7.3. Фикрлаш дизайни босқичлари
Фикрлаш дизайни усули олти босқичдан иборат. Ҳар бир босқич икки
қисмдан иборат: дивергент (лат. divergere – тарқалиш) – битта муаммонинг
кўплаб ечимларини излаш, ваконвергент (лат. соnvergere – тўпланиш) –
вазифани ҳал қилиш бўйича йўриқномадан аниқ фойдаланиш.
1-босқич – эмпатия
.
Инсонга йўналтирилган дизайн жараёни маркази.
Эмпатия – ўзини бошқа одамнинг ўрнига қўйиб кўриш ва унинг
ҳиссиётлари, хоҳиш-истаклари, ғоялари ва ҳаракатларини тушунишга ҳаракат
қилиш. Эмпатиянинг асосий жиҳати – бирга қайғуриш онгли равишда рўй
беради. Сиз бир хил ҳиссиётларни бошингиздан кечирасиз, лекин бу
ҳиссиётларнинг ташқи рўй беришини тушунасиз ва танқидий идрок қилишни
сақлаб қоласиз. Эмпатия сиз атайлаб қиладиган нарсалардир. Сизнинг
вазифангиз одамлар НИМА қилиши, буни НИМА УЧУН қилиши, атрофдаги
оламни ҚАНДАЙ КЎРИШИ, қандай ҚАДРИЯТЛАРГА ЭГАЛИГИни аниқлаб
олиш, шунингдек, эмоционал ва жисмоний ЭҲТИЁЖЛАР ҳақида билиб
олишдан иборат.
Эмпатия ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш соҳасини ташкил
этиш ва бошқаришда кўплаб нарсаларни белгилаб беради. Масалан, маҳсулот
ёки лойиҳа ким учун мўлжалланган эканини тушунмасдан, уни амалга ошириб
бўлмайди. Дизайнер ўзининг эмас, бошқа кишиларнинг муаммоларини ҳал
қилади. Яхши дизайн яратиш учун нима айнан унинг учун муҳимлигини
тушуниш мақсадида инсон билан бирга қайғуриш лозим. Одамларни,
уларнинг ҳаракатлари ва атрофдаги олам билан ўзаро муносабатларини
кузатиб, сиз улар нима ҳақида ўйлаётгани, нималарни ҳис қилиши ва
нималарга эҳтиёж сезишини тушуниб оласиз. Айнан шунда одамларга,
уларнинг ишлари ва сўзларига эмпатия намойиш этиш, уларнинг
қадриятларини тушуниш мумкин. Ишонч оҳангидаги суҳбат дизайнерга
одамлар билан ўзаро алоқа қилишнинг тўғри йўллари ва инновацион
ечимларни осонроқ топишга ёрдам беради. Лекин бу принципларни аниқлаб
олиш осон эмас. Бизнинг онгимиз автоматик равишда катта ҳажмдаги
ахборотни қайта ишлайди, шу сабабли кўплаб муҳим жиҳатларни сезмай
қолишимиз мумкин. Одамларга ва турли вазиятларга янгича нигоҳ билан
қарашга эмпатия ёрдам беради.
Сизга яқин бўлган одамлар учун лойиҳалар топиш осон. Масалан, сиз
миллий таомларни яхши кўрасиз ва сиздан танишларингиз оқшом учун промо-
сайт яратишни сўрадилар. Сиз сайт кимлар учун эканлигини, у ерда нималар
бўлиши лозимлигини жуда яхши тушунасиз. Сайтни яратасиз, ўзингиз ҳам
бундан завқ оласиз. Агар мижоз консалтинг ёки юридик компания бўлса, нима
қилиш керак? Бу нейтрал мавзу, лекин одам ўзини қизиқтира олиши, турмуш
тарзи унга таниш бўлмаган бошқа кишининг ўрнига ўзини қўйиб кўра олиши
лозим. Бу пайтда сизнинг профессионаллигингиз текширилади. Фойдаланувчи
оламига шўнғиш, унинг муаммолари ва эҳтиёжларини билиб олиш, у бошидан
кечирадиган тажрибаларни, муҳит билан ва бошқа одамлар билан қандай
алоқа қилишини ўрганиш зарур.
Ахборот тўплаш усули бўйича тадқиқотлар бирламчи ва иккиламчи
тадқиқотларга ажратилади. Бирламчи тадқиқот – бевосита ўзаро алоқа:
интервью, кузатув, экспериментлар ўтказиш. Иккиламчи тадқиқот очиқ
манбалар: статистика, трендлар, ОАВдаги нашрлардан ахборот олишдир.
Иккиламчи тадқиқотлар фикрлаш дизайнида у қадар муҳим эмас, чунки
биринчи ўринда одамларнинг тажрибаси қизиқтиради. Лекин шунга қарамай,
умумий муаммони тушуниш учун йўналиш доирасида бўлган ҳолатларни
билиб олиш, одамлар муаммо ҳақида интернетда нималар ёзиши, қандай
хатолар бўлгани, қандай ечимлар мавжудлиги ва келажакда нималар
лойиҳалаштирилгани билан қизиқиши лозим. Агар гап веб-сайт ишлаб чиқиш
ҳақида борадиган бўлса, рақобатчиларнинг сайтлари, полиграфия
маҳсулотларини кўриб чиқиш, услубларни тадқиқ этиш ва трендларни таҳлил
қилиш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |