Физиологик эҳтиёж меъёрлари ва овқат статуси биомаркерлари. Катта ёшдаги соғлом одамнинг D витаминига бўлган эҳтиёжи 5 мкг (200 ХБ)ни ташкил этади.
Организм D витамини билан таъминланганлигининг биомаркери қон плазмасидаги 25-гидроксикальциферол концентрацияси ҳисобланади. Кальцийнинг ичакларда худди шунга ўхшаш абсорбцияланишидан дарак берувчи меъёрий кўрсаткич камида 50 нмоль/л.ни ташкил этади. Қондаги паратгормон концентрациясининг барқарор бўлиши 25-гидроксикальциферол оптимал даражасининг тасдиғидир.
Етишмаслиги ва ортиқчалигининг намоён бўлиши. D витамини етишмаслигининг сабаблари қуйидагича бўлиши мумкин:
1) болалар хаётининг биринчи йилида фақат кўкрак сути билан боқилганида, D витамини манбаи бўлган қўшимча овқатлардан фойдаланилмаганлиги;
2) ўрта ва шимолий кенгликларда терининг тўқ (қорамтир) рангли бўлиши очиқ рангли терига нисбатан D витаминининг биосинтези интенсивлигини камайтиради;
3) нуроний ёш кальциферол биосинтези интенсивлиги пасайиши, ижтимоий сабабларга кўра инсоляция вақти умуман пасайиши ва ҳайвон маҳсулотлари истеъмоли камайиши билан бирга кечади;
4) ёғ малабсорбцияси синдроми;
5) ичакларнинг яллиғланиш касалликлари (колитлар, шу жумладан, Крон касаллиги, ичаклар резекциясидан кейинги ҳолат);
6) семизлик, бунда ёғ тўқималарида тўпланган D витамини захиралари биофаоллигини йўқотади.
D витамини танқислиги жиддий асоратларга олиб келади. Ўсаётган организмда кальциферол чуқур етишмаганда, у авитаминоз касаллик ҳолати – рахит (яъни, чиллашир) касаллиги ривожланишига олиб келади. Рахит (чиллашир) – минераллар алмашинувини маромлаштирувчи мураккаб витамин-гормонлар дисфункцияси оқибатида қонда кальций ва фосфор концентрациялари камайиши билан боғлиқ тизимли касалликдир. Рахит (чиллашир) намоён бўлишларидан бири – скелетнинг минераллашиш оқибатида нопропорционал ўсиши ва қийшайишидир: енгил кўринишларида – қовурғалардаги тўқималар ўсиши ҳудудлари атрофида остеоид тўқималар қатламлари кўринишида (“тасбеҳ” деб аталувчи тузилмалар пайдо бўлиши), нисбатан оғирроқ кўринишларда – умуртқа ва оёқ (бўкса ва болдир) суяклари қийшайиши сифатида намоён бўлади. Кальций-фосфорли алмашинувнинг бузилиши, шунингдек, астеник синдром, тишлар шаклланиши бузилиши билан бирга кечади. Бунда қон зардобидаги ноорганик фосфорнинг паст концентрацияси ва ишқорли фосфатазанинг ўта юқори фаоллиги қайд этилади. Болалар хаётининг биринчи йилидан бошлаб то 5 ... 6 ёшгача ва ундан кейинроқ ҳам рахит (чиллашир) билан оғришлари мумкин.
Катта ёшли одамда узоқ муддатли кальциферол танқислиги остеопороз ва остеомаляция тарзида намоён бўлиши мумкин. Бунда кальцийнинг сўрилиши ва реабсорбцияланиши пасайган шароитда қон зардобидаги ушбу минерал концентрациясини қўллаб-қувватлаб туриш учун унинг суяклардаги захирасидан интенсив ажратиб олиниши оқибатида суяк тўқималари зичлиги пасаяди (денсиометрияда баҳоланиши мумкин) ва суякларнинг ўз-ўзидан синиб кетиши хавфи пайдо бўлади. Клиник манзараси мушаклар ва суяклар оғриши, уйқу бузилиши, кўп терлаш сифатида намоён бўлади. Қонда 25-гидроксикальциферол концентрацияси кескин камайиши (25 нмоль/л.дан камроқ), шунингдек, паратгормон даражаси ошиши кузатилади.
D витаминининг ошиқчалиги кўпинча унинг дориларини ҳаддан ташқари кўп (20 000 ХБ дан кўпроқ) қабул қилиниши оқибатида келиб чиқиб, гипервитаминозни пайдо қилиши мумкин. Бу ҳолат гиперкальциемия, суяк тўқималари зичлиги пасайиши, ички аъзолар (шу жумладан, юрак, буйраклар ва томирлар) ва тўқималарда кальций ўтириб қолиши (кальцийланиш) билан ифодаланади. Параллел равишда ривожланадиган оксидловчи стресс биомембраналарнинг шикастланишига олиб келади.
Кальциферолни қўшимча равишда қабул қилиш оқибатида пайдо бўладиган гипервитаминоз хавфи бирламчи гиперпаратиреоидизм, саркоидоз, сил ва лимфомалар бўлган инсонларда мураккаб тус олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |