Физиологик эҳтиёж меъёрлари ва овқат статуси биомаркерлари. Каротиноидларнинг ўзига бўлган эҳтиёж ретинол эквивалентининг 60 % и ҳисобида ўрнатиладики, бу эркаклар учун 3,6 мг ва аёллар учун 2,88 мг.ни ташкил этади.
Организм ретинол билан таъминланганлигининг объектив кўрсаткичи қондаги β-каротин ёки ретинолнинг концентрацияси ҳисобланади.
Етишмаслиги ва ортиқчалигининг намоён бўлиши. Каротиноидлар танқислиги организмда фақат ретинолнинг бир вақтдаги алиментар етишмовчилиги кўринишида ўша симптомокомплекслар тарзида намоён бўлади. Бироқ, бунда каротиноидларнинг мустақил (А-витаминли бўлмаган) самаралари, яъни, кўз тўр пардасининг муҳофазаси, антиоксидант фаоллик ва ҳужайралар табақаланишининг генли регуляцияси билан боғлиқ ҳимояловчи-мослаштирувчи механизмлари кучсизланиб қолиши эҳтимолини ҳам ҳисобга олиш керак.
Каротиноидлар ретинолга эврилишга қодирлигига қарамай, уларнинг алиментар ортиқчалиги жигар захираси тўйинганида А витаминига айланмайди. Буни β-каротиннинг катта миқдорда ҳам заҳарловчи самараси йўқлиги билан изоҳлаш мумкин. Дори-дармонлар ҳисобидан ёки β-каротинга бой маҳсулотлар (масалан, сабзи шарбати)ни кўп миқдорда истеъмол қилиш оқибатида β-каротин юқори миқдорда тушганда (30 мг/сут ва ундан кўпроқ), каротинодермия – тери қопламасининг сариқ рангга бўялиши юз бериши мумкин. Худди шунга ўхшаш касаллик белгилари ликопинни ўта кўп истеъмол қилганда ҳам юз бериши мумкин (ликопинодермия). Бундай маҳсулотлар истеъмол қилиниши тўхтатилган ҳолатларда, тери қопламасининг ранги аста-секин ўз ҳолига қайтади.
Хавфли ўсмалар ва юрак-томир касалликларини профилактика қилиш учун узоқ муддат (кўп йиллар) давомида катта миқдордаги (20 ... 30 мг/сут) β-каротиндан фойдаланишнинг имкониятлари ўрганилганда, ушбу витаминни қабул қилган кўп йиллик кашандаларнинг ўпка саратонидан ўлиш ҳоллари ошганлиги ҳақида маълумотлар олингна. Ушбу натижа юқори даражада канцерогенез бўлган одамлар биологик фаол бирикмалардан, шу жумладан, витаминлардан фойдаланишда эҳтиёт бўлишлари зарурлигини тасдиқлайди – тамакини кўп ёки кам муддат чекканлигидан қатъи назар, кашандаларнинг бари шундай хавф остида бўлади.
Ҳомиладор ва эмизикли аёлларда каротиноидларни қабул қилиш худди ретинолникига ўхшаш – учта физиологик меъёрдан ошмаслик тавсия этилади. Бунда таркибида каротиноидлар мавжуд бўлган сабзавот ва меваларни атайлабдан емаслик керак эмас.
D витамини. Кальциферол ёки D витамини – ёғда эрийдиган витаминли мажмуа бўлиб, холекальциферол (D3) ва эргокальциферол (D2) дан иборат бўлади. D3 витамини ультрабинафша қуёш нурлари (В спектри) таъсири остида терида холестерин (7-дегидрохолестерин) дан пайдо бўлади ёки ҳайвон маҳсулотлари билан бирга тушади. D2 витамини ўсимликларда синтезланади ва инсон организмига тушгач, D-витаминли фаолликни намойиш этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |