Ўзаро алоқа. Реал воқеликда ҳар бир муайян объект кўп сонли сабабий занжирларнинг мураккаб «тугуни» ҳисобланади. У бошқа объектлардан таъсирланиш билан бир вақтда ўзи ҳам уларга акс (реактив) таъсир кўрсатади. «Ташқи» ва «ички» сабабий занжирлар унда уйғунлашади, кесишади ва тармоқланади. Улар бир-бири билан ўзаро алоқага киришади ва бу ўзаро алоқа объектда юз берувчи барча жараёнларнинг негизига айланади.
Объектни билиш учун пировард натижада унда вужудга келган сабабий алоқалар «тугуни»ни ечиш талаб этилади. Барча ҳодисалар моҳиятига изоҳни ўзаро алоқадан излаш керак. У ҳодисаларнинг барча хоссалари ва хусусиятларини белгилайди, амалда мавжуд бўлган барча имкониятлар, тасодифлар ва заруриятларнинг манбаларини ўзида мужассамлаштиради. Ўзаро алоқани тушуниш – умуман объектни тушуниш демакдир.
Аммо ҳар қандай объект бошқа объектлар билан ўзаро алоқа қилгани боис, унинг барча ўзаро алоқаларини билиш учун ундан бошқа объектларни ўрганишга, улардан – учинчи объектларга ўтишга тўғри келади ва ҳ.к. Айрим объектнинг табиатини белгиловчи ўзаро алоқани билиш жараёни чексиздир. Паскаль таъбири билан айтганда, тўғнағич каллагини билиш учун бутун Оламни билиш талаб этилади.
Алоқа учун асос. Алоқа, алоқа учун асос ва алоқа шарт-шароитлари тушунчаларини фарқлаш лозим. Алоқа юзага келишига имконият яратувчи айрим хосса, белги ёки муносабат алоқа учун асос бўлади. Асоснинг мавжудлиги алоқа ўрнатиш учун зарур, лекин етарли эмас, чунки унинг ўрнатилиши доим эмас, балки муайян шароитдагина юз беради. Шарт-шароитлар – бу аввало предмет мавжуд бўлган муҳитдир. У алоқа ўрнатиш учун қулай ёки ноқулай бўлиши мумкин. Шарт-шароитлар ўз ҳолича алоқа ўрнатиш омили бўлиши мумкин эмас, улар фақат алоқа юзага келишига кўмаклашади ёки монелик қилади.
Нарсалар ўртасида алоқа бирон-бир муайян асосга кўра юзага келади. Умумий асос айрим умумий асосга эга бўлган турли объектлар ўртасида умумий алоқа йўлини ҳам вужудга келтиради. Масалан, муайян манфаат гуруҳлари ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун сиёсий гуруҳларга бирлашадилар, мамлакатдаги сиёсий муҳитга кучли таъсир кўрсатадилар. Аммо бошқа, масалан, этник, диний ва бошқа асосларга кўра улар ўзаро боғлиқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Шундай қилиб, мазкур мисолда алоқа йўли алоқа юзага келиши учун асос, бошқа белгилар – бунинг шартларидир. Ўзаро алоқа умумий хусусият касб этади, у бутун борлиққа хосдир. Шу сабабли алоқа тушунчаси диалектикада энг умумий тушунчалардан бири ҳисобланади. Бошқа барча категориялар ўзаро алоқанинг муайян турлари билан тавсифланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |