www.ziyouz.com kutubxonasi
37
бўлса? Наҳот унинг, Нилуфарнинг самимийлигига тушунмаган бўлса? Унинг аҳвол-руҳиясини
сезмаган бўлса?
Нилуфарнинг хаёли, худди жувозга қўшилган ҳўкиздай, фақат шу битта фикр атрофида
айланар, бу ўйлар миясини бурғи билан бурғилагандай вужуд-вужудигача зирқиратар эди.
Ҳозиргина ташлаб чиқиб кетган ўз уйи, Бегимқул эса... Нилуфар энди бу уйга қайтиб
бормаслигини, ҳамма нарсадан — Бегимқулдан тортиб, қимматбаҳо жиҳозларгача, кийим-
кечакларию, севикли зеб-зийнатларигача — ҳаммасидан воз кечганини, ҳаммасидан кўнгил
узганини билар эди. Фақат бир нарсани эсласа сал юраги ачишар, у ҳам бўлса китоблар эди!
Лекин бу уйни қайта кўрмаслик учун ҳатто севикли китобларидан. ҳам воз кечишга тайёр эди.
Майли, омон бўлса китобларни ўзи топиб олади, битта-битталаб ўзи сотиб олади.
Қўшни хонада чироқ ўчди, қоронғида ойисининг: «Э худо, ишқилиб, ўзинг беобрў
қилмагайсан!» деб шивирлагани эшитилди.
Ойисининг пичирлаб айтган бу сўзлари Нилуфарнинг дилида олдин илиқ меҳр тўла изтироб,
кейин аллақандай мудҳиш бир қўрқув уйғотди.
Нилуфар суратлардан биларди: ойиси ёшлигида ниҳоятда кўҳлик бўлган, лекин нимадир
бўлиб, биринчи эри билан муросалари келишмаган, шундан кейин ҳозирги дадасига турмушга
чиққан. Ойиси бундан беш-олти йил олдин, савдо ташкилотларида ишлаб юрган чоғларида ҳам
ўз ҳуснини йўқотмаган, бир сўзли, ўктам хотин эди. Нимадир бўлиб, ишдан тушди-ю, бирдан
қандайдир чўкиб қолди. Илгари майда-чуйда нарсаларга парво қилмайдиган одам, энди
чақимчиликдан бошқа иши йўқ маҳалла ойимчаларининг гапсўзларидан ҳам чўчийдиган бўп
қолди... Наҳот ойисининг тақдири яна такрорланса?..
Нилуфар боя уйимни, Бегимқулни елкамнинг чуқури кўрсин деди. Лекин ўз уйига қайтиб
бормаган тақдирда, Бегимқул билан орани очиқ қила олган тақдирда бу уйда қандай яшайди?
Маҳалла-юрт, қариндош-уруғлари нима дейди? Ишхонадаги ёр-дўстлари-чи?
Ишхонадаги ёр-дўстлари-ку, тушунишар. Лекин қиз боланинг эридан чиқиб, ота хонадонига
қайтиб келишини азалдан энг катта номус деб билган маҳалла-юрт-чи? Кечагина «дарвозамиз
тагида йигирмата «Волга» тизилиб турди деб, ҳовлиқувдиларинг, охири нима бўлдиларинг»,
деб заҳарханда қилишмасмикин?
Нилуфар-ку, оғзига кучи етмаган бу ойимпошшаларнинг сассиқ гапларидан юқорироқ
бўлишга қурби етар, ойиси бечора нима қилар экан? Бусиз ҳам кўнгли ярим бўп қолган
мазлума, оғзи билан юрадиган маҳалла корчалонлари олдида бош эгиб қолмасмикан? Ойиси
билан дадасини айтади, ҳали Бегимқул нима дейди? Унинг кетаман деганига «хўп, ихтиёр
ўзларида, хоним», деб уни ўз ҳолига қўйиб берармикан ҳали? Ҳамма ишни хамирдан қил
суғургандек қилиб силлиқ битирадиган, сизлаб туриб, кулиб туриб, жон оладиган қайнатаси-чи?
Эрта-индин бу гаплардан хабар топса, одатдагидек қўли кўксида: «Ассалому алайкум!
Боракалло, сизга, боракалло!» деб кириб келиб, ойисини қўлга олмасмикан, ҳамма ёқни совға-
саломга тўлдириб, унга қарши қайраб солмасмикан ҳали?
Тавба! Яна айбни ойисига тўнкамоқчи! Йўқ, ўзи емай, сенга едирган, ўзи киймай, сенга
кийдирган онаизорингда нима айб?.. Даданг бечора бўлса сенинг кўнглинг ўксимасин деб,
ғижжагини қўлтиқлаб, мактабма-мактаб чопганини унутдингми? Сени музика мактабида
ўқисин деб, ўзи қўшимча дарслар бериб: кечаю-кундуз тиним билмаганлари ёдингдан чиқдими?
Сен энди, топган эрингнинг кимлигини билганингдан кейин бу кўрксиз, жиҳозсиз, жўнгина
уйда ўтган дамларнинг қадрига етяпсан. Кечалари дадангдан дутор ўрганган чоғларинг, севикли
китобларингни ўқиб, тотли хаёллар оғушида сузган онларинг умрингнинг энг маъсуд онлари
эканини, зотан, бахт деган нарса ўзи шу эканини тушуняпсан. Бултур бу маҳалда эса, унинг
деворлари нозик кафеллар билан безатилган, шифтига биллур қандиллар осилган, полига
қимматбаҳо гиламлар тўшалган уйини кўрганингда эса... кўзларинг ёниб, бетоқат
энтикмаганмидинг? Энди нима қиласан айбни онаизорингга тўнкаб?
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |