www.ziyouz.com kutubxonasi
31
қараб туриб, эсига яна қувур тушди.
— Менга қара, дўстим, мен эртага кетяпман. Шунга... зарур бир иш чиқиб қолди. Битта...
аммам бор эди. Эри фронтда ўлиб кетган, бева, ҳеч кими йўқ. Шунинг газини тўғрилаб бериш
керак эди. Битта азбест қувур керак бўп қолди. Иложи бўлса хомути билан. Ёрдам
беролмайсанми, дўстим?..
Пучуқ йигит сумкасини ўриндиққа қўйиб, бўйнини қашиди.
— Азбест қувур... биттаси етадими?
— Билмадим... узунлиги неча метр бўлади ўзи?
— «АГВ» гами ахир? Подвалда эмасми?
— Йўқ, ҳовлида. Алоҳида уйчаси бор.
— Унда биттасиям етиб ортади!
— Хомут деганиям бўлса...
— Йўқ, қувурни топса бўлади-ю, хомути йўқ... Лекин хомутни нима қиласан? Хомут ёғоч
тўсинга труба тегмасин, деб қувурга кийдирилади. Унинг ўрнига темир ишлатсанг ҳам
бўлаверади. Иккита темирни тўсинга қоқиб, орасига қувурни қўясану, яна иккита темир билан
қисиб, сим билан қотириб боғлайсан, вассалом!
— Пожарниклар қилдан қийиқ қидиришмасмикан?
— Тавба! — деди пучуқ йигитча. — Қурилиш техникумида ўқиганмисан ўзи? Ҳаммаси
қонуний бўлса пожарникларнинг нима ҳақи бор бир нима дейишга?
— Хўп. Қувур топишга ёрдам берасанми, хуллас калом??
Пакана йигитча пучуқ бурнини ишқаб:
— Яримта бўлса-ку, топилади-я! — деди.— Аммо йўлкирасиям бор-да, оғайни!
— Йўлкираси неча пул бўлади?
— Камида ўн сўм.
— Ие! — деди Ҳикматилло. — Қувур яримтага топилса-ю, опкелиш ўн сўм бўлса.
— Ҳозир ишлар шунақа! — пакана йигитча мунчоқ кўзларини муғомбирона ўйнатди. —
Эшагидан тушови қиммат. Шофёр зоти ўн сўмдан камига юрмайди. Битта труба бўлсаям ўн
сўм, юзтасигаям ўн сўм!
— Бўпти, мана! — Ҳикматилло чўнтагини ковлаштириб, тўрт сўм чиқариб берди. —
Яримтанинг пули. Кира ҳақини оборганда оласан. Лекин эрталаб соат тўққизга етказиб берасан!
— Тўққизга ваъда беролмайману, тўққиз яримга есть қиламан. Адресни чўз!
Ҳикматилло адресни айтган эди, "пучуқ йигитча бошини лиқиллатди.
— Э, биламан, биламан. Бу кўчадаям биттасининг уйини бўр сувокдан чиқариб берганман.
Эрталаб гатоп қиламиз, оғайни!
... Ҳикматилло қайтиб борганда ая «дўппидеккина» ош дамлаб, айвонга жой солиб, кутиб
ўтирган экан, ўчоққа қараб пилдиради. Ҳикматилло аяни тўхтатиб:
— Уйда қолган-қутган темир топиладими? — деб сўради. Ая ҳайрон бўлиб ўчоқ ёнида
тўхтади:
— Қанақа темир, аннаниб кетай? Батарейдан битта труба ётувди... нимагайди, сўйлоқжон?
— Эртага қувуркон ясаб бераман. Қани, трубангизни кўрсатинг!
Кампир айтган газ труба ҳовлининг охирида занг босиб ётар, уни камида тўртга бўлиш
керак эди. Ҳикматилло пўлат арра топиб келинг деб, аяни қўшниларникига чиқариб юборди-да,
ўзи кенжатойнинг эски кийимларини кийиб, ишга киришди: «АГВ» учун қурилган уйчанинг
шиферини кўтариб, тўсинларининг орасини ўлчаб кўрди. Бояги пучуқ йигит ҳақ — қувурга
хомут кийдириш шарт эмас, уни темир билан мустаҳкамласа ҳам бўлаверади.
Бир сиқимгина ош ейилиб бўлгач, Ҳикматилло ая топиб келган арра билан темир трубани
арралашга киришди. Кампир унинг атрофида парвона — гоҳ чой дамлаб келар, гоҳ ишга
ёрдамлашаман, деб унга халақит берар, дам қувонар, дам «пожарний бор бўлгур исправка
Одил Ёқубов. Биллур қандиллар (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |