www.ziyouz.com kutubxonasi
23
қолармиш? Бошлари оғриса... далада... табиат қўйнида ёзилиб кетасиз. Мен бош инженеримизга
ваъда бериб қўйганман...
Нилуфар кўзини ердан узмасдан секин жавоб берди?
— Йўқ, мен... чиқолмайман. Негадир... нохуш сезяпман ўзимни...
Бегимқул гўё нима қилишини билмаган одамдай анча жим қолди. Лекин Нилуфар билар —
унинг бу сукутидан қўрққулик эди!.. Ниҳоят у қандайдир оғир пишиллаб:
— Менга қаранг, хоним! — деди. — Бош-мошни баҳона қилмай тўғрисини айтиб қўя
қолинг: эски жазманингизга қарз бермаганим учун кўрсатаётган ўйинингиз эмасми бу?
Нилуфар ялт этиб қаради. Унинг ёш милтираган кўзларида ифода этиш қийин бўлган
шундай зўр бир қаҳр ёниб турардики, Бегимқул бир нима деб ғулдиради-да, эшикни тарақлатиб
ёпиб, уйдан чиқиб кетди.
Эшик ёпилиши билан боядан бери Нилуфарни ип бўғиб олган фарёд кўксидан отилиб
чиқди-ю, ёстиқни қучоқлаб ўкраб йиғлаб юборди...
Нилуфар яқинда аллақайси бир журналда ўқиган эди; гўё, кўз ёши кишига фойда келтиради,
деган гап шунчаки тахмин эмас, балки илмий жиҳатдан асосланган фикр эмиш, гўё юракни
чулғаб олган алам, кўз ёши билан бирга майда томирлар орқали сизиб чиқиб кетармишу, киши
енгил тортармиш. Хуллас, ғам бўғганда йиғламагандан йиғлаб олган яхши эмиш!..
Нилуфар ҳозир буни ўйлагани учун эмас, кўпдан бери йиғилиб юриб, бугун бирдан хуруж
қилган тизгинсиз аламга бардош қилолмагани учун йиғлади, диванга юз тубан тушиб, ёстиқни
қучоқлаб, ўзини тутолмаганидан уввос тортиб йиғлади. Бу йиғи чиндан ҳам юрагидаги мислсиз
изтиробни хиёл тарқатгандай, хиёл юмшатгандай бўлди. Лекин бунинг ўрнига хаёлини охири
кўринмаган туганмас маъюс ўйлар эгаллаб олди. Бу бетаскин ғам, ойсиз тундай қоронғи ўйлар
унинг хаёлига бугун келаётгани йўқ, улар сал кам бир йил олдин, тўйдан бир ҳафта ўтмасданоқ
бошланган, лекин бугун, Ҳикматиллони кўрганидан кейин янги бир куч билан хуруж қилди,
жиловсиз тўфон бўлиб ёпирилиб келди.
Қизиқ, бугун Хеменгуэйдан гапирган, энг муҳими, ҳар бир сўзи, қилиқлари, муомаласидан
кишини ром қилувчи бир самимият, одамийлик, ғурур сезилиб турган бу йигит бултур
Нилуфарда тамом бошқача таассурот қолдирган эди.
Бошда, пахтада танишган маҳалда Нилуфарнинг дилида илиқ меҳр уйғотган бўлсаям,
кейинроқ, шаҳарга келганларидан кейин, ўта жўн, ўта содда, айни замонда жуда рашкчи ва
тўпори бўлиб кўринган эди.
Ҳикматилло ҳақиқатан Нилуфарни ҳаммадан, кўча-кўйда тикилиб қараган йигитлардан,
техникумдаги курсдошларидан, киноларда ёнма-ён ўтириб қолган эркаклардан, ҳамма-
ҳаммадан қизғанар эди. Ўзиям на бир яхши гап, на бир ширин суҳбатга қодир эди. Болалигида
музика мактабида таълим олган, бир олам китоб ўқиган Нилуфар бирорта қизиқ асар ё янги
кино ҳақида гап очса у ё сўз тополмай ғулдираб қолар ёки ғалати гаплар айтиб, Нилуфарнинг
кулгисини қистатарди.
Ўша маҳалда Нилуфарнинг назарида йигит кишига номуносиб кўринган журъатсизлиги,
кулгили туюлган тортинчокдиги-чи? Ҳикматиллонинг мўмин-қобиллиги фақат Нилуфар эмас,
унинг дугоналарини ҳам ҳайратга солар, улар: «Бу юмшоқ супургини қаёқдан топдинг?» деб
кулишарди...
Ёмғирдан қочиб, дўлга учрадим, деганларидек, унинг «юмшоқ супургидан» қочиб, бу чақир
тиканга дуч келишига шу кулгилар, курсдош йигитларнинг заҳархандаси-ю, дугоналарининг
пичинглари ҳам сабаб бўлди.
Мана ҳозир ҳам бир сафар Ҳикматилло дарғазаб бўлиб техникумга кириб боргани, Нилуфар:
«Кинога тушсам нима қипти?» деганда, кўзларини катта очиб: «Ахир... ахир биз ўпишган эдик-
ку!» деб хитоб қилгани эсига тушиб, кўз ёши аралаш бир жилмайиб қўйди.
Энди ўйлаб қараса... ўшанда Нилуфарга ўта ғалати, ўта жўн туюлган унинг бу хитобида ҳам
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |