15-МАВЗУ: ЮРИСТЛАР ЖАМОАСИ ҲАМДА ЖАМИЯТДА ИЖОБИЙ ШАХСИЙ ИМИЖНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ЙЎЛ-ЙЎРИҚЛАРИ
Мавзунинг асосий масалалари
1. Ҳуқуқшуноснинг шахс сифатида шаклланиши: талаб ва мезонлар.
2. Имиж, шахсий имиж тушунчалари, уларнинг моҳияти.
3. Юрист имижининг мотивацион хусусиятлари.
4. Ўзини ўзи ривожлантиришда тўсиқларни бартараф этиш усуллари.
Зарурий адабиётлар:
Mualliflar jamoasi. Shaxsiy rivojlanish. Darslik. – Т.: ТДЮУ, 2019. 172-192 b.
Шиман О.И. Профессиональный имидж юриста. Учебное пособие.
– Новгород.: ННГАСУ, 2015. 6-112 с.
Кови С.Р. Семь навыков высокоэффективных людей. Возврат к этике характера. – М.: Вече, Персей, Астрель, 1998. 188-225 с.
1. Ҳуқуқшуноснинг шахс сифатида шаклланиши: талаб ва мезонлар.
Яхши обрў орттиришнинг энг маъқул усули – тасаввурингиздаги яхши инсонга ўхшашга интилишдир.
Суқрот
Аслида шахс ривожланиши – инсон умумий ривожланишининг муҳим бир қисми ҳисобланади. Шахс ривожланишидан ташқари, унинг жисмоний ва руҳий ривожланиши ҳам мавжуд бўлиб, бу тушунчалар бир-биридан фарқ қилади.
Инсон туғилганидан бошлаб бутун умри давомида шахс сифатида ривожланади. Бу жуда мураккаб жараён бўлиб, ота-она тарбияси, атроф-муҳит, касбий ўсиш эҳтиёжи, ҳаёт қийинчиликлари каби ташқи омиллар унга ўз таъсирини кўрсатади. Бироқ, энг муҳими, ички омиллар ҳисобланиб, улар таъсирисиз шахснинг ривожланиши мумкин эмас. Афсуски, ҳаётдаги реал кузатишлар бўйича, бу омиллар инсоннинг шахс сифатида шаклланишига ҳар доим ҳам ижобий таъсир кўрсатавермайди. Бу нарса, айниқса, бўлажак юристлар учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Чунки ўзини ўзи вақтида ва иложи борича тўлиқроқ англаб улгурмаган юристнинг бошқаларни англаши ва улар устидан муайян хулосаларга келиши ғоят оғир кечади. Юрист фаолиятида учрайдиган аксарият жиддий камчилик ва хатоларнинг илдизи айни шу омил билан боғлиқдир.
Шу туфайли ҳам шахсий ривожланиши жараёнида инсон ўз ички дунёсини англаши ва уни амалда намоён этиши, ҳаётда асқотиши мумкин бўлган хусусиятларни ўзида кашф этиши зарур. Чунки ҳар бир инсон туғма ва кейинчалик орттирилган – ўзлаштирилган хусусиятларга эга бўлади, унинг характери ички ҳамда ташқи дунё таъсирида шаклланади. Инсоннинг атроф муҳитидаги таъсирлар ва ички дунёсидаги кечинмалари унинг характерида жиддий ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин.
Юрист шахси шаклланишини ҳаракатга келтирувчи омиллар.
Инсонда икки хил, яъни позитив ва негатив ички куч бор. Уни шакллантирадиган омиллар ҳам иккига бўлинади:
Ички кучлар (позитив ва негатив)
|
Ташқи кучлар
|
Ҳаракатга ундовчи фикрлар (ижобий/салбий)
|
Атроф-муҳит
|
Одатлар, иштиёқлар, қўрқувлар, қизиқишлар
|
Қандай одамлар билан алоқада эканлиги
|
Эҳтиёжлар, хулқ, ҳиссиётлар
|
Ўқиш жойи (мактаб, коллеж, университет)
|
Болаликдан ривожланадиган мотивация
|
Бошқа ижтимоий алоқалар, телевидение, матбуот, Интернет
|
Инсоннинг шаклланишини олдиндан аниқ билиб бўлмайдиган жараён сифатида таърифлаш мумкин. Уни тўлиқ бошқариб бўлмайди, албатта. Бу жараён инсон тақдирига ва туғма хусусиятларга эга, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Аксинча фикрловчилар ҳам мавжуд. Яъни, улуғ ўзбек шоири Ғафур Ғулом айтганидек, “Тақдирин қўл билан яратур инсон, ғойибдан келажак бахт – бир афсона”.
Дарвоқе: Энг асосий ҳаракатга келтирувчи омил – бу мотивация. Инсонда мотив, сабаб, эҳтиёж бор экан, у зарур йўналишда ҳаракат қилишда давом этаверади. Юристлар шахсининг такомилида ҳам шахсий карьера билан, мутахассиснинг ўз ички интилиш ва мақсадлари билан боғлиқ мотивлар – олдинга қараб тинимсиз ҳаракат қилишга ундовчи ижобий турткилар бўлмоғи даркор.
Юрист ҳам жамиятда яшар, меҳнат фаолиятини юритар экан, ҳар куни турли инсонлар билан турли вазиятларда муносабатларга киришишга мажбур бўлади. Бу эса унинг шахсиятига, маънавий қадриятларига, руҳий ҳолатига ва ақл-идрокига таъсир қилади ва уларда ўз аксини топади. Ҳамма гап мана шу жараёнда юристнинг ўз қиёфасини – инсоний, ахлоқий, касбий, маънавий ва руҳий ҳолатини пок сақлай олиши, ўзи тўғрисида салбий таассурот ҳосил қилиши мумкин бўлган барча негатив ҳаракатлардан тийилиши ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |