, касалхонада уст-устига икки марта укол қилганларидан
кейингина хиёл тарқади, бошининг ғувиллаши ҳам сал пасайгандай бўлди, фақат ўнг
қулоғининг санчиб оғриши тинмас эди.
Уни жарроҳлик бўлимининг тўрт кишилик палатасига жойлаштирилган, хонадаги
каравотларнинг биттаси бўш, қолган иккитасини автомобиль тагида қолиб оёғи синган семиз
бир хотин билан тиззасини боғлаб, қўлтиқтаёқда кириб-чиқиб юрган ёшгина қизча эгаллаган
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |